Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга солавату дурудлар бўлсин.
Аёл мўътабар зот. Уни қанча эъзозласак, қанча кўкларга кўтарсак шунча камлик қилади. Бинобарин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат оналар оёғи остидадир” деганлар.
Бугун бизнинг юртимизда барча қатламлар қаторида аёлларга ҳам, онахону-момоларимизга ҳам жуда катта эътибор, ғамхўрликлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг натижаси ўлароқ жорий йилги Ҳаж мавсумида ҳам Ҳажга борувчиларнинг қарийб ярмини муҳтарама аёлларимиз, опа-сингилларимиз, мўътабар онахонларимиз ташкил топади. Жумладан, гузал ва бетакрор Андижонимиздан эса Муборак Ҳаж сафарига кетган 1005 нафар ҳожиларимизнинг 494 нафарлари аёллар ҳисобланади.
Ҳожи оналаримизга ҳам ҳожилик ибодатларини тўла-тўкис адоси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан барча шарт-шароит ва чора-тадбирлар кўрилган. Бу борада эса меҳмонхонадаги барча юртдошларимизга ишчи гуруҳ ва гуруҳ раҳбарлар томонидан кераклик кўрсатмалар мунтазам бериб борилмоқда.
Жорий йилнинг 27-август куни ҳам Саудия Арабистонининг Маккаи-мукаррама шаҳридаги “Ал Ҳидоя” меҳмонхонасида Муборак Ҳаж зиёратига Андижон вилоятидан борган зиёратчи аёлларнинг йиғилиши ўтказилди. Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин ҳожи Холиқназаров олиб борди.
Йиғилишда нотиқ томонидан Ҳаж амаллари тарихи ва қонун-қоидалари, Ҳаж амалларидаги аёлларга ҳос масалалар, эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлари хусусида кенг маълумотлар берилди.
Йиғилиш сўнгида эса барча ҳожи оналаримиз қўлларини дуога очишиб, юртимизнинг тинчлиги ва тотувлиги, халқимизнинг фаровон хаёти, олиб борилаётган жуда кенг миқёсидаги ислоҳотларнинг ривожи ҳамда юртбошимизнинг ҳақларида дуои-хайрларда бўлидлар.
[su_custom_gallery source=”media: 1666,1667,1668,1669,1671,1672″ limit=”6″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]
Саудия Арабистони Макка шаҳри
Аброжал Ҳидоя меҳмонхонасидан
махсус репортаж
Қудратуллоҳ ҳожи Бегматов