ДИННИ НИҚОБГА АЙЛАНТИРИШдан ким манфаатдор?

1337

Кейинги пайтларда диний соҳа ҳамда диндорларимиз фаолияти оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Аммо дунёда дин билан боғлиқ таҳдид ва хавотирлар кучайиб бораётган бугунги шароитда мазкур соҳа ОАВ да қай даражада холис ва профессионал даражада ёритилаяпти? Журналистлар ушбу соҳадан қанчалик хабардорлар? Қандай қилиб ОАВ орқали экстремистик гуруҳларнинг бузғунчи ғоялари тарқалишини олдини олиш мумкин?
Ахборот-технологиялари шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда чиндан ҳам аксарият фуқаролар, айниқса ёшлар учун турли веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, веб-каналлар диний маълумотлар олишда асосий манбага айланди. Бу эса ўз навбатида бузғунчи ғоялар таъсирининг оммавий ахборот воситалари орқали кириб келиши хавфини кучайтиряпти.
Бу ҳолат ҳар биримиздан турли экстремистик гуруҳларнингОАВ имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг онгини заҳарлашларига йўл қўймаслигимизни, уларга қарши ахборот курашининг янги инновацион усулларидан самарали фойдаланишимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ОАВ орқали бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олишда журналистлар, айниқса блогерлар яъни фуқаролик журналистикаси вакилларининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда соҳани тартибга солувчи бошқа хужжатлардан хабардор бўлишлари жуда мухимдир. Чунки, ушбу ҳужжатлар давлатимизнинг дунёвий асосларини мустаҳкамлаш ва муқаддас динимиздан ғайрли мақсадларда фойдаланишларига йўл қўйилмасликлари учун умуминсоний қарашлар тизимини белгилаб беради.
Тан олишимиз керакки, айрим журналистларнинг диний тушунчалари етарли даражада эмаслиги улар томонидан диний таълимотни тўғри тарғиб қилиш, анъанавий динни турли оқимлардан фарқини кўрсатиб бериш, фуқароларни бузуғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда тўлақонли фаолият юритишларига тўсқинлик қиляпти.
Шуни алоҳида таъкилаш жоизки, айрим гуруҳларнинг сиёсат билан дин ажралмасдир, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ислом дини қоидалари асосида бошқарилиши керак, деган демократия тамойилларига зид даъволари ҳам жамиятда бирёқлама кайфиятни келтириб чиқармоқда.
Ваҳоланки, Конституциямизнинг 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, – деган норма қатъий белгилаб қўйилган.
Аммо диннинг давлатдан ажратилгани унинг жамиятдан ажратилганини билдирмайди.
Мазкур демократик назария, бир томондан, динни ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринишлардан ҳимоя қилса, бошқа томондан, уни мутаассиблик ва жаҳолатда айблашларидан асрайди. Маълумки, давлатни идора қилиш, жамиятни бошқариш диннинг эмас, балки сиёсий раҳбарларнинг вазифасидир.
Диний раҳбарлар эса кишиларни ислом қадриятлари асосида тарбиялаб, жамият олдида турган долзарб вазифаларни амалга оширишда, ҳаётий масалаларни ҳал этишда давлатга ёрдам беришлари лозим.
Бир сўз билан айтганда, давлат фуқароларнинг диний эътиқод ва ҳақ-ҳуқуқларини қанчалик ҳурмат қилса, диндорлар ҳам давлат қонунлари ва сиёсатига шу даражада эҳтиром кўрсатишлари талаб этилади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари эса мана шундай тартиб қоидалар асосида ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари, жамиятнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаёти мутаносиб ривожланиши сабабларини аҳолига холис тушунтиришлари керак.
Шуни ёдда тутиш керакки, биринчидан, биз дунёвий давлатда яшаяпмиз, унинг эса ўзига яраша қонун-қоидалари бор.
Иккинчидан, ҳар қандай жамиятда келиб чиқаётган диний низолар аксарият ҳолларда экстремистик гуруҳлар томонидан уюштириляпти. Шунинг учун ҳам журналистлар, айниқса блогерларимиз бирон-бир маълумот ёки ахборот тарқатишдан олдин уни чуқур танқидий-таҳлил қилиб, лозим бўлса дин соҳаси вакиллари билан маслаҳатлашган ҳолда чоп этсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Чунки кейинги пайтларда дин мавзусида ҳақиқатдан йироқ бўлган кўплаб маълумотлар чоп этилаётгани кузатилмоқда.
Ана шундай бир пайтда баъзи журналистларнинг тажовузкор ва тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилаётганларидан кўз юмиб бўлмайди.
Гарчи улар қасддан тарқатилмаётган бўлса-да, кўп ҳолларда аҳоли томонидан ҳақиқат сифатида қабул қилинмоқда ва бу айрим ОАВда, айниқса блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилмоқда. Энг ачинарлиси, мазкур материалларнинг айрим шахслар томонидан қасддан, ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун тарқатилаётган бўлиши мумкинлигини журналистларимиз ўйлаб ҳам кўрмаяптилар.
Ваҳоланки, айрим гуруҳлар юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли онгига носоғлом ақидани сингдиришга ҳаракат қилишяпти.
Айрим ҳолларда эса баъзи журналистлар, айниқса блогерларимиз хижоб кийган аёллар, таълим муассасаларида рўмол ўраб юрган қизларимизнинг “ҳуқуқлар”и ҳимоячиси сифатида ўзларини кўрсатмоқдалар.
Шу билан бирга улар таълим муассасаларида белгилаб қўйилган кийиниш тартиб қоидаларига бўйсунмасликни оқлаб, буни хижоб ёки рўмолли мусулмонларни камситиш, деб баҳолашяпти.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳудудида ҳали ҳеч ким ва ҳеч қачон рўмол ўраш яъни авратни ёпиб юришга қаршилик қилмаган. Фақатгина бошқа миллатларга тақлид қилиб, кийиниш маданиятига риоя қилмаслик, билиб-билмай ёт ғояларни тарғиб қилиш каби иллатларга қарши турилган, холос. Бундай иллатлар билан нафақат Ўзбекистон балки барча давлатлар, хусусан ислом давлатларида ҳам жиддий курашиб келинмоқда.
Маълумки, оммавий ахборот воситаларига қўйиладиган муҳим талаблардан бири бу – холислик ва ҳаққонийликдир. Шундай экан, журналистларимиз мазкур тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда иш юритсалар, тинчлик ва хотиржамлигимизга хизмат қилган бўларди.
Сир эмаски, экстремистик ва террористик оқимлар ҳар қандай дунёвий давлатда олиб борилаётган сиёсатга душманона муносабатда бўлаётганларини журналистларимиз яхши биладилар. Улар ўз ғояларининг бошқалардан устунлигини такрорлайдилар, дунёвийликни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда қонунларни инкор этадилар. Одамларни чин имонийлар ва муртадларга ажратиб, халқларнинг урф-одатлари ва маънавиятига салбий муносабатда бўладилар. Ташқи кўринишга қатъий талаб қўйиб, уни бузганларни кофирликда айблашади. Одамларни дўзах билан қўрқитиб, охир оқибатда ўз сафларига жалб қилишга эришиладилар. Шу тартибда кишиларни “зомби”ларга айлантиришади.
Шунинг учун ҳам биз ислом динининг асл моҳиятини кенг тарғиб қилиш, мақсадини холис очиб бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Албатта, ҳеч ким хатолардан юз фоиз муҳофаза қилинмаган. Лекин бу масалада журналистлар томонидан йўл қўйилган ҳар қандай хато жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак. ОАВ вакиллари мазкур соҳани ёритишга бел боғлаган эканлар, демак соҳанинг энг майда икир-чикирларигача яхши билишлари лозим. Улар ўқувчиларга экстремистик оқимларнинг асл мақсадини, улар давлатимиз тинчлигигига раҳна солувчи ёвуз куч эканини кўрсатиб, шу ҳақда холис маълумот бериб борсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шу ўринда айрим ОАВ вакиллари ўз рейтингларини ошириш мақсадида ахборотларни ўрганмай ҳам тарқатаётганларини таъкидлаш жоиз. Уларнинг асл мақсади қандай бўлмасин ўқувчилари ва томошабинлари эътиборини тортишдир. Оқибатда тўғри тушунчаларни нотўғри талқин қилиш, анъанавий ислом қадриятларини бузиб кўрсатиш ҳолатлари кўпайиб, жамиятда исломофобия кучайиб бормоқда.
Оқибатда динни тушунмасдан ёритиш, иккинчи томондан эса дин билан қўрқитиш жамиятни икки гуруҳга ажратиб қўймоқда.
Тўғри, дин соҳаси вакиллари жумладан, имом-хатибва ноибларнинг билим даражаси йилдан йилга ўсиб бормоқда. Ва, бу юқоридагидек ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўляпти. Лекин уларни обрўсизлантириш мақсадида айрим гуруҳлар, хусусан, блогерлар диндорлар маърузасидан айрим жумлаларни юлиб олиш орқали уларга нисбатан ахборот хужумлари уюштираётганларини ҳам айтиш жоиз.
Бу нафақат диндорлар, балки журналистларнинг ҳам обрўсига путур етказяпти.
Шу сабабли оммавий ахборот воситалари бундай материалларни тайёрлаш ва чоп этишда шахсий жавобгарликлари, керак бўлса жамият олдидаги масъулиятларини унутмасликлари лозим.
Бас шундай экан, ҳақли бир савол туғилади: хўш қандай қилиб ахборот хуружларига қарши туриш мумкин.
Биринчидан, ОАВ сохта маълумотларни тарқатишдан тийилиш лозим. Иккинчидан, мутаассибликдан фарқли ўлароқ асрлар давомида шаклланган муқаддас динимиз тўғрисида кўпроқ ёзиш, маънавий қадриятларимиз ва дунёвийлик масалаларини кенгроқ тарғиб қилиш керак. Фақат шу йўл билангина радикал оқимлар ғоясига қарши туриб, аҳолида ёт мафкураларга нисбатан иммунитетни шакллантира оламиз.
Ҳеч шубҳа йўқки, муқаддас динимиз, бой тарихимиз, азалий урф-одатларимиз, она тилимиз –буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг келажагини белгилайдиган мустаҳкам пойдевордир. Унинг бузилиши эса миллатимизни таназзулга етаклайди. Бузуғунчи ғоялар эгалари эса айнан шунга интилмоқдалар.
ОАВлари жамоатчилик фикрини шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнашади. Шунинг учун ҳам журналистларимиз профессионал масъулиятларини ёдда тутишлари, авваломбор виждон амри, шаъни ва қадр-қиммат тамойиллари асосида иш кўришлари керак.
Шундай экан, сохта маълумотлар ортидан қувмайлик. Жамиятимизда меҳр ва мурувват ғояларини кенг тарғиб этиб, баркамол авлодни тарбиялайлик. Зеро, биз қураётган жамиятда ўз фарзандларимиз, набираларимиз яшайдилар. Буни эса ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Азиз МАҚСУДОВ, сиёсатшунос

Манба: «Миллий тикланиш» газетаси