Жорий йилнинг 4 февраль куни ҳаммани хавотирга солаётган Хитойда тарқалаётган вирус ўчоқларида бўлиб турган ватандошларимиз Хитойнинг Ухан шаҳри ва бошқа ҳудудларидан Пекин – Тошкент йўналиши бўйича пойтахтимизга олиб келинди.
Ушбу чартер рейсда юқумли касалликлар бўйича тажрибали мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари ҳамроҳлик қилишди. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун зарур воситалар тақдим этилди.
Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.
Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз икки ҳафта давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланади. Ташкил этилган вақтинча карантин муассасаларида юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, коронавирус инфекцияси туфайли хорижда, айниқса, эпидемия ўчоғи бўлган Хитой давлатида яшаётган юртдошларимизни ҳукуматимиз томонидан она-Ватанимизга олиб келиниши ва зарур ёрдам кўрсатилиши ҳақиқий олибжаноблик бўлди.
Мана шундай инсонпарварлик туфайли она-Ватан бағрига етиб келган фуқароларимиз мамнун. Зеро, меҳр-мурувват, бағрикенглик ва ўз фуқароси тақдири билан қайғурган юртнинг ҳаёти файзли, келажаги нурафшон бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат