Маълумки, Ислом дини жаҳон дини ҳисобланади. Бу динда ҳеч қандай миллат, элат қабила ва шўъба устунлиги йўқдир. Балки инсоннинг шарафи тақвосида. Барчамиз Одам алайҳис саломнинг зурриётларимиз. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хитоб қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
Яъни: “Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот. 13)
Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудуд жиҳатидан чегараланган бўлса-да, ўзбек ва қирғиз миллатининг оилалари ҳам чирмашиб кетган. Қадимдан нафақат қўни-қўшни, балки бир маҳалла ва қуда-андадирлар.
Бу икки миллат ва икки юрт вакилларини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Кимлардир ўртага нифоқ ўтини ёқишга уринса ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи қалбларни боғлаб қўйгай.
كُلَّمَا أَوْقَدُواْ نَاراً لِّلْحَرْبِ أَطْفَأَهَا اللّهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الأَرْضِ فَسَاداً وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
Яъни: “Улар қачон уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ ўчирар. Улар ер юзида фасод қилиб юрарлар. Аллоҳ фасод қилгувчиларни севмас”. (Моида. 64)
Бу оят аслида яҳудийлар ҳақида нозил бўлган эса-да, Аллоҳ фитначилар қалаганг адоват оловини ўчиришга қодирдир ва фасод қилгувчиларни севмас. Балки мўминларнинг орасини ислоҳ қилишга буюрур:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
Яъни: “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”. (Ҳужурот. 10)
Ўзбекистон мусулмонлари Идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қўшни Қирғиситон давлатига қилган сафари ҳам айнан дўстлик ришталарини боғлаш, мўминларнинг ўзаро ҳамкорлигини бардавом қилишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг хабарига кўра Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Баткен шаҳрида “Диний ва миллий муносабатлар уйғунлиги ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари” мавзусида бўлиб ўтган семинарда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани ҳамда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиб бердилар.
Шунингдек, бугунги мураккаб даврда зиддиятли масалаларни ҳал этишда турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва ҳар қандай вазиятда оғир-босиқ бўлиш муҳимлигига муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи имомларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мулоқотини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида аҳиллик, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик тамойилларини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикрлар алмашдилар.
Ҳа, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни ўзаро тотувликка буюрган:
وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
Яъни: “Аллоҳнинг арқонини жамъ бўлган ҳолда тутинглар ва (фирқаларга) ажралиб кетмангиз! Аллоҳнинг неъматини эслангки, душманлар бўлган чоғингизда қалбларингизнинг ораларида улфатликни (пайдо) қилиб қўйди, бас Унинг неъмати ила биродарларга айландинингиз”. (Оли Имрон. 103)
Фитна ва фасод ҳамма даврда ҳам бўлган. Мусулмонларнинг дўстлиги эса абадий бўлиши лозим.
Манбаалар асосида
Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими