Шаръий маънога эга танлов ва кўрикларда, хайрли ишларда мусобақалашиш яхши амал экани, Исломда тарғиб қилингани ҳақида умумий сўзлар айтилса-да, ҳали кўпчилигимиз бу борада илмий маълумотга эга эмасмиз. Бунинг устига баъзан Қуръон мусобақалари ўтказишга салбий муносабатдаги кишилар ҳам учраб туради. Уларнинг даъволарича, бунда Қуръонни Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсадда, яъни олқиш ва совринни кўзлаб ўқиш бор, шунинг учун бу иш дуруст эмас экан. Бундай вазиятда кўтарилаётган масалага оят ҳадислардан, шаръий асосда, илмий равишда бор гапни баён қилиш лозим. Ана шу эътибордан, динимизнинг шу мавзуга доир аҳкомларидан, шариатимиз кўрсатмалари ҳавола қилиб ўтамиз.
Мусобақа ҳақида сўз борар экан, бу борадаги гаплар асосан икки нуқта атрофида айланади:
- Ислом шариатида ўзаро беллашув ўтказиш мумкинми?
- Беллашувда ғолиб бўлганларнинг соврин олиши жоизми?
Ислом инсонийлик дини, ҳаётий дин бўлгани, дунё ва охиратнинг бахт-саодатини кафолатлагани боис, яхшиликка олиб борувчи барча ишларга кенг йўл очиб, тарғиб қилган, ёмонликлардан қайтарган ва инсон манфаатини юқори қўйиб, унинг учун зарарли бўлган, жонига ёки молига зиён келтирадиган барча ишларни тақиқлаган. Бу ҳақиқатни ушбу ўзимиз ўрганаётган мавзу мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ислом шариатида барча иш-амаллар, нарсалар асли ҳалол ҳисобланади. Чунки, Аллоҳ таоло барча нарсани инсон учун яратганини айтган. Бу эса уларнинг ҳалол, мубоҳ бўлишини тақозо этади. Тазкиро китобида келишича Фақат шариат инсоний манфаатларни кўзлаб тақиқлаган, қайтарган иш-амаллар ва нарсаларгина ҳаром ё макруҳдир. Шунга кўра, беллашув ҳам аслида жоиз амал ҳисобаланади, модомики унда шариатга хилоф иш бўлмаса.[1]
Ислом шариатида тўлақонли манфаатли ишларда кишилар ўртасида беллашув, мусобақа ўтказиш нафақат жоиз, балки тарғиб қилинган амаллардан саналади. Бу иш бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида шариатда жорий қилинган.
Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида «Отлар ўртасида мусобақа ўтказиш ҳақида» деган боб очиб, унда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:
“Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) совутилган отларни Ҳафёдан Санийятул-вадоъгача, совутилмаганларини эса Санийядан Бану Зурайқ масжидигача чоптиргиздилар. Мен ҳам от чоптирганлар орасида бор эдим”.[2]
Суфён: “Ҳафё билан Санийятул-вадоънинг ораси беш ёки олти мил, Санийя билан Бану Зурайқ масжидининг ораси бир мил”, деган.
Мил – арабларда узунлик ўлчовининг номи бўлиб, ўртача тўрт минг қадам, пиёда юрганда ўртача ярим соатлик масофа. Бугунги ҳисобда эса бир мил 1848 метрга тенг.
Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида «мусобақа» сўзи очиқ ишлатилган.
Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:
“Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) отлар ўртасида мусобақа уюштирдилар. Уларнинг совутилганлари қўйиб юборилар экан, марраси Ҳафёдан Санийятул вадоъгача бўлди. Совутилмаганларининг марраси эса Санийятул вадоъдан Бану Зурайқ масжидигача бўлди. Абдуллоҳ ҳам мусобақалашганлар ичида бор эди”.
Анас (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг Азбо деган моялари (урғочи туялари) бор эди. Ундан ўзиб бўлмасди. Бир аъробий тойлоқ туясида келиб, ундан ўзиб кетди. Мусулмонларга бу оғир ботди ва “Азбо ортда қолди-да”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ дунёда ниманики кўтарса, уни пастлатиши ҳам барҳақдир”, дедилар”. Имом Бухорий ривояти. [3]
Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:
“Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) камон отаётган бир неча асламликларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Отинглар, Исмоилнинг авлодлари, чунки отангиз мерган бўлган. Отинглар, мен Бану Фалон биланман!” дедилар. Гуруҳлардан бири қўлларини тушириб олишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларга нима бўлди, отмаяпсизлар?” дедилар. Улар: “Сиз улар билан бўлсангиз, қандай отамиз?” дейишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Отинглар, мен ҳаммангиз биланман!” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.[4]
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким (пойгада) икки отга яна бир отни улардан ортда қолиш-қолмаслигини билмай туриб қўшса, бу қимор эмас. Лекин улардан ортда қолмаслигини билиб туриб қўшса, бу қимордир”, дедилар”. Имом Абу Довуд ривояти.
Ушбу ҳадиси шарифлардан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари туя ва отлар ўртасида пойга ўтказганлари, камончилар ўртасида мерганлик мусобақаси уюштирганлари ва бунга доир ҳукмларни баён қилганлари маълум бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқада мусобақа йўқ”, дедилар”. Имом Абу Довуд ривояти.
“Жуфттуёқ” деганда туя, “тоқтуёқ” деганда от, ҳачир, “пайкон” деганда камон отиш назарда тутилган. Ҳадисдаги “мусобақа йўқ” деб айтилган иборани кўпчилик шориҳлар, фуқаҳолар “мусобақа қилишга арзимайди”, деб изоҳганлар.[5]
Имом Термизийнинг ривоятида ушбу ҳадисда биз “мусобақа” деб ўгирган “сабқо” феъли “сабақо” шаклида келади. Бунда сўзнинг маъноси янада аниқлашиб, “мусобақа қатнашчисига бериладиган соврин”ни англатади. Шунда ҳадисдан “Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқа мусобақада соврин бериш йўқ”, деган маъно келиб чиқади.[6]
Айрим уламолар ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносини олиб, бунга югуришни ҳам қўшиб, ушбулардан бошқа соҳаларда мусобақа қилиш дуруст эмас, дейишган. Аммо Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ва мутааххир уламоларнинг жумҳури ҳадисни кенгроқ маънода тушунганлар ва мазкур ҳадис мисол тариқасида айтилган бўлиб, шу қабилдаги яхши, керакли ишларда мусобақа уюштириш жоиз, дейдилар. Улар ўз сўзларига бир неча далиллар ҳам келтирадилар:[7]
- Мазкур ҳадиснинг маъноси умумийлигининг далили шуки, унда югуриш бўйича мусобақа қилиш айтилмаган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари Оиша (розияллоҳу анҳо) билан югуришда мусобақа ўйнаганлари, Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу)ни югуриш мусобақасида қатнаштирганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. Агар мазкур ҳадиснинг зоҳири олинса, ҳадислар ўртасида қарма-қаршилик келиб чиқади. Бундан маълум бўладики, ҳадис мисол тариқасида, маълум вазиятда айтилган.
- Қуръони Каримнинг бир қатор оятларида яхшилик ишларида мусобақалашишга чақирилган. “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга мусобақалашинг”. “Оли Имрон” сураси, 133-оят.
“Мутоффифун” сурасида жаннат аҳли ва уларга бериладиган ноз-неъматлар ҳақида сўз кетганда “Мусобақа қиладиганлар мана шу учун мусобақа қилсинлар” (26-оят), дейилган. Ушбу оятларнинг лафзи умумий бўлиб, биз сўз юритаётган мусобақаларни ҳам ўз ичига олади.
- “Юсуф” сурасида Яъқуб (алайҳиссалом) нинг ўғиллари шундай дегани келтирилади: “Отажон, биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб, ўзимиз мусобақалашиб кетган эдик, уни бўри еб қўйибди” (17-оят).
Ушбу оятда буюк пайғамбар – Яъқуб (алайҳиссалом) нинг ўғиллари ўзаро югуриш мусобақаси ўтказганлари айтилган ва уларнинг бу ишлари танқид қилинмаган.
- Бу каби мусобақа ва кўриклар уюштириш “масолиҳи мурсала” қоидасига кўра мандуб, мустаҳаб амал саналади.
“Масолиҳи мурсала” – Ислом шариатидаги фиқҳий ҳукм олиш қоидаларидан бири бўлиб, унинг луғавий маъноси “эркин манфаатлар” деган маънони англатади. Истилоҳда эса “масолиҳи мурсала” деб шариатда алоҳида эътиборга ҳам олинмаган, бекорга ҳам чиқарилмаган манфаатларга айтилади. Унинг ўзига яраша асослари, шартлари бор. Ушбу қоидага кўра, шариат тасарруфотлари ва мақсадларига мувофиқ келадиган, зараридан фойдаси кўп, кишилар муҳтож бўлган манфаатлар шаръий амаллар сирасига киради. Ушбу манфаатларни жалб қилувчи омиллар ўша манфаат олган ҳукмни олади. Шунга кўра фуқаҳоларимиз айтадиларки, агар юрт, дин ҳимояси каби вожиб ишларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлса, мусобақа ўтказиш вожиб бўлиши ҳам мумкин.
Мусобақа ва беллашувлар уюштириш ҳақида мўътабар фиқҳий манбаларимизда ҳам керакли ҳукмлар баён қилинган.
“Муҳитул Бурҳоний” нинг “Мусобақа фасли” да, жумладан, шундай дейилган:
“Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Отларни мусобақага қўйишнинг зарари йўқ, модомики отлар ета олмайдиган маррага қўйилмаса. Бунга далил Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг мусобақалашганларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) икковларидан ҳам ўзиб кетган эдилар. Шунингдек, туя ва камон отишда мусобақа қилишнинг ҳам зарари йўқ”.[8]
“Шарҳу сиярил кабир” да Ибн Шиҳоб Зуҳрий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилиб, шундай дейилади: “Мусобақа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг асҳоблари ўртасида от-уловда ва пиёда югуришда бўлар эди, чунки ғозийлар пиёда қувиш ё қочишни машқ қилиб, чопишга қийналмайдиган бўлиш учун ўзларини чиниқтиришга муҳтож бўладилар”.
Имом Зайлаъий “Табйинул ҳақоиқ” да айтади:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқада мусобақа йўқ”, деган сўзларига кўра, отда, туяда, югуришда ва ўқ отишда мусобақа қилиш жоиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Салама ибн Акваъга пиёда югуришда ҳеч ким ўза олмаган бир ансорий билан мусобақалашишга рухсат берганлар ва Салама ибн Акваъ ўзиб кетган. Зуҳрий: “Мусобақа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг асҳоблари ўртасида от-уловда ва пиёда югуришда бўлар эди, чунки ғозийлар ўзларини ва отларини чиниқтиришга муҳтож бўладилар. Қувиб қочишни ўрганиш эса мубоҳдир”, дейди”.
Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Қосим Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ал Иҳком” да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг отлар ўртасида мусобақа ўтказганлари ҳақидаги юқорида зикр қилинган саҳиҳ ҳадисларни келтиргач, жумаладан, шундай дейди: “Ҳадис мусобақа қилишнинг шаръий эканига ва бунинг беҳуда иш эмаслигига, балки ғазотдаги мақсадни ҳосил қилишга олиб борадиган, жиҳод учун фойдаси бор мақтовга сазовор машқлардан эканига далилдир. Қуртубий: “От ва бошқа уловларда, югуришда, шунингдек, ўқ отиш ва қурол ишлатишда мусобақалашиш жоизлигида ҳеч қандай хилоф йўқ, чунки бунда уруш учун машқ қилиш бор”, деган”.[9]
“Дуррул мухтор” да ҳатто маррага етиш қайси ҳайвонда қандай белгиланиши ҳақида ҳам сўз боради: “Марра от бора оладиган жой бўлиши лозим, шунингдек, ҳар икки отнинг ўзиб кетиши эҳтимоли ҳам бор бўлиши керак. Югуриш ва мерганликда ҳам шундай бўлиши лозим. Буни яхшилаб уқиб ол. “Ғурарул афкор” да “Ал-Муҳаррар”дан нақл қилинади: “Агар мусобақа туяда бўлса, унинг ўзгани курагига қараб, отлар ўртасида бўлса, бўйнига қараб эътиборга олинади. Оёқларга қараб бўлади, ҳам дейишади”.
Уламоларимиз оят ҳадислардан, шариат асосларидан келиб чиқиб, мусобақа жоиз бўлишининг шартларини ҳам баён қилганлар. Бу ҳақдаги маълумотлардан хулоса қилинса, шартлар қуйидагилардан иборат:
– мусобақа қилинаётган соҳа ёки иш шариатда ҳаром қилинган амал бўлмаслиги. Шунга кўра, жисмга зарари бор спорт турлари, қоидасиз жанг (бои без правил) каби спорт турларида мусобақалашиш жоиз эмас, ҳаром;
– мусобақада гардкам иш бўлмаслиги керак. Шу боис карта, нарда, яширилган нарсани топиш каби ўйинларда мусобақа қилиш жоиз эмас;
– мусобақа вожиб, фарз амалларга монелик қилмаслиги ёки бирорта гуноҳга олиб бормаслиги керак;
– мусобақада беллашувчилардан ҳар қайсисининг ютиш ютқазиш эҳтимоли бўлиши. Мисол учун, тулпордаги киши билан хашаки отдаги кишини мусобақага қўйиш жоиз эмас;
– мусобақада беллашувчиларга бериладиган шароит, имконият ва имтиёзларнинг бир хил бўлиши. Масалан, миниладиган улов ёки отиладиган асбобнинг бир турда, сифатда бўлиши;
– маррани ва нишонни аниқ белгилаш. Мисол учун, ўзимиз ўрганаётган мавзу – Қуръон мусобақасида ғолиблик шартларини, талабларини очиқ баён қилиш. Токи қатнашувчи нима қилса ғолиб бўлади-ю, нима қилса, ютқазади, олдиндан аниқ билсин;
– қатнашувчиларни тайин қилиб олиш. Мусобақа асносида четдан одам қўшиш мумкин эмас;
– ҳакамларнинг соҳа мутахассиси бўлишлари ва холис баҳолашлари, адолатсизлик қилмасликлари.
Ҳайвон уриштириш, уларни бир-бирига қўйиш, нишон қилиб олиш жоиз эмас. Умар (розияллоҳу анҳу) одамларниннг қушни нишон қилиб ўқ отаётганини кўриб: “Ким шундай қилса, Аллоҳ уни лаънатлайди, чунки мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг “Жонни нишон қилган кишини Аллоҳ лаънатласин!” деяётганларини эшитганман”, деган.
Шунингдек, мусобақа жамият ўртасида, одамлар ўртасида адоват, гина-кудурат урчишига, нафрат, парокандалик, тарафкашлик пайдо бўлишига олиб келмаслиги лозим. Акс ҳолда бундай мусобақани уюштириш ҳалол бўлмайди.[10]
Хулоса қилиб айтганда, Ислом шариатида қайтарилмаган ишларда мусобақа ўтказиш жоиз. Аскарлик, ҳарбий машқлар, илмий йўналишлар, фарзандларнинг соғлом, чапдаст бўлишини таъминловчи жисмоний тарбия каби жамият учун керакли бўлган соҳаларда мусобақа уюштириш суннат, мустаҳаб амалдир. Биргина шарт шуки, мусобақа Ислом меъёрлари асосида ўтказилиши керак.
[1] Ат-Тазкиро китоби ат-тобатул аввал 1997
[2] Роҳийқул маҳтум2006 м Софийюрроҳман ал-Муборакфурий
[3] Тарихий Муҳаммадий Алихонтура Соғуний 2019
[4] Роҳийқул маҳтум2006 м Софийюрроҳман ал-Муборакфурий
[5] Саодат асри қиссалари Тошкент 2021
[6] Роҳийқул маҳтум2006 м Софийюрроҳман ал-Муборакфурий
[7] Олтин силсила 3- жуз 2018 Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
[8] Ал-адаб ал-муфрад 3- жуз 2016 Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
[9] Роҳийқул маҳтум2006 м Софийюрроҳман ал-Муборакфурий
[10] Ал-адаб ал-муфрад 3- жуз 2016 Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
ТИИ МСБ талабаси Саидумаров Умархон