Муборак динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: «Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин», дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни яратганда хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўл-син, жинсий туйғу ва эҳтиёж билан қўшиб яратгандир. Ўша хоҳиш-эҳтиёжни эса никоҳ йўли билан қондириш керак. Шунинг учун ҳам шари-атга никоҳ киритилган. Чунки фақат никоҳ орқалигина ҳар бир инсонда мавжуд ўша жинсий эҳтиёжни ҳалол-пок равишда қондириш мумкин. Бу ўта нозик ва ҳиссиётли амалиётнинг ҳам ўзига яраша одоблари, маданияти бор.
Минг афсуслар бўлсинким, ушбу ўта муҳим одоб ҳам мусулмонлар орасида унутилиб, бошқа ҳолатлардаги каби, ўзга халқларнинг «одоби», яъни одобсизлиги кириб келмоқда.
Ислом маданиятида жинсий алоқа ўта шахсий ва нозик иш бўлганлиги-дан, бу нарса ўзига хос одоб билан муолажа қилинади. У ҳақдаги гаплар кўз-кўз қилинмайди, ҳамманинг қулоғи қизитилмайди. Ноўрин равишда кишиларнинг хаёли бузилмайди.
Ислом таълимотларида эр-хотин ўртасидаги жинсий яқинликнинг одоблари батафсил баён қилинган.
Биз улардан айримларини қисқача эслатиб ўтамиз. Эр-хотин қовушиш олдидан поклик, одоб-ахлоқ руҳида бўлишлари, алоқа мобайнида ҳам шариат доирасидан чиқмасликлари тавсия этилади. Хусусан, яқинлик қилишдан олдин қуйидаги ҳадисда келган дуони унутмаслик лозим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида: «Бисмиллаҳ (Аллоҳнинг номи билан). Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин ва шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан паноҳ топиши мумкин. Агар ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўлса, унга ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Бугунги кунда генетика фани олимлари шуни аниқлашдики, ота-онанинг жинсий алоқадан олдинги ва алоқа вақтидаги жисмоний ва руҳий ҳолатлари бўлажак болага ўтиши мумкин экан. Хиёнат йўли билан – зинодан бўлган болалардаги айрим салбий ҳолатлар, эҳтимол, ана шу омил сабабидандир.
Айрим жиҳатлари энди-энди кашф қилинаётган ушбу масалада ҳам Ислом бундан ўн тўрт аср олдин керакли тавсия ва кўрсатмаларни бериб қўйган экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», – дедилар».
Термизий «Одоб» бобида ривоят қилган.
Бу ривоятда «фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар» деб айтилаётганлар фаришталардир. Ушбу фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар доимо ўша фаришталар, риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч қачон авратларини очмасликлари лозим. Акс ҳолда, фаришталарга озор етказадилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлар: «Агар эркак хотинининг олдига орқа томонидан яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дер эдилар. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг» ояти нозил бўлди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун, Аллоҳ таоло уни Қуръон Каримда зикр қилган.
Доим бўладиганидек, ўша пайтларда ҳам бу нозик ва ўта ҳассос масалада одамлар ичида бўлар-бўлмас гаплар чиқиб турар эди. Жумладан, аҳли китоб, маданият соҳиби саналган яҳудийлар ҳам турли дийдиёларни тарқатиб турар эдилар.
Улар «Агар эр хотинининг олдига орқа тарафидан туриб яқинлик қилса, боласи ғилай туғилади» деган гапни тарқатган эдилар. Аллоҳ таоло юқорида зикр этилган оятни нозил қилиб, уларнинг гаплари ботил эканини баён этди. Қайси томонидан бўлса ҳам экинзорга – бола бўладиган жойга бўлса бўлди. Боланинг қандоқ бўлишига яқинлик қилиш ҳолати сабаб бўлмайди.
Сунан эгалари ривоятида:
«Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир», дейилган.
Ўз хотинининг олдини қўйиб, орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Ундоқ одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки, бу – шаръан ҳаром қилинган ишдир. Шариатда ҳаром қилинган ишни қилган одам эса, лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади.
Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биздан бир киши очиқ жойда бўлади. Ундан ҳид чиқади. Сув оз бўлади», – деди.
«Қачон бирингиз ҳид чиқарса, таҳорат қилсин, аёлларнинг орқаларига яқинлик қилманглар! Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», – дедилар».
Аъробийлар саҳро табиатли бўлганлари учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима тўғри келса тортинмасдан сўраверишар эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга бўладиган саҳобийлар ҳам аъробийлар келиб, бирор нарса сўрашса эди, биз ҳам фойдаланиб қолар эдик, деб туришар эдилар.
