Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин хулафои рошидинлар давридаёқ мусулмонлар орасида турли адоват ва тарафкашликлар бошланди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мажусийлар етмиш фирқага, яҳудийлар етмиш бир фирқага, насронийлар етмиш икки фирқага бўлиниб кетганидек, умматим ҳам етмиш уч фирқага бўлинадилар. Булардан биттаси абадий нажотга эришадилар, қолганлари эса ҳалок бўладилар”, дедилар.Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нажот топгувчилар кимлар?” деб сўрадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугунги кунда мен ва саҳобаларим турган йўлдагилар”,деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).
Уламолар мазкур ҳадисни ғоявий асос қилган ҳолда бир қанча китоблар ёзишди. Айниқса, бу борада Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад Бағдодийнинг “Ал-Фарқ байна ал-фирақ” (“Фирқалар орасидаги фарқлар”) ва Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристонийнинг “Ал-Милал ва ан-ниҳал” (“Мазҳаблар ва оқимлар”) асари турли кўринишда пайдо бўлган фирқа ҳамда оқимларнинг ғоя ва фаолият услублари баён этилган ҳамда аҳли сунна вал жамоа ақидавий қарашлари асосида уларга қарши раддиялар берилган машҳур ва мўътабар манба ҳисобланади.
Эътиборингизга мазкур асарлардан айрим парчаларни келтирамиз.
Абдулқоҳир Бағдодий асарида мусулмонлар ўртасида содир бўлган бўлиниш ва ихтилофлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб, огоҳлантирган ҳолат эканига юқоридаги ҳадисни мисол қилиб келтиради.[1]
Абдулқоҳир Бағдодий “Ал-Фарқ байна ал-фирақ” асарида мусулмонлар орасида юзага келган бўлиниш ҳамда ихтилофларни қуйидагича баён қилади:
Мусулмонлар жамоаси ўртасида содир бўлган илк ихтилоф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг бошланган. Боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кунлари саҳобалар ўзларини йўқотиб қўйдилар. Баъзилар пайғамбаримизнинг вафотларига ишонган бўлсалар, бошқалар пайғамбар ўлмаган, балки Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтарганидек у зотни ҳам осмонга кўтарган, дедилар. Шунда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар (мушриклар) ҳам ўлувчидирлар» (Зумар сураси, 30-оят) оятини ўқиб: “Кимки Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, Муҳаммад ўлди. Кимки унинг Роббига ибодат қилган бўлса, Муҳаммаднинг Роббиси ҳаёт, ўлмайди”, деганларидан сўнг, бу ихтилоф барҳам топди;
Кейинги ихтилоф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг жасадларини дафн этиш масаласида бошланди. Маккаликлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак жасадларини Маккага олиб бориб дафн этамиз, чунки бу зотнинг туғилган, пайғамбар бўлган ерлари ва исломнинг қибласи – Макка боболари Исмоил алайҳиссаломнинг қабрлари ҳам ўша ерда”, дедилар.
Мадиналиклар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг амри билан ҳижрат қилган ва нусратга эришган ерлари – Мадинага дафн этамиз”, дедилар. Учинчи гуруҳ эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддусга олиб бориб, боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига дафн этамиз, барча пайғамбарлар ҳам ўша ерга дафн этилганлар”, деб даъво қилдилар. Бу ихтилоф ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган: “Албатта пайғамбарлар жонлари олинган ерга дафн этиладилар”, деган ҳадислари билан якун топди;
Учинчи ихтилоф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан кейин ким халифа бўлиши борасида пайдо бўлди. Авс ва Хазраж қабиласидан бўлган ансорий саҳобалар Бану Соида боғига халифа сайлаш учун тўпландилар. Улар Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни халифаликка сайламоқчи бўлдилар. Саъд ибн Убода хутба ўқиб, унда ансорларнинг фазилатини ва биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ни ҳимоя қилганларини айтиб, халифалик ишида ҳеч ким улар билан низолашиши мумкин эмаслигини баён қилди. Ансорлар унинг гапини маъқулладилар.
