ДЕҲҚОНЧИЛИК – ШАРАФЛИ КАСБ

1214

Деҳқончилик ҳалол касб, пешона тери. Деҳқончилик шарафли касб бўлиши билан бирга икки дунёда манфаъат берувчи амал эрур. Нафақат кишининг ўзига, балки бутун жамиятнинг тараққиётига, равнақига ҳисса қўшишнинг имкони бор.
Муқаддас динимиз таълимотларида деҳқончиликка аоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ таоло инсон тириклигини ҳалол ризқ топиш йўлидаги саъю-ҳаракатга боғлади.
Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
أُطْلُبُوا الرِزْقَ في خَبَايا الأَرْضِ (رواه الطبراني)
яъни: “Ерда экин-текин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингизлар”.
Мана шу илоҳий неъматлардан тўрт фаслнинг ибтидоси бўлган баҳор фасли она заминимиз узра кириб келмоқда. Бу муборак фаслда деҳқон яхши ниятлар билан ерга уруғ қадайди ва Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан барча мавжудот тириклигига сабаб бўлувчи ёмғир ёғдиришини ҳамда ҳосилларига барокот беришини сўрайди.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканидан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا كَذَلِكَ نُصَرِّفُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ (سورة الأعراف/58)
яъни: “Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда такрор-такрор баён этурмиз”.
Дарҳақиқат, бозорлардаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир.
Она-диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга фаровонлигимиз асосларидан бири – деҳқончилик, зироат экани яхши маълум.
Жумладан Қуръони каримда шундай баён қилинади:
هُوَ الَّذِي أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَّكُم مِّنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ * يُنبِتُ لَكُم بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالأَعْنَابَ وَمِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
Яъни: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир.(Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”. (Наҳл, 10 -11)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини деҳқончилик қилишга алоҳида қизиқтириб, бундай деганлар: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади” (Бухорий ва муслим ривояти).
Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг олдиларидан ўтиб бораётса у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо разияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку”, деди. Абу Дардо разияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

ШАРОФУДДИНОВ МУХТОРЖОН Марҳамат тумани бош имом хатиби
Жума тезисларидан фойдаланилди