Sabot.uz, [04.12.19 21:21]
[Переслано от Усмонов Умиджон]
фарзанд масулияти
Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота-онага топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Шунинг учун ота-оналар фарзанд олдидаги бурчларини чиройли адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйиш, яхши таълим тарбия бериш , Аллоҳни розилигини топадиган, ўз миллатига, Ватанига садоқатли,
ота-онасига муносиб фарзанд қилиб ТАРБИЯлашлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди:
“Эй, иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзахдан сақлангки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилур)”.(Таҳрим 6)
Бу ояти карима билан Аллоҳ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки бизга омонат қилиб берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда. Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “ Ихёу улумид-дин” китобида бундай дейилади: Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса , қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.
Шунинг учун сиз билан биз, ота-оналар мурғак чақалоқларимизни эркалаб, ардоқлаб ўстирар эканмиз, фақат уларни жисмоний соғлиги, билан биргаликда, уларнинг маънавий бойликлари ва инсоний фазилатларини баркамол қилиш ҳақида ҳам қайғуриб боришимиз керак бўлади. Абдулла Авлонийнинг фарзанд тарбияси ҳақида «Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир» деган эди.
Ҳамма ўзини билиб, фақат ўзини ғамини еб, аҳлия ва фарзандларини эса фақат моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланиб қолмасдан, уларнинг ҳам бу дунёда ҳам охиратда аҳли, солиҳ бўлишлари учун қайғуришимиз керак бўлади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар:
“Ҳар бирингиз бир раҳбарсизлар ва қўл остингиздагилар ҳақида сўраласизлар”.
Бошқа бир хадиси шарифда:
“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.
Демак, ота-оналар ва устозлар ёш фарзандларга одоб-ахлоқ, илм ва касб-ҳунарларни мукаммал ўргатиб қизиқтиришлари лозим. Чунки уларда шу вақтда ақлий ва жисмоний давр бўлади. Айниқса, улар учун илм олиши жуда муҳим бўлади. Халқимизнинг «Қуш уясида кўргани-ни қилади», деган доно мақоли бежмиз айтилмаган.
Буюк аллома ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб шундай деган эди: “Ёш бола ўқийдиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши наъмунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан. Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин-мусулмонлар, имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари лозим. Лекин оят ва хадисларда илм-маърифат билан шуғулланиш нафил ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий илмларни қадри исломда йўқдек нотўғри эътиқодда бўладилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, уй-рўзғор ишларидан тортиб спорт ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.
Демак, биз ота-оналар ва устозлар фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз, беҳуда ўйин кулгуларга вақтини бекор сарфламасликка ўргатишимиз, унга амал қилишимиз лозимлиги маълум бўлади. Агар ёшларимиз илимли билимли доно бўлса давлатимизни тараққиёти янада зиёдалашади, ахир давлатимиз келажаги ёшларку.
Бўз тумани
“Абдулазизҳон” масжиди имом-хатиби М.Ўсканов