Донишманд халқимиз бу синовни Хақ таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади

1083

Мамлакатимиз аҳли оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Бу коронавирус деган касаллик жаҳоннинг 190 дан зиёд давлатига кириб борди, 21 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Ушбу хасталикка чалинганлар сони Ўзбекистонда ҳам ўсиб бормоқда. Ушбу вируснинг янада тарқалиб кетмаслиги учун давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида қатъий чоралар кўрилмоқда.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймасликка барча куч ва воситалар сафарбар қилиш алоҳида таъкидланди.

Юртбошимиз бугунги оғир дамларда шифокорларнинг машаққатли меҳнатларини эътироф этиб: – Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Шу сабабли, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладим, дея таъкидладилар.

Азал-азалдан халқимиз тиббиёт ходимларини қадрлаб келган. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг бугунги ҳар бир куни қаҳрамонлик бўлиб, Ҳақ таолонинг даргоҳида улуғ ажру савобларга ноил бўлади, инша Аллоҳ.

Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

Мана шундай фидойиликка дунё халқлари қатори, ватандошларимиз ҳам гувоҳ бўлишмоқда. Шу боис, шифокорларимиз аҳолининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлди. Иш жойида мижжа қоқмай хизмат қилаётган шу шифокорлар чин фидойи инсонлардир.

Президентимиз томонларидан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида молиявий рағбатлантириш жорий этилиши айни муддао бўлди. Шу ўринда мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар тиббиёт ходимлари учун улкан мукофот эканини алоҳида қайд этиш зарур.

Ислом динида киши ўзи эгаллаган касбининг моҳир билимдони бўлиши, фидойилик билан ёндошиши юксак улуғланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, «Мажмаъу-з-завоид»; Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир»).

Бугунги мураккаб даврда имом-хатиблар бутун дунёга таҳдид бўлаётган пандемияга қарши курашаётган матонатли шифокорларнинг меҳнатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилмоқдалар. Шунингдек, туну кун беморлар муолажаси билан банд бўлган ҳатто уйига ҳам келолмаётган тиббиёт ходимларининг хонадонларига ташриф буюриб, оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳадяларни туҳфа қилмоқдалар.

Шунга кўра, бугунги кунги шифокорлар ўз ишларини мукаммал равишда амалга ошираётганлари таҳсинга лойиқдир. Бинобарин, бундай касб эгаларига улкан ажру савоблар ҳам ёзилади. Қуръони каримда: “Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур”, дея хушхабар қилинган (“Намл” сураси, 89-оят). 

Карантин талабларига бефарқ бўлманг!

Айрим кишилар қонун-қоидаларга риоя қилиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемия қоидаларини бузмоқда. Ички ишлар вазирлиги хабарга кўра, ўтган бир кун давомида карантин қоидаларига амал қилмаган жами – 980 та ҳолат аниқланган. Давлатимиз раҳбари ҳам ушбу йиғилишда куюнчаклик билан қуйидагиларни таъкидладилар:

“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади. Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак”.

Карантин эълон қилинганига қарамай, тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар бир тафаккур қилиб кўрсалар бўлар эди. Мана 12 март куни Туркия сафаридан қайтган қиз ўз онасига ушбу касалликни юқтирган. Натижала, ушбу 72 ёшли сурункали касаллиги бор она 27 март куни миокард инфарктидан вафот этди. Яқинларига сабр тилаймиз.

Муҳтарам Президентимиз ушбу мажлисда аксарият фуқаролар ҳалигача юзага келган мураккаб вазиятни тўғри тушуниб етмаётгани куюниб гапирди. Жумладан, ҳалигача айрим одамлар кўпчиликни меҳмонга чақириб тўй-ҳашам, турли зиёфат ёки маросимлар ўтказиш ҳолатлари учраётгани ачиниш билан қайд этилди. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи аёл Умра зиёратидан қайтиб келгач, карантин қоидаларига риоя қилмасдан, 120 кишилик дабдабали маросим ташкил этгани, натижасида унинг ўзи ва яна 4 нафар оила аъзосида коронавирус аниқлангани катта афсус билан таъкидланди.

Карантин талабларини бундай шаклда онгсизларча бузиш нафақат қонун ҳужжатлари, балки Ислом дини кўрсатмаларига ҳам риоя этмаслик ҳисобланади.

Бундай кимсалар аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликларини, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари жуда ҳам зарур.

Ислом дини таълимотида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб қатъий хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят). 

“Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”

Бутун дунё бўйлаб, коронавирусга қарши курашда энг яхши чора сифатида маъқулланган “Уйда қолинг!” чорлови асл моҳиятига кўра Ислом динининг бош манбаига мувофиқдир. Қуръони каримдаги бир қиссада чумолилар жамоаси бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари, уларнинг тилидан шундай баён этилади: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, (Намл, 18). Бошқа ояти каримада эса: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб таъкидланган (“Наҳл” сураси, 80-оят).

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, инсон учун энг тинч-оромбахш жой унинг уйи ҳисобланади. Уй ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан биридир. Инсон ўз уйичалик бошқа жойда хотиржамлик ҳис қилмайди. Бугун коронавирусдан энг яхши ҳимояланиш чораларидан бири уйда қолиш экани кўп таъкидланмоқда.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти). 

Таниқли уламоларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин, дейишмоқда.

Ишончим комилки, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз бундай ҳолатни Хақ таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади.

Коронавирус инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, бартараф этамиз.

Давлатимизнинг бошида турганлар Аллоҳни мудом ёдда тутадиган, ҳар бир сўзида Унинг исмини зикр этадиган инсонлар, уларнинг мақсаду муддаолари ҳам Аллоҳга маъқул ишларни қилишдир.

Бу касаллик ҳам бир синов, бундан ҳам чиройли ўтиш керак, касаллик менга юқмайди, деб ўйлаётганлар жиддий тафаккур қилсинлар. Уйда қолинг!

Аллоҳ таоло қайси дардни туширган бўлса, албатта, давосини ҳам туширган. Шифо берувчи фақат Ўзидир! Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни турли касаллик ва ваболардан асраб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий