Фарзанд неъмати ва унинг тарбияси.

713

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саломлар бўлсин !
Аллоҳ таоло бизни барча оламларнинг афзали пайғамбаримиз алайҳиссаломга уммат қилиб бу умматнинг ичидан мусулмон қилиб яратди. Бу бизларга берилган Аллоҳнинг энг катта неъматидур. Бизларга яна бошқа неъматлари ва мархамати чексиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Агар Аллоҳнинг неъматларини ҳисобламоқчи бўлсангиз ҳисоблаб тугата олмайсиз” дейди.
Яна бир катта ва улуғ неъмати бу фарзанд. Роббимиз бизларга фарзанд бериб, уни яхши тарбиялашни зиммамизга юклади. Тарбия хусусида пайғамбаримиз алайҳиссалом бизларга тавсия бердилар.Фарзандларингизни уч нарсанинг мухаббати: “Аллоҳнинг ва китобининг ва росулининг мухаббати билан тарбия қилинглар” дедилар. Фарзандларимизга Аллоҳни танитиб, ўз каломи Қуръони каримни, пайғамбаримиз алайҳиссаломни севишни ўргатишимиз лозим. Шу билан бирга ватанимизни севадиган, унинг равнақига, тинчлигига ўз хиссасини қўшадиган қилиб тарбиялашимиз керак. Ёшликларидан одоб ўргатиб, диний ва дунёвий илмлардан хабардор қилиш бизнинг бурчимиз. Келажакда қайси соҳага қобилияти яхшилигини сезиб, ўша соҳага йўналтириш, уни эгаллашида барча шароитларни яратиб беришимиз даркор. Шунда фарзандларимиз ватанимиз истиқболи учун ўз соҳалари бўйича бор имкониятларини сарфлайдилар.
Тарихга назар солсак муҳаддислар султони, пешвоси бўлган имом Ал-Буҳорий хазратлари таҳсил олиш вақтларида устозлари у кишидаги хадис илмига бўлган қобилиятларини сезганлар ва шу илм билан шуғулланишларини маслахат берганлар. Бу ишнинг натижаси ҳаммамизга маълумки Буҳорий хазратлари хадис илмида ном таратдилар.
Яна фарзандларимизни ҳар-хил оқимларга қўшилиб қолмасликларини, огоҳ бўлишларини тушунтиришимиз керак. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларидаги ҳар-хил норасмий сайтларда ватанини қадрламайдиган, адашган, ислом динини ниқоб қилиб, динимизни нотўғри талқин этаётган кимсалар жуда кўп тарқалган.  Ана шундай одамларнинг алдовларига алданиб қолмасликларини тушунтириш лозим. Шу билан фарзандларимиз олдидаги бурчларимизни адо қилиб Аллоҳ таолога имкон қадар шукр келтирган бўламиз.
Аллоҳга шукр келтириш эса унинг неъматларини зиёда бўлишлигига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Хаммамизга фарзандларимизни чиройли тарбия қилишни насиб қилиб келажакда ёшларимиздан имом Ал-Бухорий хазратларидек буюк инсонлар етишиб чиқишларини муяссар айласин!
Андижон шахар имом “Ал-Буҳорий” жоме масжиди имом-ноиби Шерматов Расулжон