Фарзанд ва унинг тарбияси

369

Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло бандани йўқдан бор қилиб, унга Ўзининг беҳисоб неъматларини ато қилди. Ҳар бир банданинг дунёга келишининг ўзи ҳам бир неъматдир. Неъматларни санаб адоғига етиш банданинг имконидан ташқаридадир. Банда фақат айримларинигина эътироф эта олади.

Аксар ҳолларда эътироф этилажак неъматлар – имон, Ислом, Қуръон, соғлик, бойлик, оила, бола-чақа, ҳурмат, этибор…

Бу рўйхатни керагича чўзиш мумкин. Шулар ичида бир неъмат борки, унга банда ўз ҳаракати билан етиша олмайди. Аллоҳ Ўзи хоҳласагина беради. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам баён этилган:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ * أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

Яъни: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур.Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир. (Шўро.49-50)

Ўша сара неъматнинг тарбияси доимо муҳим ва эътиборлидир.

Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари эл аро мушҳур ва маъруфдир:

كل مولود يولد على الفطرة فأبواه يهودانه أو ينصرانه أو يمجسانه

 “Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти)

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди.

Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ.

Демак боланинг келажаги асосан ота ва она тарбиясига боғланар экан. Шундай экан, фарзандлар парваришида охират диёрини ҳис қилмасликка ҳақли эмасмиз. Бугунги ёшлар тарбияси ҳақида баён қилинаётган ҳавойи сўзлардан чарчагандирмиз, лекин Холиқнинг фармонига итоат қилмаслик мутлақо мумкин эмас. Муаммоларнинг асл негизи ҳам яратганнинг кўрсатмаларига риоя қилинмаганлигидандир.

Муқаддас динимиз таълимотларида инсон нафақат ўзини, оила-аҳлини ҳам охират азобидан сақлашга буюрилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ   (سورة التحريم/6)

яъни:Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг (“Таҳрим” сураси 6-оят).

Инсон ўзи, аҳли аёли ва фарзандларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.

Олтинкўл туманидаги “Ҳазрат Умар” жоме

масжиди имом-хатиби                               

Сирожиддин домла Ҳакимов