ЭКСТРЕМИЗМ ҒОЯЛАРИ

1173

Ҳозирги кунда ёшларимиз кўпроқ интернет сайтларидан фойдаланиши турли бузғунчи ғоялар учун кенг эшик очиб берди. Шунинг учун интернетдан фойдаланувчи инсон бузғунчи ғояларнинг таъсирларидан сақланишлари лозим. Инсонлар орасида фитна қўзғатувчи ғоялардан бири экстремизм ғоясидур.
Экстремизм ҳақида сўз борар экан, бу иллатнинг асли Исломдан эмаслигини яхши билиб қўйишимиз керак бўлади. Чунки Ислом дини таълимотлари соф инсоний туйғуларга асос бўлиб, башарият учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат эзгулик ва яхшилик кўзда тутилган.
Ҳолбуки экстремизмдан башарият ҳеч қачон наф кўрмайди, балки ҳам моддий жиҳатдан, ҳам маънавий томондан фақатгина зарардур.
Ислом дини таълимотларида дунёда ҳам, охиратда ҳам тинчлик этиборга олинади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй Аллоҳнинг бандалари, биродарлар бўлинглар!” (Ёки “Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинглар!”) дедилар. Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Молик ривоятлари.
Экстремизмчиларнинг асосий мақсади эса инсонлар орасида душманликни тарқатиш.
Экстремизм учун Ислом номи ҳеч қачон асос бўла олмайди ва бўлмаган. Балки, интернет маълумотларида келганидек: “Экстремизмни фақат муайян дин билан боғлаш мутлақо асоссиздир. Хусусан, Ислом дини, турмуш тарзи ва қадриятлар мажмуи сифатида ҳеч қачон экстремистик тузилмаларнинг гўёки, дин ва мусулмон жамоаси равнақи йўлида амалга ошираётган террорчилик хуружларининг асосий сабаби сифатида қаралиши мумкин эмас.
Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар худди юқоридаги каби гўёки, кенг халқ оммаси билан узвий бирлик мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек эҳтиёжларини қондириш мақсадини кўзлайдилар.
Экстремизмнинг бугунги кенг тарқалган кўринишларидан бири террордир. Террор халқаро тушунча касб этган. Халқаро терроризм тушунчаси давлатлар, халқаро ташкилотлар, сиёсий партия ва ҳаракатларни беқарорлаштиришга қаратилган сиёсий қўпорувчилик фаолиятини ифодалайди. У алоҳида сиёсий арбобларни ўлдириш ёки уларга қасд қилиш орқали халқаро ижтимоий-сиёсий акс-садо берадиган бузғунчи сиёсий ҳаракатларни ифодалаш учун ҳам ишлатилади.
Террорчилик ҳаракатларининг:

  • халқаро хукуқ ҳимоясидаги объект ёки субъектларга қарши қаратилгани;
  • мустақил давлатлар чегараларини бўзиш орқали амалга оширилиши;
  • аъзолари икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролари, шу жумладан, ёлланма шахслар бўлган экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилиши;
  • экстремистик гуруҳлар таркибида қўпорувчилик ҳаракатлари буйича хорижлик йўриқчиларнинг қатнашиши;
  • экстремистик гуруҳ аъзоларининг бошқа давлатлар ҳудудида ташкил этилган махсус лагерларда тайёргарлик кўриши;
  • тайёргарлик кўриш ва қўпорувчиликни содир этишда хорижий давлатлар ва экстремистик уюшмалар ёрдамидан, халқаро тус олган ноқонуний қурол-яроғ савдоси ва наркобизнесдан келадиган молиявий манбалардан фойдаланилиши унинг халқаро террорчилик хуружи эканини кўрсатувчи асосий белгилардан ҳисобланади.
  • Муҳаммадсоли Иминов
  • Марҳамат тумани
  • “Полвонтош”
  • жоме масжиди имом-хатиби