Ислом – илм ва маърифат дини

1396

Юртбошимиз томонидан 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши биз дин ходимларини ҳам гоят тўлқинлантириб юборди.Чунки Ислом дини ўзи-илм ва маърифат динидир.Бу бизга катта куч ва гайрат багишлаб,бу йўлда астойдил маъсулият билан хизмат қилишимизга илҳом бермоқда. Юртимиз истиқлолининг аввалги кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор берилмоқда. Мана шу сабабдан ҳам маданий меросимиз дурдоналарини излаб топиш, асраб авайлаш, сақлаб қолиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича истиқболли режалар тузилди, улуғ алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳар томонлама, ҳолисона ўрганила бошланди. Аллоҳга шукрлар қиламиз, ҳақиқатни тан оламизки мана шундай улуғларимиз тариқат ва шариат пешволарининг (Аллоҳ уларни ўз рахматига олсин) мақбаралари давлатимиз томонидан обод гўшаларга айлантирилди ва уларнинг ёзган асарлари ва қўлёзмалари хурмат билан сақланмоқда ва амал қилинмоқда. Қимматли асарлари билан нафақат ислом олами, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Ахмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ва шулар каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жихатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий- маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл мохияти ва ахамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам нихоятда зарурдир. Мақсадимиз кимнидир нимададир айблаб, юзини шувут қилиш эмас. Бироқ бу муборак динимизнинг асл мазмуни мохиятини  бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб индамай қараб туриш ҳам инсофдан эмас. Мустақиллик йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга эътибор қаратилиши масжидлар, мадрасалар ва бошқа диний ташкилотлар билан бир қаторда тариқат вакилларининг ҳам фаолиятига кескин туртки бўлди. Натижада  Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли худудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Баъзи бир инсонлар  илмсизлиги ва ишонувчанлиги сабабли баъзи бир сохта пирларга қўл бериб уларга мурид бўлиб, шариатимизга зид холда амал қилиб, керак бўлса оила –ахлларига этиборсиз бўлиб келишмоқда. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни ислом таълимоти, шариат ахкомлари ва ижтимоий хаётдан узоқлашган холда талқин этмоқда.

Мисол келтирамиз:

  • “Пири йўқнинг пири шайтон” деган даъво илгари сурилади. Исломда бирор –бир шайхга мурид бўлиш хеч кимга фарз қилинмаган;
  • “Кечаси тахажжуд намоз ўқиш фарз” деб хисобланиб , “Исро” сураси 79-ояти далил қилиб келтирилади. (“ Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун тахажжуд намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”) Уламолар юқоридаги оят фақат Мухаммад (а.с) га аталган, деб тафсир қиладилар.(Тафсири Жалолиддин Суютий) Бинобарин, Аллоҳ таоло баъзи амалларни Мухаммад (с.а.в) га хослаб айтган бўлиб, уларни адо этиш одамларга машаққат туғдириши ва уларнинг мазкур амалга тоқати етмаслиги жихатидан кўплаб сахих хадисларда сахобалар ушбу амалларни ўзларига одат қилиб олишларидан қайтарилганлар;
  • Гўёки“пирга мурид бўлганларнинг қазо бўлган намози ва рўзаси соқит бўлади” деб хисобланади. Улар далил қилиб олган “Фурқон” сураси 70-оятини (“Илло , кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гунох) ларини яхшилик (савоб) ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва рахмли Зотдир”) Уламолар ушбу оятни ислом динини энди қабул қилаётган одамларга тааллуқли деб тафсир қиладилар.
  • Гўёки “тариқатга кирган кишига илм шарт эмас” деб хисобланади. Вахоланки , Пайғамбаримиз (а.с) “Илм талаб қилишлик хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир” деб мархамат қилганлар. Ўтган улуғ тасаввуф пешволари хеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар.
  • Айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг тахоратидан қолган сувни истемол қилиниши холатлари учрайди. Бу ҳам шариатга зид амал бўлиб, Имом Раббоний: “Тахоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақихлар уни ичишдан ман этганлар”, -дейди.
  • “Шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам тахорат олганидан сўнг даррров ўқиб олиш зарур”-деб хисоблашади. Вахоланки, Мухаммад (с.а.в)дан ворид бўлган саҳиҳ хадисларда кун чиқаётган пайт, Қуёш тиккага келганидан оғишига қадар, Қуёш ботаётган пайтда намоз ўқилиши мумкин эмаслиги очиқ- ойдин баён этилган. Бу масала фиқх китобларида намоз ўқилиши макрух бўлган ва жоиз бўлмаган вақтлар деб санаб ўтилган.
  • Яна Самарқанд вилояти худудидада фаолият юритаётган сохта тариқатлардан бири халқ орасида “қора саллалилар” деб ном олган жамоада:
  • “ясама тишли имом орқасида намоз ўқиб бўлмайди”, деган даьволарига жавобан Ханафий мазхаби уламолари Имоми Аьзам ва Имом Абу Юсуф тишга пломба қўйиш ва тиш устига қоплама қилишга рухсат берганликларини,фиқхий китобларда “танада машаққатсиз ювилиши мумкин бўлган жойларни ювиш фарздир” дейилгани каби раддияларни келтириш мумкин.
  • “намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макрух” деб билишлари Ханафий мазхаби асосчиларининг Қурьон тиловати Пайғамбаримиз суннатлари ва сахобаларнинг яхши кўрган амалларидан эканини хисобга олган ҳолда намоздан кейин тасбнх айтиш, “Оят ал-Курсий” ва Қурьон тиловат қилиш бўйича жорий қилинган қоидаларига зид келади.
  • “Мухаммад (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидьат” (янгилик) деб биладилар ва инкор этадилар. Расулуллоҳнинг даврида бўлмаган ҳар нарсани бидьат – адашишлик деб билиш тўғри бўлмайди. Чунки нахв ва сарф илми каби динимизнинг муқаддас китобини тушунишимизга ёрдам берувчи илмлар, талабаларга диний ва дунёвий илмлардан сабоқ берадиган, мутахассислар тайёрлайдиган мадрасалар, компьютердан дин илмларини ўрганиш каби нафақат мусулмонлар, балки барча инсониятга фойдали бўлган амаллар ўша даврда бўлмаган. Шунинг учун уламолар бидьатни икки қисмга бўлдилар. Мусулмонларга, дин ривожига, барча инсониятга фойдали бўлгани яхши бидьат, унинг акси бўлса ёмон бидьат хисобланади.Жумладан Имом Шофеьий (р.а.) “Суннатга мувофиқ бўлган бидьат бу яхши бидьат ва унга хилоф бўлгани ёмон бидьат”,- деб билганлар.

   Аллоҳ таоло юртимизга истиқлол неьматини бериб, бунинг сабабидан     диний эркинликка эришдик. Масжид-мадрасаларимиз чиройли фаолият юритиб келяпти. Аввалда яшаб ўтган шариат ва тариқат пешволарини номлари улуғланди. Ҳозирги пайтда айрим жойларда чиқаётган “сохта” тариқатчиларнинг кирдикорларини ошкор қилиш ва ёшларимизни буларнинг фитналаридан огоҳ этиш шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Аллоҳ таоло юрт-элимизни тинч-омон қилсин ва  халқимизни илм ва маърифатда ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда  Ўзи мададкор бўлсин. Омин.

И.Ортиқов.

 Олтинкўл туман

“Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби