“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!” Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди. (Нисо сураси, 36 оят)
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло ато қилган молларидан ота-оналари, қариндошлари, қўни-қўшнилар ҳамда фақир ва ночорларга хайри эҳсон қилишлари талаб этилади. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади.
Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга ичида сақлаб юрган кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” (Анъом сураси, 160-оят).
Қуръони каримда яхшилик – эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаоллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам –эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон, – деганлар.
Шу ўринда айтамизки халқимиз бошига келган кетма-кет синовлар албатта бежиз эмас. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бизларга юборган синовлари ва имтиҳонидир. Бундай ҳолатда бизларга лозим бўладиган иш, албатта сабр ва бир-биримизга елкадош бўлиб, бу синовлардан бирга енгиб ўтишдир. Азиз биродарлар мусибат аҳилларига қўлимиздан келганча ҳайр-саҳоватимизни кўрсатайлик. Барча халқимиз хусусан Сирдарёлик ва Бухоролик ватандошларимизга Аллоҳнинг нусрати ва ёрдами бўлсин. Аллоҳим бизларни мусибатларга сабр қилувчи собир бандаларингдан қилгин.
Мирзохид домла Абдукаримов
Шаҳрихон тумани “Жўрабой” жоме масжиди имом ноиби