Эр-хотинларнинг ўзаро сирлари

564

Ҳар бир киши оила аталмиш муқаддас риштани боғлар экан, жуфти ҳалоли билан бир умр бахтли ҳаёт кечиришни, шириндан-шакар, солиҳ ва солиҳа фарзандларни улғайтириб, уларнинг яхши кунларини кўришни, ҳаёт сўқмоқларида жуфти билан бирга қадам ташлашни истайди. Ҳар бир оиланинг ўз сирлари бор. Муқаддас динимиз бировнинг айбларини беркитиш, бошқаларнинг сирларини ошкор қилмасликни буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:
“Ким бир мўминнинг айбларини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбларини дунё ва охиратда беркитади…”
Эр-хотин ҳам бир-бирининг сирлари борасида масъул бўлиб, бу сирларни бошқалардан сақлаш, ташқарига чиқиб, ёйилиб кетишидан ҳимоялаш уларнинг умумий мажбуриятидир. Эр-хотин бошқалардан сақлаши лозим бўлган сирлар бу – эр-хотинлик муносабатлари ва уларнинг хилқати борасидаги маълумотлардир.
Динимизда оилавий маълумотларни бегоналарга тарқатиш катта гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оиласидаги маълумотларни тарқатган кишилар ҳақида қуйидагича тавсиф берганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизларнинг орангизда эшикларини ёпиб, пардаларини тушириб, Аллоҳ таоло сатри ила тўсилиб ўз аёлига яқинлашадиган кишилар бор-а?” Саҳобаи киромлар: “Шундай”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шундан сўнг ўтириб: “(аёлим билан) ундай қилдим, бундай қилдим”, деб айтадими?”, дедилар. Саҳобаи киромлар сукут қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга юзланиб: “Сизлар орангизда (мана шундай) деб айтадиганлар борми?”, дедилар. Улар ҳам сукут қилишди. Шунда бўйи етган бир қиз тиззаларидан бирига суяниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриши ва овозини эшитишлари учун бўйнини чўза бошлади. Сўнгра: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, бу эркаклар (сиз айтганингиздек) гапирадилар, бу аёллар ҳам гапирадилар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана ўшаларнинг мисоли қандайлигини биласизларми? Уларнинг мисоли худди йўлда бошқа шайтонга йўлиқиб, сўнгра ўша шайтон ундан инсонлар кўз олдида ўз ҳожатини раво қилган урғочи шайтон кабидир”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда оила сирини олиб чиқувчи кишининг урғочи шайтонга ўхшатилаётганидан бу иллат энг катта тубанлик эканини билиб олишимиз мумкин.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар:
“Аллоҳ таоло наздида қиёмат кунида инсонларнинг энг ёмонроғи аёлига яқинлашиб, сўнгра аёлининг сирини бошқаларга тарқатган кишидир”.
Бу ҳадисдан эркакми ёки аёл, қайси бири бўлса ҳам ўзларининг ҳолатларини бошқалардан яширмоғи лозим эканини зоҳир бўлади.
Уламоларимиз айтадилар: “Аёл киши ўз эри билан бўлган ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга ҳаттоки кундошига ҳам айтиши мутлақо жоиз эмас! Чунки бу сир, сирни ошкор қилиш эса шаръан ҳаромдир”.
Эр-хотинлар бундан бошқа ўзаро сирларни ҳам ташқарига чиқармаслиги одоб саналади. Агарчи ўрталари бузилиб кетган бўлса ҳам.
“Солиҳлардан бири ўз аёли билан келиша олмай қолди. Маҳкамага чақиришибди. У кишига шериклари аёлингизнинг ёмон одатлари ҳақида айтинг, дедилар. Шунда солиҳ киши: “У менинг жуфти ҳалолим бўлса, унинг ҳар бир сири – у ва менинг ўртамиздаги сирдир. Нега энди мен ўз аёлимнинг ва оиламнинг сирини ташқарига чиқаришим керак экан!”,-деб жавоб берибди. Орадан вақт ўтиб ўша солиҳ киши аёли билан барибир ажралибди. Буни эшитган хайрихоҳ дўстлари: “Хўш, энди айтарсиз, собиқ хотинингизнинг нима айблари борлигини! Ахир энди у сизга бегона”, дедилар. Солиҳ киши эса: “Тўғри айтасиз, у энди менга бегона, бегона аёл билан менинг нима ишим бор”, деб жавоб берибди”.
Исломий тарбиянинг қанчалик гўзаллигига бир эътибор қилайлик-а! Бошқалар у борада ёмон фикрда бўлмаслиги учун ҳатто турмуши бузилган аёлнинг сирига ҳам риоя қилинмоқда. Мана шу энг олий даражадаги комиллик, энг юксак инсонийлик эмасми азизлар.
Демак, оилаларимиз мустаҳкамлигида оила сирларини махфий тутиш, оила муқаддаслигини унутмаслик, энг муҳими, эр-хотин бири-бирига самимий ишонч руҳида яшамоғи лозим эканлигини, ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз оиласи шаънини ҳимоя қиладиган, уларни бошқалардан асраб-авайлайдиган комил мусулмонлардан қилсин.

Манбалар асосида

Мухаммадкуддус Абдулманнон

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби тайёрлади.