«Ислом қилич билан тарқалган», дейишади. Унда айтинг-чи, қайси мусулмон қўшинлари Индонезияни қилич билан босиб олган?

Қайси мусулмон қўшинлари Малайзияни қилич ёрдамида босиб олган?

Қайси мусулмон қўшинлари Ғарбий Африкани қиличнинг кучи билан босиб олган?

Мусулмонлар Андалусияда (ҳозирги Испанияда) 800 йил ҳукмронлик қилдилар. Мусулмонлар у ердан ҳайдаб чиқарилган пайтда бирорта ҳам азон айтадиган одам қолмаган эди. Агар ўшанда мусулмонлар қилич кўтарса, бирорта насроний тирик қолмаган бўлар эди.

Мусулмонлар Ҳиндистонни минг йил давомида бошқариб келишди. Ундан кейин ҳукмронлик тақсимланди. Бу юртнинг тўртдан бир қисми мусулмонларга, тўртдан уч қисми ҳиндларга тегишли бўлди. Агар қилич ишлатилса, мусулмонлар бу юртдан ҳам қолганларни ҳайдаб чиқарган бўлар эди.

Ҳозирги кунда ҳам кўплаб америкаликлар, оврупаликлар Исломни дин сифатида танлаб, мусулмон бўлишяпти. Улар ҳам қиличдан қўрқиб мусулмон бўлишяптими? Йўқ, уларни ақл ва ҳикмат қиличи Исломга олиб келмоқда!

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва гўзал мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ҳам, ҳидоят топувчиларни ҳам билгувчи Зотдир». (Наҳл сураси, 125-оят).

Аҳмад Дийдот роҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар:

«Аввало, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак. Баъзи шахсларга ёки гуруҳларга эмас, холис Аллоҳ йўлига чақириш керак;

Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, уларга оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.

Учинчидан, даъват гўзал мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Одамларни қизиқтириш учун чиройли сўзларни топиб гапириш зарур, уларни бездириб қўймаслик лозим.

Тўртинчидан, одамлар билан гўзал услубда мунозара қилиш керак. Аллоҳ йўлига даъват аввало фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ниҳоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб-тортишмасдан, бақир-чақир, уруш-жанжал қилмасдан, унинг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим.

Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси фақат холис даъват эканини, ҳидоят ҳам, залолат ҳам фақат Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмаслиги керак».

Минг йиллардан бери ота-боболаримиз орқали бизларга етиб келган Ислом динини ёш авлодга чиройли услубда етказиб, уларни хулқу одобини, маданиятини, илму ҳикматини зиёда бўлишига, Ватанимиз равнақи ва ривожи йўилида ўз хиссаларимизни қўшишликни барчаларимизга насиб айласин.

Анваржон домла Ибайдуллаев,

Олтинкўл тумани «Уйшин»

жоме масжиди имом-хатиби