Халқ хизмати, эл хизмати инсон учун шарафдир. Шунинг учун оқу-қорани таниган дуогўйлар эл-юртнинг корига ярайдиган фарзандлар ато қилсин, деб дуо қиладилар.

Кўпчиликнинг хизматини қилган инсон кам бўлмайди. Гарчи фалакнинг гардиши билан яратган Зотнинг ҳикматига кўра баъзан шунча хизмат қилиб, эвазига гап-сўзга қолса ҳам, барибири холис хизмат қилганлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадри баланд бўлажак.

Шундай экан, банда қандай йўл билан бўлмасин, элига, юртига манфаат етказиш ҳаракатида бардавом бўлиши лозим.

Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради:

“خَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَفْضَلَ مِنْهُمَا: اَلْإِيْمَانُ بِاللَّهِ، وَالنَّفْعُ لِلْمُسْلِمِيْن

وَخَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَخْبَثَ مِنْهُمَا: اَلشِّرْكُ بِاللَّهِ، وَالضُّرُّ لِلْمُسْلِمِيْن”

 

“Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ:

Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир.

Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ:

Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.

Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар:

“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саромжонлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”.

Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ  деган, яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик!

Динимизда киши ўзганинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳожатини раво қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً  مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ” (رواه الإمام البخاري) .

 

“Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).

Бу йилги синовли даврларда кўп инсонлар халқимизнинг хизматида фидойи бўлдилар. Айтиш мумкинки, халқимиз шундай синовли кунларда имтиҳондан яхши ўтмоқдалар. Ўзаро меҳр-оқибат ва саховатларини намоён қилмоқдалар.

Юқорида айтганимиздек, шоли ичидаги курмаклар нима деса десинлар, лекин соғлигини, жонини хатарга қўйиб, халқ хизматида бўлган зотлар таҳсинга лойиқдирлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларга ажрини беришини сўраб қоламиз.

Абдужаббор домла РАСУЛОВ,

Марҳамат тумани “Сулаймон сирли”

жоме масжиди имом-хатиби