Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли ҳил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг хикматларидан бирини бундай баён этади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13). Аллоҳ таоло мазкур оятда “Эй, инсонлар!” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик.

 

Ислом дини бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик тамойиллари белгилаб берилган, унга кўра, инсон дини, ирқи, миллатидан қатъий назар мукаррам қилиб яратилган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”, дейилган (Исро,70). Ушбу мукаррамлик ҳар бир инсонни инсонлиги учун ҳам ҳурмат қилиш ҳаққини келтириб чиқаради. Исломда ҳар бир тирик жоннинг ҳурмати ва ўрни бор. Инсонларни турли эътиқодда бўлишлари Аллоҳнинг ҳоҳшига кўра бўлган ишдир. Аллаҳ инсонларга танлаш эркинлигини берган. Мусулмон киши Аллоҳнинг иши бехикмат эмаслиги яхши билади.

 

Ҳадисларда миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувлар қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бекордан-бекорга мужоҳид (исломни қабул қилмасдан ислом диёрида келишув асосида яшовчи одам)ни ўлдирса, Аллоҳ унга жаннатни харом қилади”, – деб марҳамат қилганлар. Ҳар хил миллат вакиллари гарчи динлари ва диний эътиқодлари ўзаро фарқ қилсада, бир-бирларининг тиллари, тарихлари, маданиятлари, миллий урф-одатлари ва қадриятларини билиш ва хурматлашга, ўзаро тотув бўлиб яшашга даъват этилган.

 

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким бир аҳдлашган (ғайри дин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёҳуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганлардан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч тотув ва жамоат манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар берар ҳамда улардан ҳадяларни қабул қилар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобиинлар ҳаммага ўрнак ва намуна кўрсатишган.

 

Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларига ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар” “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?,-деб қайта-қайта сўраб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини  эшитганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

Ривоят қилинишича, Имом Аъзам р.а.нинг мажусий қўшнилари бўлиб, у ҳар кеча маст ҳолда у зотнинг тинчларини бузиш, намозларига халал бериш мақсадида атайин овозини баланд кўтариб ашула айтар, шовқин кўтарар эди. Бир кун тунда Имом Аъзам одатдагидек ибодат билан машғул бўлиб турсалар, қўшнининг уйидан ҳеч қандай товуш келмабди. Хавотирланиб чиқиб қарасалар у уйда йўқ. Кейин билсалар атрофдаги қўшниларнинг шикояти туфайли, миршаблар уни олиб кетишган экан. Эртасига тонг саҳарда Имом Аъзам хибсхонага бориб, миршаблардан узр сўраб, қўшниларини озод қилиб келадилар. Бундан ажабланган мажусий: Мен сизга доимо озор бериб келган бўлсам, нега мени озод қилдингиз деб сўрайди. Шунда Имом Аъзам:  Мен фақат қўшничилик вазифамни бажардим халос,диним мени шунга буюради, деб жавоб берадилар. Бу воқеъадан қаттиқ таъсирланган мажусий ўша ондаёқ у зотдан узр сўраб, имонга келган экан.

 

Диний бағрикенглик – бу турли эътиқодларга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб яшашини ифодалайди.

Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби