Гиёхванлик – умр заволи

1067

Ислом дини инсонларни бир-бирларига яхшиликлар улашишликка, ёмон ишлардан қайтаришликка буюради. Аллоҳ таоло ўзининг каломида мўмин мусулмонларни ўзаро бир–бирларини эзгулик, хайрли ва савобли ишларга буюриб, ёвузлик, ёмонлик ва гуноҳ ишлардан қайтариб туришни фарз қилган.

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Эй умматларим, агар сизлар бир бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало ва офат келадики, у яхши–ёмонга баробар фожиа бўлади», ─ деб огоҳлантирганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида инсоннинг жисмоний, рухий ва ақлий саломатлиги ётади. Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Дунёнинг турли жойларида бундай  қабиҳ ишлар билан тез бой бўлиб қолишни истаган одамлар, қанчадан–қанча жамиятнинг пароканда бўлишигаю,  ёшларимизнинг умрига зомин бўлаётганларга нисбатан бефарқ қараб туриш асло жоиз эмас.

  Бу иллатнинг салбий оқибатлари фақат шахс ёки жамиятгагина эмас, балки бориб–бориб бутун мамлакатнинг соғломлиги ва барқарорлигига путур етказиши  аниқ.

  Ўз навбатида гиёҳвандликнинг оилага ҳам етказадиган зарарлари талайгина. Ҳолбуки, оила жамиятнинг асосий ҳужайраси. У соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади, агар у касалланса, жамиятнинг пойдевори дарз кетади, натижада унинг устига қурилган бино заъифлашиши турган гап.

 Аллоҳ таоло инсонларни ўз жонига қасд қилмасликка, шу билан бирга, ўзгаларнинг қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд кимса  эса охири ўлимга олиб келадиган нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади.

Аллоҳ таоло: «…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!…» (Бақара, 195). Бошқа бир оятида эса: «Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз…» ─ деган (Нисо, 29).

Исроф Қуръон ва ҳадис билан ҳаром қилинган. Аъроф сурасининг 31–оятида бундай: «…Еб–ичинглар, лекин исроф қилманглар, зеро, Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни хуш кўрмайди», Исро сурасининг 27–оятида эса: «Албатта, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига ўта ношукур эди», – дейилади.

Молу-бойликни беҳуда сарф этиш шариатда ҳаром саналганидан кейин, гиёҳванд моддалардек кони зарар нарсаларга сарф этиш нега ҳаром бўлмасин?!

Мақсудали домла Қосимов
Хўжаобод тумани «Еттичинор» жоме масжиди имом-хатиби