Шунда улардан бири, агар бунга муҳожирлар рози бўлмаса ва “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг қариндошлари ва яқинларимиз”, дейишса, нима деймиз?” деди. Улардан бири: “Биздан бир амир ва сиздан бир амир бўлади, деб айтасан”, деб айтди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу эса бу тўғри эмаслигини таъкидлади. Ансорларнинг Бану Соида боғида тўпланганлари ҳақидаги хабар тезда Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва бошқа саҳобаларга етди. Улар тезлик билан ўша ерга бордилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўз бошлаб, муҳожирлар биринчи бўлиб мусулмон бўлганлари ва дин йўлида кўп азият чекканларини зикр қилдилар. Шу билан бир қаторда, ансорларнинг ҳам барча фазилатларини бирма-бир айтиб ўтдилар. Утба ибн Абд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Халифалик Қурайшда” (Имом Аҳмад ривояти) деган ҳадисларини эслатдилар. Шунда ансорлар бошлиқларидан бири: “Сиз амир, бизлар эса вазирлар бўламиз”, деди. Натижада халифа Қурайш қабиласидан сайланиши аниқ бўлди ва Абу Бакрга байъат қилинди;
Тўртинчи ихтилоф Фадак[2] қишлоғи масаласида чиқди. Чунки бу жой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида у зотнинг ихтиёрларида бўлиб, вафотларидан кейин қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳу Фадак ерларидан мерос берилишини сўраганлар. Ушбу ихтилоф ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган қуйидаги ҳадиси билан барҳам топди: “Албатта Пайғамбарлар мерос қолдирмайдилар, қоладиган нарсалари садақа бўлади”(Имом Бухорий ривояти).
Бешинчи ихтилоф “аҳли ридда”, яъни Исломнинг асосий фарзларидан бири бўлган закотни адо этишдан бош тортганлар пайдо бўлди. Кўпгина араб қабилалари: “Биз закотни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик, энди у кишидан бошқага бермаймиз”, дедилар. Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга қарши курашди, ихтилофлар барҳам топди.
Навбатдаги ихтилоф Ямомадан пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама Каззоб[3], Сажжоҳ[4], Асвад ибн Зайд Анасий[5] бўлдилар. Мусулмонлар жамоаси уларга қарши уруш олиб боришди.
Ҳадисларда бу каби сохта пайғамбарлар чиқиши ҳақида огоҳлантирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини набий деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларнинг сўнггисиман. Мендан кейин набий йўқдир” (Имом Термизий ривояти);
Бошқа ҳадисда: “Охир замонда сохта пайғамбарлар, ёлғончилар чиқиб, сизлар ва сизларнинг оталарингиз эшитмаган ҳадислардан айтадилар. Бундай қилишга сизларнинг ҳам уларнинг ҳаддилари сиғмасин! Улар сизларни ҳидоятдан буриб, фитнага сола олмайдилар”(Имом Муслим ривояти),деганлар.
Кейинроқ мусулмонлар жамоаси Рум ва Ажам юртларига юришлар олиб бориб, қатор муваффақиятларга эришдилар. Бу даврда улар ягона ақида атрофида бирлашиб, улар ўртасида фақатгина фиқҳнинг фуруъ масалаларида (мерос, авл[6], калола[7], радд[8]) ўзаро ихтилофлар юзага келди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мусулмонлар жамоаси “хулафои рошидин” (632-661 й.й.) Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу ҳамда Усмон розияллоҳу анҳунинг дастлабки олти йили ҳукмронлиги даврида анча якдил эдилар. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг сўнгги олти йили ва Али розияллоҳу анҳунинг тўлиқ даври ички низоларнинг авж олиши билан тавсифланади. Шунга кўра, тарихчи Закои Кунрапа “хулафои рошидин” даврини икки қисмга: олтин давр (632-650 й.й.) ва бош-бошдоқлик даври (650-661 й.й.)га ажратган.
Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳукмронлик қилган йиллари ҳам турли ихтилофлар юзага келган. Аммо халифаларнинг олиб борган кескин ҳамда қатъий чоралари зиддиятларнинг барҳам топишига сабаб бўлган.
Бироқ Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги йиллари фитначилар ошкора фаолият юрита бошлашди. Бу ҳақда Ҳузайфа айтади: “Бир куни халифа Умарнинг ҳузурида ўтирган эдик, у киши: “Қай бирингиз Жаноб Расулуллоҳнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини биласиз?” деб сўради. Шунда: “Барча фитна кишининг ўз хотини, болалари ва қўшнисидан содир бўлади, уни садақа бериш, намоз ўқиш ва амри маъруф қилиш билан даф этадилар, деб айтганлар”, деб жавоб бердим. Умар: “Мен буни назарда тутганим йўқ, мен денгиз каби мавж урадиган фитна ҳақида сўраяпман”, дедилар.
“Эй Амирул мўминин, ундай фитнадан сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан унинг ўртасидаги эшик ёпиқдир!” дедим. Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?” деб сўрадилар.
“Эҳтимол, синдирилади”, деб жавоб бердим. Умар: “Агар синдирилса, абадул абад қайта ёпилмас!” дедилар.
Саҳобалар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: “Ҳазрат Умар ўша эшикнинг ким эканлигини биладиларми?” деб сўрашди. Ҳузайфа: “Ҳа, албатта, мен эртанги кун келишидан аввал тун бўлишини билганимдек яхши биладилар, чунки мен у кишига Расулуллоҳнинг бу ҳақдаги ҳадисларини айтиб берганман”, деди. Сўнгра ўша эшик ҳақида бошқа савол беришга тортиниб, Масруққа: “Сен сўрагинчи!” дедик. У сўраган эди, Ҳузайфа: “Ўша эшик Умарнинг ўзидир”, деб жавоб берди(Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисда маълум қилинганидек Умар розияллоҳу анҳу даврларида фитна эшиги синдирилди. Натижада, Ислом душманлари фитна уюштириб, Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд уюштиришди. Шундан сўнг, фитналар бир-бирига уланиб кетаверди, синдирилган эшик ҳамон ёпилгани йўқ.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат берилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўн икки йил халифалик қилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўзларидан олдин ўтган раҳбарларнинг ишларини давом эттирди. Қуръони карим қироатида чиққан ихтилофларни бартараф этиш бўйича кўрган чора-тадбирлари асрлар оша мусулмонлар учун катта илмий қоидага айланди.
Бироқ, Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирига келиб, Ислом таълимотларига зид фикр ва ғояларни тарқатадиган фитначилар пайдо бўлди. Айниқса, ўзини мусулмон қилиб қўрсатган Абдуллоҳ ибн Сабаъ[9]нинг нотўғри эътиқодий қарашлари кўпгина фитна-фасодларни келтириб чиқарди. Абдуллоҳ ибн Сабаъ: “Исонинг қайтишини тасдиқлаб, Муҳаммаднинг қайтишини тасдиқламаганлардан ажабланаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халифаликни Алига васият қилиб кетганлар, Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффонларнинг халифалиги ноҳақ. Шунинг учун халифаликни ҳақиқий эгасига қайтариш вожиб бўлади”, деб айтарди.[10]
Унинг бузуқ даъволари Ислом умматининг тафриқага, исёнга тушишига, ҳатто, Усмон розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишига олиб келди.
Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳи “ал-Авосим мин ал-Қавосим” номли асарида Явмуддор яъни Усмон розияллоҳу анҳу фитначилар томонидан қамал қилинган куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар қуйидагича тавсифланади:[11]
- Динда ғулувга кетганлар – ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган камчиликларни бошқаларга катта айб қилиб қўйдилар. Ўзлари эса уларни инкор қиламан деб, ҳалокатга олиб борувчи гуноҳлаишди.
- Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан аччиғи чиққанлар, қалби ҳиқду ҳасадга тўлганлар эди.
- Усмон розияллоҳу анҳунинг адолатини кўтара олмаганлар. Улар ўзларининг ҳақлари йўқ раҳбарлик лавозимига таъма қилдилар ва шунга интилдилар.
Халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши Ислом оламида давомий ихтилофлар бошланишига сабаб бўлди. Хулафои рошидинларнинг тўртинчиси бўлмиш Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ички исёнлар кескин авж олди. Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимига сабаб бўлган фитнани бостириш билан машғул бўлди. Қолаверса, янада хатарли фитна ва гуруҳлар, хусусан, Исломдаги илк диний-сиёсий оқим – хорижийлар оқими пайдо бўлди.
Абдулқоҳир Бағдодий Ислом уммати ўртасидаги сиёсий бўлиниш Али розияллоҳу анҳунинг халифалик давридаги “Жамал воқеаси”[12], саҳоба Муовия, “Сиффин”[13] иштирокчилари ҳамда Абу Мусо Ашъарий ва Амр ибн Оснинг чиқарган ҳукмлари сабабли пайдо бўлгани ҳамда бу ихтилоф ҳозиргача давом этаётганини таъкидлайди.[14]
Ҳақиқатдан, “Сиффин” жангидан (657 й.) сўнг Исломдаги энг биринчи ва очиқ кўринишдаги сиёсий бўлиниш кузатилди. Унда халифа Али розияллоҳу анҳунинг “ҳақиқий ворислик (халифалик)” ҳуқуқига эга деб ҳисоблаган тарафдорлари ўртасида норозилик пайдо бўлиб, икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ Али розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи ҳокимияти томонида бўлиб, шиа – гуруҳ, тарафдорлар деб аталди. Иккинчи гуруҳ эса хорижий – ажралиб чиққанлар номини олиб, Муовия билан кечган мазкур урушни музокара орқали тўхтатишга розилик бергани учун Али розияллоҳу анҳуга қарши бўлдилар.
Муҳаммад Шаҳристоний: “Хорижийлар ҳадларидан ошиб, ҳатто халифа Али розияллоҳу анҳуни куфрда айбладилар”, деб ёзади (Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний. Ал-Милал ва ан-ниҳал. – Байрут. Дар ал-Кутуб ал-илмия. 1992. – Б. 106).
Хорижийлар умавийлар ҳукмронлиги даврида катта сиёсий кучга айланиб, мамлакатда доимий фитна ва беқарорлик келтириб чиқарган. Улар ҳокимият учун курашда минглаб мусулмонларнинг ҳаётига зомин бўлиш билан бирга, эътиқодий масалаларга ҳам тажовуз қилишган. Масалан, уларнинг эътиқодига кўра, бирор бир мусулмон гуноҳ ишларга қўл урса имондан ажраб, кофир бўлади. Бундай мусулмоннинг қони, моли ҳатто фарзандларини ўлдиришликни ҳам жоиз санашган. Хорижийлар ўз йўлларига юрмаган, қўзғолонларида иштирок этмаган мусулмонларни “имонсиз”, “кофир” ҳисоблашиб, уларга нисбатан уруш (жиҳод) олиб боришни таъкидлашган. Улар қўллаган бу “услуб”лар бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида, айниқса ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашда давом этмоқда.
Хусусан, ҳозирги кундаги террорчи ташкилотлар хорижийларнинг айни кўринишидир. Чунки ягона халифалик ўрнатишга интилаётган оқим аъзолари ва умуман сиёсий раҳбарларга бўйсунишдан бош тортиб исёнчилик тарафдори бўлган барча дин ниқоби остидаги оқимлар хавориж номи остида бирлашадилар. Айни шу эътибордан ҳозирги баъзи бир тоифаларда юқорида зикр қилинган сифатлардан борлигини эътиборга олиб, уламоларимиз уларни замонамиз хаворижлари, деб атаганлар. Чунки уларнинг хорижий дейилишига сабаб хорижийларнинг расмий давлат раҳбарига дастлаб қарши чиққанликларидир.
