Аллоҳ таолога беҳад ҳамдлар, ўзининг ҳабиби бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсинким, ҳар йил мусатқил диёримиз мусулмонлари ўзларига берилган жуда кенг миқёсидаги эркинлик ва эминликлардан ҳамда имкониятлардан хурсанд бўлиб, ушбу имкониятлардан фойдаланиб келмоқдалар. Жумладан, ҳар йили жуда кўплаб юртдошларимиз муқаддас динимизнинг бешинчи рукни бўлган Муборак Ҳаж ибодатларини жуда катта хурсандчилик, шукроналик кайфиятида адо этиб келмоқдалар. Бу йил эса ўтган даврларга нисбатан ўзгача бўлди десак, хато қилмаган бўламиз. Сабабики, Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан ҳаж квоталари оширилди, уруш ва меҳнат фаҳрийларини ҳажга боришлари учун ҳеч қайси бир давлатда қайд этилмаган имкониятлар яратилди. Бу эса ўз-ўзидан Президентимизнинг юрт истиқболи йўлидаги улкан хизматлари, халқ дардини теран тушуниб, малҳам беришдек савобли ишларидан десак тўғри бўлади.
Ҳаж Ислом арконларидан бири бўлиб, қодир бўлган кишиларга ушбу ибодатни умри давомида бир маротаба адо қилиш фарз ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси 97-оят).
Ҳаж луғатда қасд қилиш маъноларини англатади. Уламоларимиз таърифида эса махсус вақтда, махсус маконда, ният билан махсус ибодатларни адо этишга “Ҳаж” дейилади.
Ўзбекистонимиздан бу йилги Ҳаж зиёратига кетган юртдошларимиз арафа кунидан бир кун аввал ҳожилик либоси бўлган оппоқ эҳромларини боғлашиб, Ҳаж ниятларини қилишиб, Мино водийсига йўл олганди. У ерда дуо, ибодат билан машғул бўлдилар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар. Сўнг у ерда тунаб, эртаси куни Бомдод намозини адо этганларидан кейин Арофотга бордилар.
Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги улуғ фазилатларга эга. Бу ойда Муборак Ҳаж ибодати бажарилишлиги асносида Ҳажнинг энг катта рукнларидан бири бўлган Арафа кунида Арофот тоғида турилади.
Ибн Аббос розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж – арафадир” деганлар.
[su_custom_gallery source=”media: 1734,1735,1736,1737,1738″ limit=”5″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]
Арофотда ҳам дуои хайрлар, ибодатлар ила туришиб, Арафа кунининг Пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқидилар. Дуо ва тавбаларда бардавом бўлдилар. Арафотдаги вуқуфдан сўнг қуёш ботганидан кейин эса Муздалифага бордилар. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг” деб марҳамат қилди. (“Бақара” сураси, 198-оят)
Муздалифа водийсида эса, шом ва хуфтон намозларини жам қилиб ўқидилар, у ерда ҳам ибодат ва зикларда бўлдилар. Бу ерда ҳожиларимиз тунни ўтказиб, эртаси куни, яъни ҳайит куни эрталаб Мино водийсига қайтдилар. У ердан эса Жаморот (шайтонга тош отадиган макон)га бориб, шайтонга тош отдилар ва қурбонликлар қилдилар. Сочлари олдириб ёки қисқартириб, эҳромлардан чиқдилар. Шу кундан эътиборан уч кун Жаморотда шайтонга тош отдилар. Ҳайит кунининг иккинчи ва учинчи кунларида эса Қаъбаи муаззамада Тавофи ифоза, яъни зиёрат тавофини адо этдилар. Ифоза тавофи эса ҳажнинг рукларидан ҳисобланади.
Хозирда эса юрдошларимиз ҳожилик мақоми ила меҳмонхонага қайтдилар. Уларга бу ибодатлар муборак, Ҳожилик мақоми муборак бўлсин деб қоламиз.
Андижон вилоятидан кетган ҳожиларнинг дастлабки иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фаҳрийларидан ташкил топган гуруҳи жорий йилнинг 8-сентябрь куни Саудия Арабистони, Жидда шаҳридан Наманган халқаро аэропортига замонавий авиалайнерларда учиб келадилар.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ўзининг Байти ила чақирсин. Юртимизни тинч, халқимиз хаётини янада фаровон айласин. Ҳожиларимизнинг сафарларини беҳатар қилсин.
[su_custom_gallery source=”media: 1739,1740,1741,1742,1743,1744″ limit=”6″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакиллиги
ходими Нурилло Қодиров
05.09.2017 йил