Фатво беришга ким ҳақли

1019

Фатво нима? Фатво чиқаришга ким ҳақли?
Фатво араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида ҳукм чиқаришга нисбатан ишлатилади. Яъни фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда.
Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен учратган чуқур билим ва тафаккурга эга бўлган шахслардан савол сўралганда ҳалқумларига жонлари тиқилгудек ҳолатга тушишар эди. Бизнинг давримиздаги фатво берувчилар эса фатво беришга ошиқади. Ваҳоланки, уларни қиёмат куни нима кутиб турганини билмайдилар. Агар билганларида эди, бундай йўл тутмасдилар”. У зот яна: “Мен чуқур билимга эга бўлган етмишта шахс фатво беришга лойиқлигим тўғрисида гувоҳлик бермагунларича фатво бермаганман”, – деган эканлар. (islaminstitut.uz)
Фатво беришнинг масъулияти жуда ҳам оғир. Кўпчилик илм аҳллари фатво беришдан қўрққанлар.
Кимлар фатво беришга ҳақли?
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтади:
Илм аҳлининг оммаси, агар фатво берувчи фатво беришга салоҳиятли бўлса, жоиз дейишган. Аввалги тоифанинг ҳужжати Набийдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинган ушбу ҳадисдир:
“Сизларнинг дўзахга журъатлиларингиз фатвога журъатлиларингиздир”.
Салмон Форсийдан одамлар фатво сўра шганида: “Бу сизларга яхши, менга ёмон”, деганлар.
Абдураҳмон ибн Абу Лайло айтадилар: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобидан юз йигирматасини кўрдим. Уларнинг муҳаддиси ҳам, муфтийи ҳам ўзидан кўра, биродари ҳадис айтиб, фатво беришини истарди”.
Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки соҳиби (Абу Юсуф ва Муҳаммад) сўзларини, улар қаердан гапирганини билган ва инсонларнинг муомалаларини ўрганган кишигина фатво берса, дуруст бўлади. Агар киши уламоларнинг сўзларини ўргангану, инсонларнинг муомалалари ва мазҳабларини ўрганмаган бўлса, бир масала ҳақида сўралганида, одамларнинг мазҳабларини ўзлаштирган уламолар бу масалага иттифоқ қилганини билса, бу мумкин, бу мумкинмас, деб айтса, унинг сўзи ҳикоя тариқасида бўлиб, зарари йўқ. Агар уламолар ихтилоф қилган масала бўлса, бу фалончининг қавлида жоиз, деб айтишида ҳам зарар йўқ. У ўзича бир сўзни ихтиёр қилиши мумкинмас. Уламоларнинг ҳужжатларини билмаса ҳам, уларнинг фатволари билан жавоб беради.
Исом ибн Юсуф айтадилар: “Мен Муътам шаҳрида бўлганимда Абу Ҳанифанинг асҳобидан тўрттаси – Зуфар ибн Ҳузайл, Абу Юсуф, Ақиба ибн Язид ва Ҳасан ибн Зиёд тўпланишди. Улар: “Бирор киши, модомики биз қаердан гапирганимизни билмас экан, бизнинг сўзимиз билан фатво бериши ҳалол эмас”, деган қарорга келишди”.
Ибн Сирин айтадилар: “Ҳузайфа ибн Ямон: “Учта киши инсонларга фатво беради. Қуроннинг насх бўлган оятларини биладиган киши, ёки чорасиз қолган амир, ёки фатво сўралган аҳмоқ”, дедилар”.
Ибн Сириндан бирон нарса ҳақида сўралса: “Мен (бу) аввалги иккаласи ҳам эмасман, учинчи бўлишни ҳам ёмон кўраман”, деб қўяр эдилар. (Бўстонул орифийн. зиёуз.cом кутубхонаси)
Ҳа. Фатво чиқариш ҳаммага ҳам эмас.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби