ЭҲСОН ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТДИР

873

Аллоҳ таоло эҳсон қилувчи, адолатли, инсофли, тақводор, сабрли, покланувчи ва Аллоҳга таввакул қилувчи бандаларини яхши кўради. Бу хислатлар кишини Аллоҳга яқин бўлишига сабаб бўлади.

Жамиятимизнинг обод ва фаровон бўлишида жонбозлик кўрсатадиган кишилар ўртасида меҳр-оқибат бўлиши ўзаро яқинликни вужудга келтиради.

Қуръони каримда:

“…Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир”

Бақара сураси 195-оят.

Ушбу ояти каримада эҳсоннинг ҳақиқий маъносини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эҳсон – Аллоҳга уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Агар кўриб тургандек ибодат қила олмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишлигингдир”, деб таърифлаганар.

Шунинг учун Аллоҳ берган ризқ ва неъматларни Унинг ўзи буюрган йўлларга сарф қилиши лозим. Киши мол-давлат топсаю, уни ҳаром-хариш ишларга сарфласа Аллоҳнинг неъматларига катта ношукрлик қилган бўлади. Бу билан ўзини ҳалокатга ташлаган саналади. Аллоҳ таоло барча инсонларни яхшилик қилишга, бир-бирларига эзгулик, хайрли ва савобли ишлар йўлида кўмаклашишга буюради.

Пайғамбаримиз солллалоу алайҳи васаллам: “Эй умматларим, агар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этсангиз, бошингизга шундай бало-офатлар келадики, У яхши-ёмонга баробар фожиа бўлади”, деб огохлантирганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади” – дедилар. Ушбу ҳадисда садақанинг ўз соҳибига келтирадиган фойдаларидан:

Биринчиси – Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчирилиши. Яъни, Аллоҳ таоло бандаларининг бирор-бир қилмишидан ғазабланса, қилган садақаси (эҳсони) туфайли унга нисбатан ғазаби сўниши мумкин. Шунинг учун, кўп-кўп садақа қилиб туришлик лозим бўлади.

Иккинчиси: – Ёмон ўлимни даф қилади. Яъни, шарманда бўлиб, ёмон ҳолатга тушиб ўлишдан қайтаради. Бу нарса ҳам садақанинг фойдаларидандир.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда икки фаришта нозил бўлади, улардан бири “Аллоҳим хайри эҳсон, инфоқ қилувчига эваз бергин” дейди. Иккинчиси эса “Аллоҳим зиқнага йўқотиш бергин, дейди”, дедилар.

Ҳар куни эрталаб ер юзига иккита фаришта маълум вазифа билан тушар экан. Улардан бирининг вазифаси молу-дунёсини инфоқ (эҳсон) қилувчи кишига сарфлаган молидан кўра яхшироқ эваз сўраб, дуо қилар экан. Иккинчи фаришта эса зиқна, хасис инсоннинг моли талофатга учрашини сўраб, дуо қилар экан. Албатта фаришталарнинг дуоси мақбулдир. Шунинг учун, ҳеч-қачон зиқна бўлмаслик керак. Доимо молу-дунёни Аллоҳ таоло кўрсатган жойларга инфоқ қилиш лозим. Зеро, Аллоҳ йўлида сарфланган мол ҳеч қачон зое кетмайди. Аксинча, Аллоҳ таоло унинг молу-дунёсини янада зиёда қилади.

Ижтимоий таъминот масаласи муқаддас динимизда бундан ўн беш аср аввал закот орқали ҳал қилинган. Яъни, закот берувчиларнинг закотлари масжидларда жамланиб, ишбошилар орқали ҳақдор бўлган одамларга етказиб берилган. Унинг сабаби бир хонадонга бир неча маротаба такроран закот беришликни олдини олиб, ҳақиқий муҳтожларга етказиб бериш бўлган. Ҳозирги кунларда ҳам соф динимизнинг бундай одилона шиорлари ўз тасдиғини топмоқда.

Бугунги кунда юртимиз ва дунё аҳлига бир вабо, синов бўлиб турган Коронавирус инфекцияси туфайли кўпчилик мухтож оилаларга Тошкент шаҳрида ташкил этилган ҳайрия маркази орқали хомийлар томонидан яширин ва ошкора эҳсонлар қабул қилиниб, мухтожларга улашилмоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли амалларга мушарраф қилсин!

Отабек Хусанов.

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби