(Динда ғулувга кетишнинг салбий оқибатлари)
“Ғулув” сўзи арабча сўз бўлиб, “чегарани бузмоқ, ҳаддан ошмоқ” деган маъноларни англатади. Шариатда эса, дин ишларида эътибор қилинган миқдордан ҳаддан ташқари ошириб юборишдир.
Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури – етарли илми бўлмаса ҳам, Қуръонни ўзича талқин қилишдир. Бундан ташқари, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда динни яхши тушиниб етмасликдан бўлади.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб бундай дейди: “Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси 77 – ояти).
Динда чуқур кетмаслик ва қаттиқлик қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ (сав) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло шариатида ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар” деб уч марта айтдилар.
Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг ҳатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ. Зеро, улар “такфир” (ўзларига эргашмаган ёки диний аҳкомларни тўлиқ бажармаганларни кофирга чиқариш ), “жиҳод” ва “ҳижрат” каби масалаларда ғулувга кетиб, мусулмонларнинг покиза номига доғ туширмоқдалар.
Пайғамбаримиз (сав) видолашув ҳажида бундай насиҳат қилганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиш сабабли ҳалокатга учради”. (Имом Насоий ривояти)
Тарихдан маълумки, ғулув катта фожиаларга сабаб бўлган. Ҳозирда ғулувга кетганлар ҳам мусулмонларни куфрда айблаган хаворижлар тоифасига ўхшаб кетмоқда. Мусулмонларни мазкур такфир билан айблаш мусулмон жамиятларида яқинда пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиёт Ҳазрати Али (ра) даврларининг сўнггида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар, ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни “кофир” дея эълон қилишарди.
Шунингдек, улар гуноҳ содир этган ёки диний амалларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган мусулмонни куфрда айблаб, унинг қонини ҳалол, яъни ўлдиришни мубоҳ санашган эди. Хавориж ёки хорижий номи айни шу бузғунчи оқимга нисбатан айтилсада, кўплаб дин уламолари бугунги кундаги илми оз бўлсада ўзини доно санаб, ўзидан бошқа мусулмоннинг имонига шубҳа билан қарайдиган айрим тоифаларни ҳам “замонамиз хорижийлари”, деб атамоқдалар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав) : “Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади”. деганлар.
Сўфи Оллоҳёр (ар): “Ақида билмаган шайтона элдур, агар минг йил амал деб қилса елдур” деганлар.
“Муҳаммад Розиқбой”
масжиди имоми: О.Каримов