Экстремизм ва терроризм- жамият кушандаси

555

Бутун оламлар Роббиси Аллоҳ таоло ҳақ бўлган дини-ислом динини Ўзининг ҳақ, бутун оламларга раҳмат пайғамбари Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бу дин бутун дунёга тез фурсатлар ичида тарқала бошлади, инсонлар секин-секин, аммо тўп-тўп, жамоа ҳолида бу динга кира бошладилар. Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас китоби Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди:

وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا

“Ва, сиз инсонларни тўп-тўп бўлган ҳолларида Аллоҳнинг динига кираётганини кўрасиз”(Наср сураси, 2-оят).

Ҳа, Аллоҳнинг ҳақ дини бўлган Ислом дини бутун инсоният учун раҳмат дини бўлди. Мусулмонлар доимо бир-бирларини иззат-икром қилишликлари, бир-бирларига ёрдам беришликлари, ва ҳатто, Аллоҳ гуноҳ иш қилган, адашган бандаларини тавба қилишса Ўз фазли ва марҳамати ила кечиришини Ўз каломида айтиб ўтган. Лекин ҳозирги кунда, дунёда шундай мудхиш ҳодисаларни учратиб, инсонлар лол бўлиб қолишмоқада. Ва ҳаттоки, бошқа дин вакиллари Ислом динини нотўғри тушуниб, мусулмон инсонларни ўзларига душман деб билишмоқда.

Ҳозирги кунда диний терроризм, экстремизм деган тушунчалар ва оқимлар пайдо бўлиб, инсонларни қўрқитиб, Ислом дини ҳақида нотўғри ҳаёл ва фикрларни инсонлар онгига, ва ҳаттоки уларнинг қалбига жойлашмоқда. Улар “Ислом ҳалифали”ги, ёки “Исломий давлат” ни тузамиз дея йўлида учраган инсонларни вахшийларча ўлдиришмоқда. Ҳаттоки, ёшлар, қарилар ва аёлларга ҳам раҳм қилишмаяпти. Холбуки, Аллоҳ таоло ва Унинг росули ҳам заифларга тегмаслик, ҳаттоки уруш вақтида ҳам уларни ўлдирмасликка буюрган. Ўзларини мусулмон эканлигини бутун дунёга жар солиб, тилларида Аллоҳнинг номини зикр қилиб юрган айрим кишилар эса аёлларни хўрлаб, сўнгра ўлдириб юборишмоқда, ёш болалар ва қариларни ҳам вахшийлик ила ўлдириб юборишмоқда. Яна ўзларининг адашиб, катта гуноҳ ишларни қилишаётгани етмаганидек, бу қилган ишларини бутун дунёдаги инсонлар кўриши учун турли хил интернет сайтларига қўйишмоқда. Ҳаттоки, бу қабиҳ ишларини ўзларининг ҳали ақлини танимаган ёш болаларига ҳам ўргатишмоқда. Бу эса ҳақиқий қабиҳликдир. Афсуски, уларнинг бу ишларини нотўғри эканлигини англамаган баъзи бир инсонлар уларнинг гапларига алданиб кетишмоқда, уларга қўшилиб турли хил қабих ишларни қилишмоқда. Уларнинг орасида бизнинг ватандошларимиз борлиги эса ҳақиқий аянчли ҳолатдир. Чунки қадим-қадимдан Ислом дини бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Биз бу ишларга қандай қилиб жим қараб турибмиз? Ахир бу ишлар гуноҳ эмасми? Қандай қилиб ўз биродарларимизни била туриб жарликка кетишларига қараб туришимиз мумкун? Уларни қутқармаймизми?….

Юқорида айтиб ўтилган саволлар айни дамда жуда кўп инсонларни ўйлантириб келмоқда ва бу саволларга жавоб қидиришмоқда. Бизнинг юртимизда жуда кўп инсонлар диний илмлар ҳақида жуда яхши билишади ва билмаганларга ўргатилиб келинмоқда. Хусусан, 2018-йилдан бошлаб президентимизнинг фармонларига биноан, ислом билим юртларига кирувчи ўқувчилар сони кўпайтирилди, вилоятларда диний йўналишга қаратилган мактаблар очилди. Диний соҳа вакилларига кенг имкониятлар берилмоқда, президентимизнинг шахсан ўзлари имом-хатиблар билан учрашиб, улар билан турли хил соҳаларда суҳбат ўтказганликлари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир. Агар бутун дунёда шу каби ишлар олиб борилса, инсонларни нотўғри йўлга кириб кетишининг олди олинади. Биз ёшлар ёт, бузғунчи ғояларга қаршимиз. Шундай экан уларга қарши жон кучимиз билан курашмоғимиз даркор.

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби

Отабек домла Хусанов