Фитна барча жиноятларнинг бошидир. У бутун жамиятга фасод етказади. Асримиздаги қонхўрликларнинг илдизи ҳам фитнага бориб тақалади.
“Фитна” араб тили луғатида «синов, имтиҳон» маъносида келади. Араблар одатда маъданни ўтга солиб синаб кўришни «фитна» дейишади. Истилоҳда эса кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қурон каримда фитнанинг нақадар оғирлигини айтган:
وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ
“Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”.(Бақара. 191)
“Фитна”нинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик уни асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا تَذْهَبُ الدُّنْيَا حَتَّى يَأْتِيَ عَلَى النَّاسِ يَوْمٌ لَا يَدْرِي الْقَاتِلُ فِيمَ قَتَلَ، وَلَا الْمَقْتُولُ فِيمَ قُتِلَ، فَقِيلَ: كَيْفَ يَكُونُ ذَلِكَ؟ قَالَ: الْهَرْجُ، الْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ (رواه الامام مسلم عنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди. “Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида тааммул қилган киши бу ҳудудлар мусулмон диёрларига тўғри келаётганини англайди. Мусулмон мусулмонни таламоқда, азобламоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар олдига келиб:
“Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар:
“Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар:
“Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар:
“Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда.
Шундай экан, шу юртда яшовчи ҳар бир инсон миллати, ижтимоий мавқеи, касб-коридан қатъи назар фитналарга муросасиз қарши туриш даркор.
Исомиддин домла Сайфуллаев
Асака туманидаги “Имом Муҳаммад” жоме масжиди имом хатиби