ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШИМ, ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: МИССИОНЕРЛАР…

1293

Кейинги йилларда талаффузимизда «миссионерлик ҳаракати» деган ёт сўзлар пайдо бўлдики, унинг тинч ҳаётимизга ҳавф солишга, иймонимиз-эътиқодимизга дарз етказишга қаратилганига гувоҳ бўлдик. Афсуски, бу ҳаракат оқимига тушиб қолганлар бегоналар эмас: бизнинг ватандошимиз, бизнинг замондошимиз, бизнинг қондошимиз, бизнинг қадрдонимиз…
Миссионерлар кўпроқ хорижда ишлаётган ёки таълим олаётган ёшларнинг нозик туйғуларидан фойдаланишга уринишади. Ишонувчан ўсмирлар улар учун яхшигина «ўлжа» бўлиши мумкин. Бизнинг бепарволигимиз эса фожиага йўл очаверади.
Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир.
Миссионерлик сўзи лотин тилидаги “миссо” феълидан олинган бўлиб, “юбориш, вазифа бериш, топшириш” миссионер эса вазфани “бажарувчи” деган маънони англатади.
Миссионерлик ҳаракатлари аслида узоқ ўтмишга эга бўлиб, унинг илдизлари эрамизнинг бошларига бориб тақалади.
Ўзбекистон истиқлолга эришгач, юртимизга турли ғоя ва мафкуралар кириб кела бошлади. Улар орасида ғаразли мақсадларни кўзлаган миссионерлар ҳаракати алоҳида ажралиб туради.
Бундай ҳаракатлар сабабли жамиятда ихтилоф, бўлиниш, фитна учун етарли омил пайдо бўлади. Ҳолбуки, фитна-фасод, бузғунчилик қилиш инсонларнинг ўзаро аҳил бўлиб яшаши тўғрисидаги илоҳий таълимотга мутлақо зиддир. Қуръони каримда: «…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…», деб очиқ айтилган.
Айрим ватандошларимиз ҳорижга ишлаш ёки таълим олиш учун бориб, кутилмаганда ўз эътиқодларига жиддий путур етказмоқдалар. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасига тушиб қолган ёшларимиз ўз миллий маънавиятларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишяпти. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган ёшлар иш жойларида изғиб юрган турли миссионерлар, тузоғига илинишмоқда. Хорижда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига кўра, айрим ватандошларимиз у ерда ўзга дин вакилларининг алдовларига учишган. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлгани аниқ.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) ланъат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир” (Раъд, 25).
Миссионерлар ана шундай қабиҳ йўллар билан ўзларининг нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмоқда.
Ҳозирги даврда Қуръони каримнинг мўъжизалари олдида лол қолиб, исломни қабул қилаётган қанчадан-қанча олимларни мисол келтиришимиз мумкин. Аммо исломдан юз угуриб бошқа динга ўтиб кетаётганлар ҳам кам эмас. Булар асосан ёшлар ва талабалар ҳамда миссионерларнинг сохта меҳрибончиликларига алданган кимсалардир.
Шу боис барчани ҳушёрликка, ҳар қандай ёт ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмасликка, мустақил она-диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига таҳдид соладиган турли хавфлардан огоҳ бўлишга чақиришимиз керак.
Аслида уларнинг чин мақсади нима? Уларнинг мақсади динга киритиш эмас, мусулмонларни диндан чиқариш ва динлар ўртасида парокандаликни келтиришдир. Бу сўзга далил:
Улар аҳлоқни яхшилаш билан сира шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган маънавий бузуқ ишларни кенг тарғиб этадилар. Ҳар-хил кўнгил очар ўйинлар, дискотекалар ташкил қилишади. Ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштирадилар. Бу ишлардан кўзлаган мақсад фақат сиёсийдир.
Мақсад фақат диний бўлганида эди… Ким христианликни танласа марҳамат, ким исломни танласа марҳамат, охиратда ҳар ким ўзи жавоб беради. Аммо миссионерликнинг мақсадлари сиёсий бўлганлиги учун ҳам хавфли ва ташвишлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор. Шунга мувофиқ чора-тадбирлар қўлланмоғи лозим.
Бизнинг вазифамиз динимиз кўрсатмаларига риоя қилиш ҳамда доимо огоҳ ва сергак бўлишдир.
Миссионерлар инсонларни миллий қадриятларидан ва ўзликдан айиришга уринишади. Бир инсоннинг, миллатнинг бир вакилининг ўзлигидан айрилгани жамиятнинг бир илдизига болта урилди, дегани эмасми?!
Шу ўринда танишларимдан бири айтиб берган воқеанинг бир қисмини келтиришни истайман. «8-9 яшар эдик. Мустабид тузумнинг 80-йиллари, яъни миллатнинг ўзлигига хос қандайки хусусият бўлса, тақиқланган, урф-одатлар чекланган пайтлар. Раҳбарлик лавозимида ишлайдиган қариндошимизникига меҳмонга борганмиз. Тонгга яқин ғўнғир-ғўнғир суҳбатдан уйғониб кетдим.
– Иним қани? – сўради онам.
– Ертўлада, – шивирлаб жавоб берди янгам.
– У ерда нима қилаяпти?
– Намоз ўқияпти, – овоз янада паст товушда, эшитилар-эшитилмас чиқди…
Ҳа, энди ўйласам, раҳбар, партия аъзоси бўлган қариндошимиз ҳаётини таҳликага қўйиб бўлса-да, динини унутгиси келмаган, унинг амалларини яширинча бўлса-да бажаришга ҳаракат қилган экан».
Айтмоқчиманки, биз шундай – эътиқоди мустаҳкам халқ фарзандларимиз. Ўшандай таҳликали замонлардан омон олиб чиққанимиз – миллий қадриятларимизга ҳурлик, эркинлик нашидаси эсиб турган шундай дориломон даврда гард юқтирсак, бу асло кечириб бўлмас гуноҳ бўлмасмикан?! Динни асл ҳолича англаб, унга асл ҳолича амал қилиб келган, бутун моҳиятини иймон билан юзма-юз туриб тушунишга уринган халқнинг авлоди эканмиз, демак, орамизда ҳеч ким миссионерлик ва бошқа ёт унсурлар қурбони бўлмаслиги керак!
Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,