Фарзанд тарбияси юрт тараққиёти

865

Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Ҳозирги вақтда азиз фарзандларимиз, айниқса, келажагимиз ва ўринбосарларимиз бўлган ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшаоладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур хурмат қилиш руҳида улғайишларини таминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишни энг муҳим ва энг долзарб вазифалари бири бўлиб ҳисобланади. Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”,-деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

 Ҳалқимизни бир сўзи бор: “Одобли бола элга манзур”, албатта бу ва шунга ўхшаш бир қанча одобга чақирувчи маталлар бежизга айтилмаган, ва бефойда бўлмаган. Одобли бола ҳамма жойда ажралиб туради. Одобли боладан ҳамма мамнун ва миннатдор бўлади, ҳамда ота-онасига раҳмат айтади. Яхши хулқ-одоб белгилари мавжуд бўлиб, улар ўн хил бўлар экан:

Биринчиси-хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик.

Иккинчиси- ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик.

Учинчиси- ўзгаларнинг камчиликларини қидирмаслик.

Тўртинчиси-бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш.

Бешинчиси- агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш.

Олтинчиси- муҳтожларга ёрдам кўрсатиш.

Еттинчиси- кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш.

Саккизинчиси- ўз нуқсонларини кўра билиш.

Тўққизинчиси- одоб-ахлоқли бўлиш.

Ўнинчиси-хушмуомала бўлиш.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Эй умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу давлат, хайру эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзлик ва хушхулқлик билан  бир-бирларингизнинг розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар”-деганлар (Имом Баззор ва Байҳақий).

Яна: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсиз ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, (Имом Ҳоким)

Демак шариатимиз кўрсатмасида фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берилиб, одоб-ахлоқли фарзандни тарбиялашдаги кўрсатмалари мавжуд экан. Шунинг билан бирга фарзанд тарбиясига беътибор бўлинса, унинг оқибати салбий ҳолатга олиб келиши ҳақида ҳам огохлантиришлар баён қилинган экан. Буларга амал қилиш орқали яхши фарзанд тарбиялаб, ҳалққа қўшадиган бўлсак, рахмат эшитамиз ва қиёматда ҳам фойдамизга хужжат бўладиган амални бажарган бўламиз экан. Албатта фарзандни одоб-ахлоқли бўлиб улғайишида, ёшликдан касб-хунар билан ҳам машғул бўлишини таминланса, бўш вақти кўп бўлмаса, ана шундагина биз назарда тутаётган тарбияли фарзанд улғайтиришга муяссар бўламиз. Фарзанд тарбия қилишимизда Аллоҳ таоъло ўзи мададкор бўлсин. Аждодларимиздек буюк алломалар, олиму-фузалоларни ота-онаси бўлишлигимизни барчаларимизга муяссар этсин.

Сирожиддин Хакимов

Олтинкўл туман

“Ҳазрати Умар”

жоме масжиди имом-хатиби