Фитр садақасининг фазилати

1314

Рамазон ойида рўзадорлар адо этадиган бир молиявий ибодат бу “садақоти фитр” бўлиб, бу эса  закот нисобига эга бўлган ҳур мусулмонга вожиб бўлади. Исломда “Намозни саҳву хатолари саждаи-саҳв билан, рўзаники эса садақоти фитр билан тўла бўлади”-дейилган.

Фитр садақаси рамазон ойи давомида тутилган рўза Аллоҳ таоло даргоҳида қабул бўлиши ва рўза ичида билиб-билмай йўл қўйилган хато-камчиликларни поклаш учун камбағалларга бериладиган садақа, айни чоғда, каффорат ҳамдир. Фирт садақаси рамазон ойининг сўнгига етишган ва аслий ҳожатидан ташқари нисобга етган молга эга бўлган мусулмоннинг бериши вожибдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Кимики фитр садақасини берса ўша одамга ўнта нарса берилади. 1.Гуноҳлардан пок бўлади. 2. Дўзахдан озод қилинади. 3.Уни тутган рўзаси қабулиятга айланади. 4. Жаннат унга вожиб бўлади. 5. Қабрдан қайта тирилган саломат ҳолида чиқади. 6.Ўтган йилдан бу йилгача қилган барча яҳши амаллари қабул қилинади. 7. Қиёмат кунида мени шафоатим ўша кишига вожиб бўлади. 8. Сирот кўпригидан яшиндек ҳолда ўтади. 9. Тарозида амаллари тортилганда хасанотлари кўп бўлади. 10.Аллоҳ таоло бу кишини исмини бахтсизлар рўйҳатидан ўчириб юборади”.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир гал унитиб фитр садақасини  вақтида бера олмадилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар фитр садақасини кейин берсам ҳам бўладими?  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бор моли-мулкингни, дунёингни садақа қилсанг ҳам фитр садақасини ўрнига ўтмайди”-дедилар.

Фитр садақаси ўзида кўплаб ҳикматларни жамлаган. Жумладан:

-Ҳайитда барча мўмин-мусулмонлар хурсандчилик қиладилар, бу шод-ҳуррамликка камбағалларни ҳам шерик қилиш.

-Рамазон байрамида камбағалларни тиланчилик қилишдан узоқ бўлишларини таъминлаш.

-Рамазон рўзасини тутиш даврида йўл қўйилган баъзи хатоларга каффорат бўлиши.

-Рўза тутиб, танаси ва қалби покланган банданинг моли ҳам покланиши.

Фитр садақаси миқдори буғдой (ун), талқондан жон бошига ярим соъ (1900гр),арпа, қуруқ хурмо ва майиздан  бир соъ (3800гр) қилиб белгиланган.  Буни пулга чақиб, баҳосини берса бўлади. Андижон вилояти уламолар кенгаши қарори билан Фитр садақаси Андижон вилояти  учун ҳар бир жонга 5.000 сўм деб белгилаган.

Фитр садақасини ота-онасига, фарзандига бериб бўлмайди. Фитр садақаси муҳтож одамларнинг аҳволини яҳшилашга қаратилган молиявий ибодат бўлгани учун уни масжидлар қурилиши ё таъмирига ишлатиш ҳам мумкин эмас.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби

Муҳаммадюсуф Тўрақулов