Фарзанд қалб райҳони

1501

Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Гўдаклигида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилса, улғайганида ёрдамларига муҳтожлик сезамиз. Дунёдан ўтганимиздан кейин эса номаи аъмолларимизга улар қилган солиҳ амаллар ва дуолари баракотидан узлуксиз савоблар етади.
Аллоҳ таоло: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…” дея марҳамат қилган.
(«Каҳф» сураси, 46-оят).
Ота фарзандларига меҳр кўрсатиши, ҳамда яхши тарбия бериб, илм ўргатиши зарур бўлади. Шунингдек, уларга ҳар фурсатнинг қимматли эканини тушунтириши, ҳалол, пешона тери билан топилган ризқ-рўзда барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилиши ҳамда қизиқишию хоҳишларига қараб касб-ҳунарга йўналтириши мақсадга мувофиқдир.
Шундагина фарзанд отанинг айтган йўлдан юради ва унинг насиҳатларидан таъсирланиб, ўгитларига амал қилади.
Таътил пайтларида ҳам болаларни бўш қўймаслик, яъни гиёҳвандлик каби зарарли иллатлар ва турли ёт оқимлар тузоғига илинишдан ҳимоя этишимиз талаб қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!”(Имом Термизий ривояти).
Фарзанднинг ахлоқ-одобига ёмон дўсту ёрларнинг ҳам таъсири катта бўлади. Уларнинг нима билан машғуллиги, атрофидаги суҳбатдошлари ким эканига эътиборли бўлиш жуда муҳимдир.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг беҳузр бўлади”.
Фарзандларимиз тўғри эътиқодда, эзгу фазилат ва юксак ахлоқли бўлиб тарбия топиши учун уларни ҳалолликка, эзгу ишларга, инсоф-адолатга, бошқаларга яхшилик қилишга чорлаш зарур. Донишманд халқимиз: «Қуш уясида кўрганини қилади”, дея бежиз айтмаган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бўлиб, уни пухта билиш ва эгаллаш шу даврда яшаб турганларнинг вазифасига киради. Оилада фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз лозим.
Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг асосидир. Яхши инсонларнинг ёрдами доим оиласига, жамиятга ва Ватанига етиб туради. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хавф-хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим.
Ёшларни кийиниш, еб-ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишда бой миллий қадриятларимиз руҳида камолотга етказиш, айниқса, муҳимдир.
Фарзандлар бизнинг меросхўрларимиз, улар биздан сўнг амалларимизнинг давомчиларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Инсон вафот этгач, унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса сабаб унинг номаи аъмолига узлуксиз савоб етиб туради. Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) болаларни эркалаб, “Улар – жаннат райҳонларидир”, деганлар. Улар бундай мақомга муносиб бўлишлари учун эса чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб тарзда тарбияланиши лозим.

Шаҳрихон тумани
«Халимқори» жоме масжиди имом-хатиби
М.Сиддиқов