Деҳқончилик отамиз Одам ъалайҳиссаломдан қолган касбдур. Бободеҳқонларимиз, боғбонларимиз ҳам ана шундай кўпчиликка, эл-юртга фойдаси тегадиган, меҳнатининг маҳсулидан бутун халқ манфаат кўрадиган касб эгалари бўлгани учун уларга ҳам, иншааллоҳ, Парвардигоримиздан мадад бўлади, ажру мукофот беради. Шунинг учун деҳқончилик – инсон яралгандан бери давом этиб келаётган, барча замонларда, барча маконларда доимо мақталган касбдир. Деҳқончилик саҳобалар орасида ҳам машҳур бўлган. Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар.
Масалан, Ислом тарихида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг энг зоҳидлардан бўлганлар, ўта парҳезкор, ўта тақводор зот бўлганлар. Ана шу зот ҳам деҳқончилик қилганлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни барчамиз биламиз. Бу зот моҳир мерган, жангчи, тажрибали қўмондан бўлганлар. Аммо деҳқончиликка ҳам уста бўлганлар, мўл ҳосил олиш йўлини яхши билганлар. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Жумладан Алишер Навоий хазратлари деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган.
Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.
Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган.
Бу зотларнинг деҳқончилик, миришкорлик, зироатчилик билан шуғулланишга ундаган нарса – Қуръони Каримнинг, ҳадиси шарифларнинг таълимотидир. Бу улуғ зотлар ояти карималарни ўқиб, уларни тадаббур қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари асосида бу хайрли касблар билан шуғулланганлар.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
( فَلْيَنظُرِ الْإِنسَانُ إِلَىٰ طَعَامِهِ )
( أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا )
( ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا )
( فَأَنبَتْنَا فِيهَا حَبًّا )
( وَعِنَبًا وَقَضْبًا )
( وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا )
( وَحَدَائِقَ غُلْبًا )
( وَفَاكِهَةً وَأَبًّا )
( مَّتَاعًا لَّكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ )
«Инсон ўзининг таомига боқсин! Биз сувни роса қуйиб қўйдик, сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. Биз унда донни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қуюқ, қалин боғу бўстонларни, мева-чеваю ўт-ўланларни сизларга ва чорваларингизга наф бўлиши учун ўстирдик» (Абаса сураси, 24 32-оятлар)
Инсон ибрат кўзи билан қарасин, Аллоҳ таоло осмондан сувни ёғдиради, сўнг гиёҳлар ерни ёриб чиқиб, дон-дун, мева-сабзавот ва сон-саноқсиз анвойи ўсимликлар пайдо бўлади. Буларнинг барчаси инсон учун, унинг чорваси учун яратилган. Деҳқончиликнинг шарти таваккулдир. Холиқимизнинг синовлари, имтихонлари кўп. Мана, динимизда яхшиликка ундашнинг энг ажойиб намуналаридан бири.
Шу мавзудаги бир неча ҳадисни эслаб ўтайлик.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, бунда унинг учун ажр бор. Шунингдек, унинг ҳосилидан бирор жонзот еса ҳам унга садақанинг савоби бор».
Имом Доримий ривоят қилган.
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлади».
Имом Байҳақий ва Табароний ривоят қилган.
Демак, ким ташландиқ, қаровсиз ерни ўзлаштириб, унга ишлов бериб, ҳайдаб, тозалаб, экин экса, боғ қилса, бу одамнинг ишига мадад бериш, баракот бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлар экан, бу бандага Аллоҳнинг фазли карами кенг бўлар экан. Холиқимиз қилаётган деҳқончиликларимизга касб-ҳунарларимизга барокот берсин.
Анваржон домла Ибайдуллаев
Олтинкўл туман “Уйшин” жоме масжиди имом-хатиби