“Тарбия бизлар учун ё ҳаёт-ё мамот,
ё нажот–ё ҳалокат, ё саодат-
ё фалокат масаласидир”.
Абдулла Авлоний
Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши аввало ўзимизга боғлиқдир. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота–она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” -дедилар. Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим.
Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура ва ғойри инсоний ёт ғоялардан сақлаш ҳам ота-онанинг бурчларидан бири ҳисобланади. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, эл-юртига садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади. Фарзандини жисмонан соғлом, бақувват қилиб вояга етказмоғи ҳам ота-она зиммасидаги бурчлардан биридир. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар,” – деб фарзандларни чаққон, соғлом, бақувват, зийрак ва ҳунарли қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар. Чунки соғлом ва кучли инсон ҳар доим ўз элига, ватанига наф келтиради.
Фарзанд тарбияси билан унинг гўдаклик давриданоқ, ҳатто дунё юзини кўрмасидан аввал шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билганлар. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзининг замирида олам-олам маъно бор. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал килишни ўргатиб назорат этиб турганлар.
Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири-шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандларни, аввало, яхши оила, яхши ота-оналар тарбиялайди.
Ижодкор халқимиз яратган ўзбекона қадриятлар, ранг-баранг ва беқиёс бўлиб, уларнинг ҳар бири яхлит бир асардир. Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавиятда инсоннинг иймони, эътиқоди, аҳлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг юксак маънавият соҳиби эканлигига далолат қилади.
Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор кўрсатилган. Салаф уламоларимиз фарзанд тарбиясини тўрт қисмдан иборат эканлигини баён қилганлар:
1.Эътиқод тарбияси;
Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан бошлаб, то вояга етиб мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари ёшига мос равишда ўргатиб борилади. Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келар экан, фарзанд қалбидаги ана шу софликни сақлаб, уни шакллантириш ва турли хил ғойри инсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт-бегона бўлган турли ғоялардан асраш ота-оналарнинг энг муҳим вазифасидир.
- Жисм тарбияси;
Ота-она фарзандини жисмоний соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда болани етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туришига ва уни жисмонан бақувват ҳолда вояга етиши учун имконият яратиб беришга эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бизнинг ҳам келажагимизни таъминлаш эканлигини асло ёддан чиқармаслик лозим. “Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”.
Фарзанларимизга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчларидандир.
- Фикр (ақл) тарбияси;
Бу тарбия – тарбиянинг энг масъулиятли қисмларидан бири ҳисобланади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади.
- Ахлоқ тарбияси;
Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб дунё ва охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Яхши тарбия – саодатли келажакдир, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Биз фарзандимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўламиз.
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом-хатиби