Хурмо – шифобахш мева

1076

Рамазон ойида араб хурмоси каби мева билан оғизни очиш одат бўлиб қолган. У жуда фойдали мева, унинг шифобахшлигини айтиб, тугатиб бўлмайди.
Шунингдек хурмо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам севган мевалардан бири бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадиси шарифларида: “Агар сизларда хурмо бўлса, у билан оғиз очинглар, агар бўлмаса, сув билан. Чунки бу покланишдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Араб хурмоси минерал ва витаминларга бой мевадир. Унинг таркибида мавжуд бўлган, организмга керакли 23та аминокислота бошқа меваларда учрамайди. Араб хурмосини доимий равишда, кунига камида 3-4 дона еб турилса, кўп касалликларга даво бўлиши исботланган. Бу мевадан кунига 3-4 та ейиш танангизни ёшартиради. Бу мева овқат ҳазм қилишни яхшилайди, юракда қон айланишини меъёрга келтиради. Холестеринни камайтиради. Араб хурмоси иштаҳани пасайтиради. Оқ шакар ўрнини босади, озишда ёрдам беради. У темирга бой, 100 грамида одам организмидаги темирнинг бир суткалик меъёрининг 11 фоизини сақлайди.
Инсон вужудига ошқозон ости безида инсулиннинг бир маромда ажралишини таъминлашга ёрдам беради ва шу тариқа қондаги қанд миқдорининг ошиб ё тушиб кетмаслигига ҳисса қўшади. Шунингдек, юкли аёлларда дард келишини енгиллаштиради. Бу хислат Марям сурасида қуйидагича ифода этилган:
“Бас, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти тубига олиб борди ва у деди: «Қани эди, мана шундан (туғишдан) олдин ўлиб, бутунлай унутилиб кетсам”. “Шунда (хурмо дарахтининг) остидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Роббинг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди”. “(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, токи у (Менинг қудратим билан) сенга янги хурмо меваларини тўксин!”. “Бас, еб-ичгин ва шод бўлгин!..” (“Марям” сураси, 23-26-оятлари).
Хурмо таркибидаги фруктозанинг юксак миқдори инсон танасига қувват бағишлайди ва унинг зийраклигини оширади. Ҳомиладор аёлларни дард тутган вақтда ширинлик ва қувват бўлувчи таомлар ейишга ташвиқ этилишининг сабаби ҳам шу. Туғиш вақтида қувватини йўқотиб, заифлашиб қолган аёллар яна кучга тўлиб олиш учун хурмо есалар кўп фойдали бўлар экан. Айниқса, эмизикли даврида сут гормонларини фаоллаштириб она сутининг ортишига ҳам фойда беради. Тўқималарга жуда бой бўлгани боис ичакларнинг фаолиятини тартибга солади ва қабзиятга қарши ажойиб дори вазифасини ўтайди.. Шунингдек, ичак саратонига йўл очиши мумкин бўлган биокимёвий моддаларнинг камайишига ёрдам беради. Буюк Роббимиз Биби Марямнинг тўлғоғи яқинлашган вақтда унга: “Хурмо е!” деб амр этишининг мўъжизаси ана шунда.
Хурмоларнинг машҳурлари Мадина шаҳарида бўлади. Мадина хурмолари ичида энг афзали “Ажва” деган хурмодир.
Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ривоятлар ворид бўлган. У жаннат меваларидан, унда шифо бор, ким етти дона ажва хурмосидан еса, унга сеҳр таъсир қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари муборак қўллари билан Мадинада ана ўша ажва хурмосини экканлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ажва жаннатдан тушган мева бўлиб, унинг суви заҳарланишга даводир” – дедилар”. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти)
Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, унинг отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким (оч қоринга) эрталаб ажвадан етти дона еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сехр ҳам зарар қилмайди», дедилар». (Учовлари ва Насоий ривоят қилганлар).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Бемор бўлдим. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. У зот қўлларини икки кўкрагим орасига қўйдилар. Унинг совуғини қалбимда ҳис этдим. Сўнгра у зот: “Сен юраги хаста одам экансан. Сақифлик Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган одам. Бас, у Мадинанинг ажвасидан етти дона хурмо олиб, данаги билан туйсин. Сўнгра сенга ичирсин”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

 

Манбалар асосида 

Бўстон тумани “Дўрмонча” масжиди имом хатиби

Абдукарим домла Мелибоев