Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлиб бизларга ато этган дин – Ислом дини эзгулик динидур. Бу динда на зўравонлик, на зулм, на босқинчилик ҳукмрон бўлғай, балки бу диннинг асоси эзгулик, инсонпарварлик ва бағрикенгликдир.
Ислом дини аввалида ҳам бошқа миллат ва дин вакиллари мусулмонларга хиёнат қилмагунларича муросада бўлганлар. бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шудай оят нозил қилган:
عَسَى اللَّهُ أَن يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُم مِّنْهُم مَّوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ * لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
Яъни: “Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечиргувчи ва раҳмлидир. Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”. (Мумтаҳина. 7-8)
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат бўлиб келганлар:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
Яъни: “Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё. 107)
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба. 128)
Тафсирларга кўра ушбу оятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло Ўзининг икки исми билан бирла (رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ ) зикр қилган. Бу сифат ҳар кимга ўз насибаси ва камолоти даражасида берилади. Кимга мутлоқ меҳрибонлик насиб қилган бўлса, бу унинг камолотидан нишонадур. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар барча инсонлардан кўра марҳаматлироқ бўлган эса, уларнинг хотами, сарвари коинот Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг мўл насибага мушарраф бўлганлар.
Шубҳасизки, Ул зотнинг бутун оламга тошиб тўлган раҳмати интилганларни ўзига ошно қилур, узоқдагиларни яқин қилур. Агар ул зотнинг беҳисоб илтифотлари ва беқиёс хушмуомалаликлари бўлмаса эди, қиёматгача куррайи замин бўйлаб тарқалиб боргувчи беназир жамоатга асос сола олмас эдилар. Бу улкан неъматни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасида (159-оятда) зикр қилади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар”.
Ҳа, аслида ҳам шундай. Зеро ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат бўлиб келганлар. Бу муқаддас рисолатнинг гўзал таълимоти башарият табиати ўзида доимо эҳтиёж сезиб турадиган гўзал хислат – муҳаббат, меҳрибонлик ва ошноликка йўғрилган.
Шунинг учунки, Ислом дини ўзининг адолат, бағрикенглиги ва бошқа эзгу хислатлари ила тез орада оламни раҳмат ила забт этган.
Бу динда ноҳақ қон тўкиш оғир гуноҳ саналади:
مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَن قَتَلَ نَفْساً بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعاً وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعاً وَلَقَدْ جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيراً مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ
Яъни: “Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар”. (Моида. 32)
Ислом дини ана шундай тинчликпарвар ва эзгулик динидир.
Шарофуддинов Мухторжон. Марҳамат тумани бош имом хатиби