Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларнинг замонавий билим олиши, юксак маънавиятли бўлиб улғайиши учун зарур шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

“Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дея таъкидлади Президентимиз.

Гўзал тарбия олган фарзандларгина чинакамига “жаннат райҳонлари” деб мақталади. Аксинча инсонийлик фитратидан чекинган, тарбияси бузуқ болалар жамиятнинг зараркунандаларига айланишади. Шу боис Ислом динимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади ва бу муҳим масалани ота-она ва жамият олдидаги энг зарур вазифалардан бирига айлантиради. Фарзандимизга чиройли тарбия бериш учун нималар қилишимиз, қайси усул ва тажрибалардан фойдаланганимиз маъқул? Таниқли Ислом олими Абдуллоҳ Муҳаммад Абдул Мутиънинг “Исломда тарбия” китоби бу йўлда муҳим дастур бўлиши мумкин. Қуйида ушбу китобдан айрим маслаҳат ва тажрибаларни муштарийларимизга илиндик.

     Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига асосан болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг болалигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия олган болалар улғайгач хуш ахлоқли, гўзал одобли инсонлар бўлиб етишади. Тарбияси бўш ёки ёмон тарбия кўрган болалар ношукр, ахлоқсиз ва беодоб кимсалар бўиб улғаяди ва бундайлардан жамият катта зарар кўради. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди” (Инсон сураси, 3-оят).

     Исломда фарзанд тарбияси ҳали бола дунёга келмасидан олдин бошланади. Фарзандларини чинакам иймонли, солиҳ, диёнатли қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун иймони бут, солиҳа, диёнатли, инсофли, гўзал ахлоқли она танлаб олиши керак. Бу иш бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир. Фарзанд туғилиши билан бу улуғ неъмати учун Аллоҳга кўп мақтов ва шукроналар айтиш, ушбу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш,  унга чиройли исм қўйиш, биринчи кунданоқ уни ҳалол йўл билан ризқлантириш фарзанд тарбиясидаги асосий талаблардандир. Болангизнинг тили чиқиши билан унга “Аллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, Ассалому алайкум” каби энг муҳим калималарни ўргатиш керак.

     Давримизнинг атоқли олимларидан бири фарзанд тарбиясига бағишланган машҳур асарида бундай ёзган эди: “Болага энг аввал ахлоқий қоидаларни ўргатиш зарур. Бунга эътибор берилмаса, ўғил-қизингиз ғазаб, шалоқ сўзларни сўзлаш, лоқайдлик, ўйламай иш қилиш, бағритошлик ва очкўзлик каби ёмон иллатларнинг қурбонига айланади. У улғайгач, бу иллатлардан қутулиши оғир кечади. Чунки ахлоқсизликнинг ушбу кўринишлари унинг табиатига чуқур кириб кетган бўлади. Агар фарзандингиз барча воситаларни ишга солиб иллатлардан халос бўлиб олмаса, бир куни келиб жамиятда шарманда бўлади. Болалигида яхши тарбия олмаган кўплаб одамларнинг улғайганда одобсиз ва ахлоқсиз кимсаларга айланиши кўп кузатилган”.

      Болалар дин ҳақидаги, ахлоқий низомлар ва чиройли хулқ тўғрисидаги илк маълумотларни ўз уйи ва оиласида олади. Ислом мусулмон оиласини бир қанча одоб ва ахлоқ қоидаларига риоя этишни буюради ва икки дунё саодатига эришиш учун бунга болалар ҳам, катталар ҳам масъуллигини алоҳида уқтиради. Буни тажрибада кўриб чиқиш учун эса ҳозирги кунда ниҳоятда зарур бўлган ахлоқий низом ва исломий одоб қоидаларига риоя этишни Пайғамбар алайҳиссалом замонларида қандай ўргатишгани билан танишиб чиқамиз.

ФАРЗАНДИНГИЗ СИР САҚЛАЙ ОЛСИН!

       Собитнинг ривоят қилишича, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар: “Бир куни бошқа болалар билан ўйнаб турганимда Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимга келдилар ва мени бир юмушга жўнатдилар. Шу туфайли онамнинг олдиларига кеч қайтдим. Уйга келсам, онам: “Нега кеч қолиб кетдинг?” деб сўраб қолдилар. “Аллоҳнинг Расули бир юмушни топширган эдилар”, деб жавоб қилдим. Онам: “Нима юмушлари бор экан?” деб сўрадилар. “Бу – сир”, дедим. Шунда онам: “Аллоҳнинг Расулининг сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!” дедилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит”.

ҲАЛОЛЛИКНИ ЎРГАТИНГ!

      Абдуллоҳ ибн Биср (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Онам бир бош узумни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учратиб қолиб, у зотдан: “Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?” деб сўраб қолдилар. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қачон мени учратиб қолсалар: “Хиёнат, хиёнат!” дер эдилар”.

        Улуғ Ислом мутафаккири Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни шундай шарҳлайди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратмоқчи бўлганлар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу сўзларини икки мартадан такрорлаганлари эса, хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш учун бўлган. Бу иш ҳалоллик билан боғлиқ бўлгани учун Пайғамбар алайҳиссалом болани оғринтирмаган ҳолда сўзларни такрорлашдан фойдаланганлар”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни чиройли хулқ эгаси бўлган фарзандлар тарбиялашга муваффақ айласин!

Нурмуҳаммад домла  Нурматов

Марҳамат тумани “Сунна”

масжиди имом-хатиби