Фитна қотилликдан ҳам ёмондир

1178

Бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган соҳалардан бири бу ижтимоий тармоқлардаги ахборот оқимидир. Интернет катта имкониятлар майдонидир. Қанча маълумотлар керак бўлса бир неча лаҳзада кўз олдингизда намоён бўлади. Ақлини ишлатган инсон ўзига керакли бўлган, дунё ва охиратига фойдали бўлган, илмини зиёда қиладиган маълумотларни олади. Бироқ, кўнгилни хира қиладиган, асабларни қақшатадиган маълумотлар борган сайин кўпаймоқда ва мана шу маълумотлар бошқаларига қараганда тезлик билан тарқалаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шу маълумотларни ўқиётган кишилар интернетда айтилган бўлса хақиқат деб ишонишмоқда.

Афсусланарли томони шундаки, Юртимиздан чиққан олимлар, имомлар, раҳбарларимизга нисбатан туҳмат, бўҳтон ва уйдирма маълумотлар кўпаймоқда. Билиб билмасдан уларнинг ноғорасига ўйнаётганлар ҳам орамизда учраб тургани ачинарли ҳолат.

Биродарлар, болтанинг сопини ўзимиздан чиқаришга ўринаётган, халқимизнинг энг обрўли кишиларини хақорат қилаётган, орамизга адоват уруғини сочаётган кишиларни фитнасига учиб қолмайлик.

Зеро, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Ояти карималарда ҳам “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир, 28), деб марҳамат қилинган. Олимларни ҳурмат қилиш Пайғамбарни ҳурмат қилиш билан тенг. Асосийси, нима бўлганда ҳам мана шу Юрт ўзимизники. Унинг ютиғи-ю камчиликлари ҳам ўзимизники. Хулоса чиқаришга шошилмайлик. Ҳадисда “Эшитган нарсасини гапираверган киши ёлғончи эканлигига кифоя қилади” деб марҳамат қилинади. Атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан чуқур мулоҳазадан сўнг хулоса чиқариш лозим. Ҳар бир эшитган гапга ишонавериш, сўнг уни бошқаларга айтиш одамлар орасида фитна-фасодни келтириб чиқаради. Фитна эса қотилликдан ҳам кўра ёмонроқдир.

Жалабек ота жоме масжиди Отабек Хусанов.