Фарзанд Аллоҳнинг неъмати

1492

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат бўлиб, бунинг қадрига фарзанд доғида юрган кишилар етади. Фарзанд соғлом бўлиши учун аввало янги қурилаётган оилаларга эътибор қилмоқ лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в Умму Салама онамизни ўзлари уйланмоқчи бўлган бир аёлга совчи қилиб юбораётганларида келинни бориб кўришликни, уни ҳидлаб кўришликни ва уни бўйин томирларини ушлаб кўришлигини буюриб, соғлом эканлигига ишонч ҳосил қилишни мақсад қилганлар. Бу ҳолат никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг бир кўринишидир. Тиббий кўрик асосида қурилган оилалардаги эр ва хотин соғлом, бир – биридан шубҳадан холи бўлган ҳолатда ҳаёт кечирадилар. Шунингдек, улардан дунёга келадиган фарзандлар ҳам соғлом бўладилар. Фарзандларнинг соғлом бўлиши жамият ва халқнинг келажагининг барқарорлиги гаровидир.
Ҳозирги пайтга келиб ислом дини уламолари балоғат ёши билан оила қуришга тайёрлик ёши ўртасида фарқ борлигини таъкидлаганлар. Яъни ибодат балоғати ва камолат балоғати (оила қуришга тайёрлик) ни ўртасида фарқ мавжуд бўлиб, камолат балоғати минтақавий-иқлимий шароитларни инобатга олиб бир мунча кейинроқ бўлади деб белгиламоқдалар. Яъни, тиббиёт олимларининг маълумотларига кўра, юртимизда оила қуриш балоғати қизлар ва йигитлар учун камида 18-20 ёш атрофида деб таъкидламоқдалар. Қонунларимиз ҳам мазкур маълумотларга мувофиқ тарзда қабул қилинган. Демак, балоғат ёшига етди деб қиз ва ўғилларимизни эрта уйлаб ёки турмушга берар эканмиз, уларнинг келгусидаги ҳаётларига хавф солаётган бўлмаймизми? Оила қуришга тайёр бўлмаган қиз қандай она бўла олади? Фарзанд дунёга келганда хам соғлом фарзанд дунёга келишига ким кафолат бера олади?
Яна бир муаммолардан бири қариндош уруғлар ўртасида никоҳ тузилишидир. Бунга муқаддас динимизнинг мўътабар манбалари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда кескин раддиялар келтирилган. Жумладан,Пайғамбаримиз с.а.в нинг олдиларига бир қабиладан вакиллар келиб, қабилаларидаги фарзандлар нимжон, носоғлом ва касалга тез чалинувчан бўлиб бораётганларидан шикоят қилиб келишди. Расули акрам с.а.в бориб мазкур қабиланинг ҳаётларини ўргандилар. Ўрганганларида мазкур қабила бошқа қабила ва уруғларга қиз бермас ва олмас экан, яъни бошқа қабилалар билан қудачилик қилмас экан. Ушбу ҳолатнинг сабаби айнан бир уруғга мансуб бўлган қариндошларнинг турмуш қуриши эканлигини аниқлаб, уларни ўзга уруғ ва қабилалар билан қуда – андачилик қилишга буюрган эканлар.
Замонавий тиббиёт ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳларни салбий оқибатларга олиб келишини илмий томондан исботлаган. Ота – оналар ушбу ҳолатларни доимо ёдда тутмоғи лозим. Зеро, фарзандларимиз келажаги ва юртимиз равнақининг барқарорлигига барчамиз бирдек масъулмиз.

Шаҳрихон тумани
бош имом – хатиби: И. Турғинов