Аллома Мовардий раҳматуллоҳи алайҳи айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Чунки, деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:
وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ
Яъни: “Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар”. (Ар Раҳмон, 6 оят)
Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб:
– Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар.
– Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди деди, – Ҳузайма.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
- Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг, – деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
من خير أعمالكم الحرث والغنم، وهو من عمل الأنبياء، وصاحب الحرث يؤجر في كل ما أصيب منه بعمله
“Касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”.
Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
“Албатта, фаришталар, экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, деганлар.
Бутун дунё мамлакатларида иқтисодий алоқалар ватинча чекланган ёки тўхтатиб турилган ушбу кунларда фермер хўжаликлари ерида бўлсин, шахсий томорқамизда бўлсин, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ҳар бирмизнинг оила олдидаги, маҳалла олдидаги ва бутун Республикамиз халқи олдидаги мажбуриятимиздир.
Ерларга бефарқ қарашга ҳақимиз йўқ!
Улуғбек Йўлдошев
Асака тумани
“Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими