Халқ хизматида бўлиш, Аллоҳ таолога қилинадиган энг улуғ ибодат ҳисобланади. Расуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева аёл ва мискинларга хизмат қилиб, ёрдам берувчи киши кундузлари рўза тутувчи ва кечалари бедор бўлувчи кимса кабидир», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу хадисдан маълум бўладики, халқ хизматида бўлган кишилар кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда бўлган кимсадек ажрга эга бўладилар. Шунингдек, халқ хизматида бўлиш ва уларга наф етказиш, Аллоҳга яқин бўлиш ва Унинг наздида энг маҳбуб банда бўлишга сабабдир. Расули акрам салоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Одамларнинг энг яхшиси – одамларга фойдаси кўп бўлганидир».

Мўмин банда доим халқ хизматида бўлишга ва уларга манфаат етказиш ҳаракатида бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривояти қилинади. Набий салаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарахтлар орасида бир дарахт бор, баргини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди, айтинглар-чи, бу қайси дарахт? — дедилар. Одамлар бундоқ дарахт, ундоқ дарахт деб айтдилар. Мен: «хурмо дарахти» демоқчи бўлдим, лекин ёш йигит бўлганим учун айтишга уялдим. Расуллох салаллоҳу алайҳи васаллам: «У хурмо дарахти» дедилар.

Демак Набий солаллоҳу алайҳи васаллам халққа фойдаси кўп тегадиган ва яхшилиги бардавомли мўминни хурмо дарахтига ўхшатдилар.

Ҳазрати Шерозий раҳматуллоҳи алайҳи айтдилар: “Ибодат дегани, фақат қўлда тасбеҳ кўтариб масжидда ўтириш эмас, балки, фарз амалларни адо этиш билан бирга, ўзининг илми, амали ва  моли ила халқ хизматида бўлиш ҳам ниҳоятда улуғ ибодатдир.

Ҳазрати Исо алайҳиссалом ибодат ила машғул бир обиднинг олдидан ўтаётиб ундан сўрадилар:

  • Сен нима касб қиласан? Обид жавоб берди:
  • Мен фақат ибодат қиламан деди. Шунда Исо алайҳиссалом:
  • Сенинг таьминотингни ким қилади? дедилар.Обид:
  • Укам қилади, деди. Шунда Исо алайҳиссалом:
  • Сени хизматингни қиладиган уканг, сендан кўра обидроқ экан деганлар.

Хулоса шулки, бугун мамлакатимизда кечаётган пандамея даврида ўзларининг жонларини хатарга қўйиб тинмай кеча-ю кундуз меҳнату машаққат қилаётган тиббиёт ходимлари, ака-ука, опа-сингилларимиз, маҳаллий ҳокимият мутасаддилари, ички ишлар органлари ходимлари, миллий гвардия, саҳоватпеша хомийлар ва халқимиз ҳамда беморларнинг хизматида турган барча жонкуярларимиз албатта жуда катта ажрга эга бўлиб, охиратда ҳам улуғ мукофатларга эришадилар, иншаоллоҳ. Аллоҳ таоло бутун дунё аҳлидан, хусусан жонажон Ўзбекистонимиздан бу балоларни даф қилшини тилаб, дуолар қилиб қоламиз.

Баҳриддин домла Якубов

Шаҳрихон тумани “Қора-кўрпа”

масжиди имоми-хатиби