Мўминлар ака-ука биродардирлар ва улар бир-бирларига ойнадирлар. Улар бир-бирларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарадилар. Замонаи саодат даврларида саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар биродаридаги хато ва нуқсонни кўрсалар самимий изҳор қилганлар. Бу танқидни эшитган иккинчи саҳобий эса ундан мамнун бўлиб хаққига дуо қилган. Шу йўл билан бир-бирларини ислоҳ қилганлар, қалблар улфат бўлган. Умар розияллоҳу анҳу: “Мендаги камчилик ва хато кўриб ўзимга айтганни Аллоҳ мукофотласин”, деганлар. Соҳабаи розияллоҳу анҳумлар ўзидаги қусурни кўриб айтмаганларни дўст тутмаганлар. Улар ҳатто хатосини айтишларини илтимос қилганлар. Ҳа, банда ўзидаги қусурларни кўриши қийин, хатоларини англаб етмоғи душвор. Шунинг учун ҳам амру маъруф ва наҳи анил мункар зарур. Шунинг учун ҳам биродарларимизга ойна бўлмоғимиз лозим.
Ҳозирги даврга келиб бизлар нега бу муносабатни ёқтирмай қолдик? Нега айбимизни ўзимизга айтган кишини маломат қиламиз, ундан ранжиймиз? Нега? Аслида, унинг бу иши мехрибончилик бўлса-да нега ҳазм қилолмаймиз? Нега ёмон кўрамиз? Негаки, биз дунё одамига айландик. Саодат асрининг улуғлари охират одамлари эдилар. Улар ўзларини руҳан поклаш учун яшаганлар. Ўзи кўрмаган хатосини кимдир айтса ўзига қилинган яхшилик деб билганлар. Бизларнинг эса бугун нафсларимиз семириб насиҳатни олмайдиган бўлдик. Охиратни ортга суриб нафс кетидан ҳаволандик, кибрландик. Ўзимизни ҳақ санадик. Бизга дўстона насиҳатлардан ҳулоса қилиш ўрнига у биродаримизга нисбатан қалбимизда гина-адоват уйғонди. Совуқ муносабат ўрнатдик. Натижада мусулмонлар орасидаги биродарлик руҳига заҳмат етди. Алоқалар совуқлашди. Оқибатлар узилди.
Булар бари жоҳиллик меваси эди.
Бугунги кунга келиб ота ўз боласига қаттиқ гапиргани чўчийди. Она қизининг бадхулқлигини кўриб насиҳат қилса гап қайтаради. Дўстларнинг ораси арзимас нарсалар билан узил қоляпти. Буларнинг бари суннатлардан юз ўгириш, амал қилмаслик ва билмаслик, шариатдан руҳан узоқлашиш натижасида юзага келмадими?! Меҳр-оқибат қочди. Одамлар бир-бирларига насиҳат қилмай қўйди. “Менга нима?”, дейдиган ҳолга тушдик. Оқибатда гуноҳлар урчиди, хиёнатлар кўпайди.
Ким бир гуноҳни кўрса уни қўли билан, кучи етмаса тили билан қайтарсин, агар индамай рози бўлиб бефарқ бўлишлик оқибатида бугун фожеалар юзага келмоқда. Аксар фарзандлар бетарбия, одобсиз бўлиб камол топди. Бу жоҳиллигимизнинг мевасидир. Натижада руҳан ва маънан азиятларга учрадик.
Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим! Сизлар ака-ука дўст-биродарсизлар” деган даъватидан юз ўгирмадикми?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, мен карамли ахлоқларни комил қилиш
учун юборилганман”, дедилар.
Байҳақий ривояти.
Бундай карамли аҳлоқ учун эса насиҳат зарур. Маърифатга муҳтожмиз. Ота-онанинг фарзандга, имомнинг қавмига, дўстларнинг бир-бирларига панд-насиҳати зарур! Бугун ўзъаро муҳаббатли бўлиб бир-бирларимизни тузатмас эканмиз, заифлашиб бораверамиз. Бунинг эса ҳисоби ва жавоби бор!
Ҳой одамлар! Бир-бирларингизга меҳрибон ва оқибатли бўлинг! Насиҳатни олинг! Инсон руҳий озуқасиз махлуққа айланади. Инсон бўлиб яратилдик ва гўзал ҳулқимиз ила карамли ахлоқ эгаси бўлиб, шарафли номга муносиб бўлайлик!
Абдурахмон домла Артиқов
Андижон шаҳар “Уйғур”
жоме масжиди имом-хатиби