Қози Иёз (ваф. 528/1136 й.й.) “Шарҳ Саҳиҳи Муслим” китобида Мовардий (ваф. 448/1058 й.й.)дан нақл қилиб, Ислом уламолари асосий мусулмон жамоасидан ажралган бундай фирқаларни диндан чиққанини таъкидлайди. Шу сабабли, аҳли сунна вал жамоа уламолари томонидан: “Қайси замон ва маконда бўлмасин, мусулмон раҳбарга итоат қилишдан бош тортган киши хорижийлар тоифасидан саналади”, деб қарор қилинган.[15]
Имом Барбаҳарий айтади: “Мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши чиққан ҳар қандай киши мўминларнинг тинчлигини бузувчи ва ҳадисларга зид иш қилувчи хорижийдир. Унинг ўлими жоҳилия ўлими билан тенгдир”.
“Ал-Азҳар” университетининг собиқ раҳбари Доктор Аҳмад Умар Ҳошим дин ниқоби остида фаолият юритаётган ташкилотларни “ҳозирги аср хорижийлари” дейди: “Террорчи ташкилотлари ғояларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлаб берган хорижийларнинг ақида ва сифатлари бор. Бу сифатларнинг энг муҳими динда адашишдир. Яна бир жиҳати, уларга тўғри йўлни ажрата олмайдиган уқувсиз йигит раҳбарлик қилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Охири замонда ёшлари кичик бир қавм чиқади…”. Уларнинг сифатларидан яна бири шуки, улар шаръий илмдан бехабардир. Улар оят ва ҳадисларни нотўғри, хато таъвил этиб, ишончли олимларга мурожаат қилишмайди. Шу боис, бу тоифа ўзи адашгани етмаганидек, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздирмоқда”.
Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Аҳмад Маъбад ҳозирда фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар хорижийлар каби мусулмонларнинг қонини тўкиш, уларни обрўсизлантириш ва мол-мулкларига тажовуз қилишни ҳалол деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлайди.
Фирқалар салафи солиҳлар даврида бирданига, бир вақтда пайдо бўлмаган. Балки бу фирқалар ҳар хил даврларда, бир-биридан узоқ ўлкаларда вужудга келган. Бидъатларнинг зоҳир бўлиши учинчи асрнинг бошларига тўғри келади.
Биринчи давр (…- 37- ҳижрий йиллар)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим йигирма уч йил мобайнида нозил бўлди. Дин мукаммал бўлиб, неъматлар батамом бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг иродаси билан фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар .
Ана шу вақтларда саҳобалар Қуръонни эшитиб, имон келтириб, маъноларини тўла англаб, ичидаги нарсаларга амал қилар эдилар. Гоҳида Аллоҳ таолонинг зоти, исм ва сифатлари, ишлари, қиёмат куни, унда бўладиган ҳодисалар, қиёмат қийинчиликлари, жаннат, дўзах ва яхши ишларга мукофат, ёмон ишларга эса жазо борасида ғайбиёт (ғайб)га оид оятлар нозил булар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни инсонларга еткизиб, баён қилиб берар эдилар. Саҳобаи киромлар уларни ёдлаб, тушуниб ундаги нарсаларга имон келтирар эдилар. Бу ҳукмлар қаршисида бирор бир саҳобани иккиланганлиги ривоят қилинмаган.
Биз саҳобаларни уларга хитоб қилинган нарсаларни тўла фахмлаганлар деб эътиқод қиламиз. Ундай бўлмаганда сахобалар тушунмаган нарсаларини маъноларини баён қилиб беришни сўрар эдилар. Чунки масала – эътиқод масаласи эди. Эътиқод масаласида нотўғри тушинчага бориб ихтилоф чиқарганларга қарши қурол кўтарганлар. Тўғри, саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи шаръий ишларни сўраганлар. Лекин у ишлар эътиқодий эмас, амалий ишлар эди.
“Мифтаҳус саода” китоби муаллифи :
“Саҳоба розияллоҳу алайҳимлар саодат асрида ягона ақидада эдилар.Чунки улар ваҳий замонини топиб, унинг соҳиби суҳбатига мушарраф бўлганлар. Улардан иккиланиш, шак – шубҳа зулмати йироқ бўлган”.
Уламоларимиз : “Мўминларнинг энг бахтлиси, умматнинг имони комили саҳобаи киромлар кўпгина ҳукм масалаларида баҳс қилганлар. Лекин, Аллоҳга ҳамд бўлсин, Аллоҳнинг исм – сифатлари, ишлари борасида бирор бир масалада тортишмаганлар. Яшаган даврлари ҳар қандай разиллик, ихтилоф, фитналардан холи бўлган. Ихтилоф, тушунмовчиликлар пайдо бўлган замониёқ муолажа қилиниб, ўнгланар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида баъзи саҳобалар қадар ҳақида гапирдилар. У зот ғазаб қилиб, уларни бу ишдан қайтардилар, қайтдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида баъзи саҳобалар қадар мавзусига чуқур кетишган, лекин бу қайта такрорланмайдиган оризий тортишув эканлигини ифода қилади. Улар шунга ўхшаш ишлардан тийилдилар. Уларнинг бирортасидан бу тортишувларни қайтаргани ривоят қилинган эмас. Балки улардан кейинчалик пайдо бўладиган қадарияларга раддиялар ривоят қилган. Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида жузъий, тезда барҳам топадиган тортишувлар бўлган.
Собиғ исмли киши Қуръони каримнинг муташобеҳ оятлари ҳақида сўраганида Умар розияллоҳу анҳу тавба қилгунича калтаклаган.
Лалкоий раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Сулаймон ибн Яссор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
“Бани Ғанимлик Собиғ Ибн Исл исмли киши бор эди. Ҳузурида китоблари бўлиб, Қуръони каримнинг муташобеҳ оятлари ҳақида сўрай бошлади. Бу гап Умарга етиб борди. Келиши учун одам юборди. Хурмо пўстлоғидан ясалган қамчилар тайёрлатиб қўйди. Собиғ келиб Умарнинг олдига ўтирди.
-“Сен кимсан?”.
-“Мен Абдуллоҳ Собиғман”.
-“Мен Абдуллоҳ Умарман”, – деди Умар. Қамчилар билан урушга ишора қилди. Чунонан урдиларки, боши ёрилиб қон оқа бошлади.
-Етарли! Эй амирал мўъминин. Аллоҳга қасам, бошимда ўйлаганларим кетди.
Бу ҳадисдан ана шу давр бидъат ва эътиқодий бузуқликлардан йироқ бўлгани кўринади.
Иккинчи давр (37-100 ҳижрий йиллар)
Бидъатларнинг бошланиши мана шу даврга, Али розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларининг ярмига тўғри келади. Сиёсий хилофларга саҳобаларнинг ўз ижтиҳодлари билан чиқарган ҳукмларидан фойдаланиб баъзи кишилар бидъат чиқардилар.
Али розияллоҳу анҳу даврида хавориж ва шиъа фирқалари пайдо бўлди. У икки фирқа бир-бирига қарама-қарши, бири у зотни куфрга нисбатини бериб, айбласа иккинчиси у зотга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлайдилар.
Кейинчалик, Қадарий ва Муржиа фирқалари вужудга келди.
Учинчи давр (100-150 ҳижрий йиллар)
Иккинчи асрнинг бошларида ўзидан кейингиларни адаштириб, ашаддий бидъатларни тарқатган учта шахс:
Восил Ибн Ато;
Жуъд Ибн Дирҳам;
Жаҳм Ибн Софвонлар чиқди.
Восил Ибн Ато ал-Басрий Мадинада 70-ҳижрий санада таваллуд топган. Мўътазила фирқасининг асосчиси. Ҳасан Басрийга шогирд тушган. “Икки манзил орасидаги манзил” бидъатини чиқарганидан сўнг мажлисидан чиқарилган ва ўзига хос алоҳида мажлис тузган. Мазҳабини шакллантириш мақсадида фикрига қўшилганларни ўз атрофига тўплаган. У 131-хижрий йилда вафот этган.
Жуъд Ибн Дирҳам Сувайд Ибн Ғафланинг мавлоси (озод қилган қули). Асли Хуросонлик. Дамашқда яшаган. “Қуръон махлуқ” деган бидъатни чиқарганидан кейин Бану Умайя қистовга олди. Кўфага қочиб Жаҳм Ибн Софвонга қўшилди. Уни Кўфа амири Холид Ибн Абдуллоҳ ушлаб Қурбон ҳайити куни қатл қилди.
Жаҳм Ибн Сафвон Абу Меҳроз ас-Самарқандий Термизда чиқиб Балхга кўчиб борган. Уни Салм Ибн Ахроз Исфаҳонда 128- ҳижрий йилда қатл қилган.
Тўртинчи давр (150-234 ҳижрий йиллар)
Бу даврда янги бидъатлар пайдо бўлмади. Фирқалар бир-бирига киришиб уларнинг сони тўрттани ташкил этди.
- Хавориж
- Шиъа
- Мўътазила
- Муржиа
Шиъалар Мужассималарга, Мўътазилалар Қадарий ва бир қисм Жаҳмийларга, Жабриялар эса Муржиа ва бошқа фирқаларга киришиб кетди.
[1] Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад Бағдодий. Ал-Фарқ байна ал-фирақ. – Байрут. Дар ал-маърифа, 1986. – Б. 6-7
[2] Ҳижоз шимолида, Хайбар яқинида жойлашган қишлоқнинг номи. Аҳолиси яҳудийлар бўлиб, улар ғалла ва хурмо етиштиришган. Исломнинг илк даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузишган.
[3] Абу Сумома Мусайлама ибн Бакир ибн Ҳабиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларидаёқ пайғамбарлик даъвосини қилган ва пайғамбарликка шерик бўлишни талаб этган. Унга “Ал-Каззоб” деган лақабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берганлар.
[4] Умму Содир Сажжоҳ бинти Ҳорис ибн Сувайд. Ямомалик аёл Пайғамбаримиз ҳаётлик вақтларида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан.
[5] Айҳала ибн Каъб ибн Авф Анасий. Пайғамбаримиз ҳаётликларида яманликлардан тарафдор тўплаб, пайғамбарлик даъвосини қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни “Санъонинг каззоби” деб атаганлар.
[6] Луғатда “Ҳаддан ошиш, жабр қилишга мойил бўлиш” маъноларини билдиради. Мерос илми истеълоҳида мерос тақсимланганда ҳақ эгалари улуши аслида бор улушлардан ортиб кетиши “авл” дейилади. Авлнинг машруъ эканига Умар розияллоҳу анҳу бошчиликларидаги барча саҳобалар ижмо қилишган.
[7] Мерос илмида зурриёти ва аждоди бўлмаган одам, яъни вафот этганида бола-чақаса, невара-чеваралари, ота-она, бобо-бувилари қолмаган киши “калола” дейилади.
[8] Луғатда “қайтариш” маъносини англатади. Мерос илми истеълоҳида эса авлнинг аксини билдиради. Уламолар раддни қуйидаги таърифлайдилар: “Радд насабий фарз соҳибларидан ортиб қолган нарсани насаби бўлмагани туфайли яна уларга улушларига биноан қайта тақсимлашдир”.
[9] Абдуллоҳ ибн Сабаъ қаердан келиб чиққани ҳамда у борасида Ислом тарихи уламолари қуйидаги бир неча хил фикрда бўлганлар: Биринчи тоифа вакиллари: Имом Табарий, Бағдодий, Балозурий, Ибн Касир, Мақризий, Ибн Ҳазм ва бошқа кўплаб уламолар Абдуллоҳ ибн Сабаънинг асли келиб чиқиши яҳудий миллатидан эканини айтганлар. Замонамиз олимларидан Имом Муҳаммад Абу Заҳра ҳам шу каби фикрни билдирган. Зеро, юқорида санаб ўтилган олимлар Ислом тарихи илми буйича энг кўзга кўринган, кўпчилик эргашадиган, ишонадиган олимлардан ҳисобланадилар. Ушбу олимларнинг фикрига кўра, Абдуллоҳ ибн Сабаънинг асли келиб чиқиши кўчманчи яҳудий ҳалқлардан бўлиб, 800 милодий йилларда шимолий Ямандан жанубий Яманга уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлингани боис кўчиб ўтишган. Ушбу фикрни Доктор Солиҳ Али ҳам “Арабларни тарихи борасида муҳозара” номли китобида келтирган. Иккинчи тоифа уламолар: Абдуллоҳ ибн Сабаъни асли римлик бўлган, деганлар. Лекин бу фикр тарофдорлари ниҳоятда оз бўлиб, маълум бир қисмни ташкил этган. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: “Абдуллоҳ ибн Сабаъ асли римлик бўлиб, Ислом динини қабул қилгандан сўнг дин борасида кўпгина бидъатларни пайдо қилди”, дейди. Учинчи тоифа вакиллари: Абдуллоҳ ибн Сабаъни асли келиб чиқиши яҳудий эмас ҳамда у қайси миллатга хос эканлиги борасида етарлича далиллар келмаганини айтганлар. Бу фикрни Ислом тарихчиларидан баъзилари, шунингдек, шарқшунос олим Ҳадгоссон италиялик шарқшунос Леви Делла Видани сўзини далил қилиб, айтган. Туртинчи тоифа эса: “Тарихда бундай шахс бўлмаган, балки бу гаплар барчаси тўқима нарсалардир”, деган фикрни айтганлар.
[10] Доктор Мустафо Шака. Ислам била мазаҳиб. – Қоҳира. Ад-Дар ал-Мисрия ал-Лубнания, 1989. – Б. 537
[11] Абу Бакр ибн Арабий. Ал-Авосим мин ал-Қавосим. – Байрут. Дар ал-кутуб ал-илмия, 1988. – Б. 320
[12] Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қатл этилганидан сўнг унинг қотилларини жазолаш учун Мадина аҳли душманлар фитнасига учиб, Оиша розияллоҳу анҳо бошчиликларида Али розияллоҳу анҳуга қарши милодий 656 йилда Шомга юриш қилишган. Мадиналиклар туя миниб олганликлари учун “Жамал (туя) воқеаси” номини олган.
[13] Сурия (Шом)нинг шимолида, Фурот дарёси ўнг соҳилидаги бир мавзенинг номи. Бу ерда ҳижрий 36 (милодий 656) йили Ислом душманларининг фитнаси туфайли халифа Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан Шом волийси Муовия қўшинлари ўртасида жанг бўлган ва унда ҳар икки томондан етмиш минг мусулмон қатл этилган. Тўқнашувга халифа Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилиши сабаб қилинган. Жанг сулҳга келишилиб тўхтатилган. Шундан сўнг, халифалик Муовия қўлига ўтди ва умавийлар салтанатига асос солинди. Али розияллоҳу анҳу тарафдорларидан бир гуруҳи у зотни ғалабани бой беришда айблаб, қўшинни тарк этишди ва хорижийлик оқими юзага келди.
[14] Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад Бағдодий. Ал-Фарқ байна ал-фирақ. – Байрут. Дар ал-маърифа, 1986. – Б. 35
[15] Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад Бағдодий. Ал-Фарқ байна ал-фирақ. – Байрут. Дар ал-маърифа, 1986. – Б.19
ТИИ МСБ талабаси Якубов Баҳриддин