Мана, бир аъробий келиб, аъробийчасига савол сўради. Унинг саволи «ҳид чиқарган одам таҳорат қилмай қўяверса бўлавермайдими?» деган маънода эди. Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳид чиқарган одам таҳорат қилиши шарт эканлигини таъкидлаш билан бирга, бошқа бир муҳим масалани ҳам айтиб ўтдилар. У ҳам бўлса, аёл кишининг орқасига яқинлик қилмаслик. Бу жуда муҳим масала, буни эркагу аёл – ҳар бир шахс билмоғи керак. Чунки бу, ҳалол-ҳаромга, гуноҳга тегишли иш. Бу, уят гап деб айтмай кетадиган нарса эмас. Шунинг учун ҳам Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапни айтганларидан кейин «Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», деб илова қилиб қўймоқдалар.
Худди шу маъно бизнинг тилимизда «Шариатда шарм йўқ» деган ибора билан ифодаланган. Ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савобга боғлиқ бўлгани учун, баъзи оддий ҳолатларда уятли ҳисобланган гапларни ҳам гапиришга тўғри келиши шундоқ изоҳланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркак ёки аёл кишининг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас», – дедилар».
Икковини Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ривоятда зикр қилинган иш энг мункар, энг жирканч ишлардан эканлиги, уни инсонлик табиатидан чиқиб кетган малъунларгина қилиши мумкинлиги ҳаммага маълум ва машҳур.
Қўлимизга бир ҳат келди, уни очиб ўқилганда аёл киши мажбур бўлганидан, аёллигига қарамасдан уни ёзганлиги, эора шу сабаб бошқа аёллар бу ишдан жабр кўрмаса, қисқаси ҳатни ўқиб йиғлайсиз мусулмон эркак шу ишни қилганидан… Ҳатни мазмуни Аёл кишини оғиз бўшлиғи билан қониқтириш борасида…
Эр-хотин ўртасидаги жинсий муомалалар ҳам ислом одоблари доирасида бўлиши лозим. Ислом шариатининг талаби – яратилган ҳар бир нарсадан ўз ўрнида фойдаланишдир.
Ҳатда ёзилган иш эса мақталинган ахлоқларга, исломнинг гўзал одобларига хилофдир. Соф табиатли инсон бундай ишни хеч қачон қилмайди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай ишлар сабабли тупук аралаш маний ёки мазий каби ифлос нажосатларни ютиб юбориши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара сураси, 222-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло обдон покланиб юрувчиларни севади дейиляпти. Шунинг учун нажосат тегиши эҳтимоли бор нарсалардан ҳам сақланишимиз лозим бўлади. Тана аъзоларидан бош қисмидан бўлган юз инсоннинг энг улуғ аъзоси ҳисобланади. Илм-маърифат шу жойда жойлашган. У жойдан ҳикматлар чиқади. Ундан ташқари Қуръон ўқийдиган тилнинг бундай нажосатларга ёки нажосат ўринларига тегиши лойиқ эмасдир. Соф табиатли тақводор инсон аёлидан лаззат олганда ҳам эҳтиёткорлик ва тақво йўлини лозим тутиши керак. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз лозимки, бундай ишнинг ортидан саратон каби айрим бедаво касалликларнинг келиб чиқиши бугунги кунда исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Инсон қасддан ўзини касалликка ташлаши эса шаръан ман қилинган иш… бу ишни билмай қилган одам тезлик билан тўхтатиб Аллоҳга тавба қилиш керак, зеро Роббимиз тавбаларни қабул қилгувчи Зот. Аллоҳ таоло бутун дунёни, хоссатан, она заминимизни бу каби беҳаёликлардан ўз паноҳида асрасин. Адашиб қолганларнинг тўғри йўлга қайтишларига Ўзи тавфиқ берсин.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Эр-хотиннинг орасидаги шариат иши (мубошарат) фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўла-диган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади, жамиятда фоҳиша гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам қуйида ўрганиладиган ривоятимизда бу ишни қиладиган киши шайтонга ўхшатилмоқда.
«Сунан» эгаларининг ривоятида:
«Унинг мисоли урғочи шайтон кўчада эркак шайтонга дуч келиб, одамлар қараб турганда ундан (урғочи шайтондан) ҳожатини қондириб олганга ўхшайди», – дейилган.
Эр-хотинларнинг ўзлари ораларидаги жинсий ҳаёт ҳақида бошқаларга сўзлаб юришлари ана шундай шармандали иш ҳисобланади. Шунинг учун мўмин-мусмон эркагу аёл ўзаро жинсий сирларини ҳеч кимга айтмасликлари керак.
Аллоҳ таоло юртимизни ёмон кўздан асрасин, ёру-биродарлар, қон-қариндошларимиздан айирмасин, оилаларимизни тинч қилсин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват, ғайрат шижоат, хонадонларимизга қут-барака берсин.
Манбалар асосида тайёрланди
Мухаммадкуддус домла Абдулманнон
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби