Дийдор армон бўлиб қолмасин

1044

Отамиз ёки онамиз бетобланиб қолса, ёнларида одам борку, деб ёки ишларимиз кўплигини бахона қилиб зиёратига боришни кейинга сурамиз. Аммо фарзандимиз касал бўлиб қолса, қаерда бўлишимиздан қатъий назар, етиб келишга ҳаракат қиламиз. Ота-оналаримизга, худди улар абадий умр кўрадигандек, вақтида чиройли муомала қилмаймиз, кўнгилларини хушнуд этмаймиз. Уларга берган ваъдаларимиз устидан чиқмаймиз. Ҳатто қўлимизга пул тушиб, ишбилармон бўлиб қолсак, уларни ишимизга аралашмасликларини, ақллари бу ишларга етмасликларини таъкидлаб, кўнгилларини оғритамиз. Ҳолбуки, бугун кечиктирилган дийдор, ҳурмат-эҳтиром, эртага армон бўлиб қолишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Муоз ибн Жабал розияллоху анхудан ривоят килинади: Набий соллаллоху алайхи васалам: “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин. Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин”, дедилар.

 Ота-оналаримизга қилаётган хамма яхшиликларимиз, уларнинг хайрли дуолари  хаётимизда суянч, куч бўлади, ҳурмат, иззат топишимизда омил бўлади.

Азиз дўстим, ота-онангиз ҳаётми? Бахтли экансиз. Ҳузурларига бориб хизматларини қилиб, дуоларини олинг. Ота-онанинг фарзанди хаққига қилган дуоси ижобат бўлади.

Ривоят қилинишича қадим замонда буюк кушонийлар давлати саркардаси Паҳлавон ўтган экан. У жангга совут ва қалқонсиз, қўлида қилич билан кириб жанг қилар экан. Йиллар ўтиб Паҳлавонни ёши элликка етибди. Бир куни у темирчининг олдига бориб, ўзига совут буюрди. Навбатдаги жангда Пахлавон совут-қалқон ва қилич билан пайдо бўлди. Шунда атрофидагилар хайрон бўлиб ундан сўрашибди:

  • Эй саркарда, бу холда хеч жанга кирмас эдингиз?

Саркарда бир хўрсиниб:

  • Мени дуо қилиб тургувчи онам оламдан ўтдилар, онамнинг дуоси менга қалқон-совут эди, энди онам йўқлар, – деган экан.

Азизлар, ҳар биримизнинг ютуғимиз ота-онамизнинг дуосидир. Токи эртага бу дуолар, бу  дийдор, бу сўзлар сиз учун ҳам армон бўлиб қолмасин. Агар вафот этган бўлса қабрини зиёрат қилинг, Қурьон ўқиб уларнинг ҳақларига дуо қилинг.

 

Олтинкўл туман “Ҳазрати Умар “

жоме масжиди имом-хатиби

Сирожиддин Ҳакимов