Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабининг  давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Азиз фарзандларимиз, айниқса, келажагимиз ва ўринбосарларимиз бўлган ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур хурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш бугунги куннинг муҳим ва энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ёшларимиз барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

 Ҳалқимизда бир мақол бор: “Одобли бола элга манзур”. Одобли бола ҳамма жойда ажралиб туради. Одобли боладан барча мамнун ва миннатдор бўлади, ҳамда ота-онасига раҳмат айтади. Яхши хулқ-одоб белгилари мавжуд бўлиб, улар ўн хил бўлар экан:

  1. Хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик;
  2. Ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик;
  3. Ўзгаларнинг камчиликларини қидирмаслик;
  4. Бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш;
  5. Агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш;
  6. Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш;
  7. Кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш;
  8. Ўз нуқсонларини кўра билиш;
  9. Одоб-ахлоқли бўлиш;
  10. Хушмуомала бўлиш.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Эй умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу давлат, хайру эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзлик ва хушхулқлик билан  бир-бирларингизнинг розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар”– деганлар (Имом Баззор ва Байҳақий).

Яна: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, (Имом Ҳоким) ҳадислари ҳам мавжуд.

Демак, шариатимиз кўрсатмасида фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берилиб, одоб-ахлоқли фарзандни тарбиялашдаги қатор кўрсатмалари мавжуд. Шунинг билан бирга фарзанд тарбиясига беътибор бўлинса, унинг оқибати салбий ҳолатга олиб келиши ҳақида ҳам огохлантиришлар баён қилинган. Буларга амал қилиш орқали яхши фарзанд тарбиялаб, ҳалққа қўшадиган бўлсак, рахмат эшитамиз ва қиёматда ҳам фойдамизга хужжат бўладиган амални бажарган бўламиз. Албатта, фарзанднинг одоб-ахлоқли бўлиб улғайишида, ёшликдан касб-хунар билан машғул бўлишини таминланса, бўш вақти кўп бўлмаса, ана шундагина биз назарда тутаётган тарбияли фарзанд улғайтиришга муяссар бўламиз. Фарзанд тарбия қилишимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин. Аждодларимиздек буюк алломалар, олиму-фузалоларнинг ота-онаси бўлишлигимизни барчаларимизга муяссар этсин.

Олтинкўл тумани  “Кўтармачек”

жоме масжиди имом-хатиби

А.Худайбердиев.