Бугун кўпчилик ўйлаганидек, Ислом қўпорувчилик дини эмас, балки тинчлик динидир. Динимиз тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, сулҳ ва омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам “Ас-салом”дир.
“Ислом” сўзи луғатда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Ислом бу – Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.
Бу дин шундайки, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ширинсуханлик билан чиройли муомала қилишга ундайди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломларга ўзини Худоман, деб даъво қилган Фиръавн алайи лаънага ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришга буюрди: “(Эй, Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у (“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 44-оят).
Ва ҳолбуки, Худойи таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: “Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин” дейишликка. Лекин Худойи таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.
Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб–ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”, деб марҳамат қилган.
Моида сурасининг 32-оятида эса: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, деб марҳамат қилинган.
Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.
Ҳадиси шарифларда:
“Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти);
“Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Шундай экан баъзи исломофиячиларнинг муқаддас динимизни ёмон отлиқ қилиб кўрсатишларига қараб турмаслигимиз, ёшларимизни соф Ислом дини таълимоти билан тарбиялаб боришимиз лозим бўлади. Агар биз уларга Ислом дининг асл маъноси инсонларга яхшилик қилиш, руҳий покланиш провардида Аллоҳ таолонинг розилигини топиш эканлигини вақтида тушунтириб қўймас эканмиз, уларни нияти бузуқ шахслар томонидан “овланиб” қолишига имкон яратган бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштириб қўймасин.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани “Уйшин” жоме масжиди имом-хатиби