ДЕҲҚОНЧИЛИК – ИБОДА

Мустақиллик шарофати билан қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб, ер ўзининг ҳақиқий эгаларини топди, фермер хўжаликларини моҳирлик билан бошқараётган тадбиркор ва ишбилармонлар сафи кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Буюк Ватанимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган меҳнатсевар ва миришкор халқимиз чин ихлос билан юрт фаровонлиги йўлида баракали хизмат қилишмоқда. 

 Улар ёш авлодни Ватанга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо қадриятларини ҳурмат қилиш, асраб-авайлаш ва ўрганиш руҳида камолга етказишда алоҳида ҳиммат кўрсатишмоқда.

 Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амаллар қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф, 30).

Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам деҳқончиликка аоҳида эътибор берилган. Қурони каримда деҳқончиликка далолат қилгувчи бир қанча оят ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар бор. Жумладан Қуръони каримда шундай баён қилинади:

 “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир.(Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл, 10 -11)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини деҳқончилик қилишга алоҳида қизиқтириб, бундай деганлар: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади” (Бухорий ва муслим ривояти).

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг олдиларидан ўтиб бораётса у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо разияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку”, деди. Абу Дардо разияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

 Шаҳобиддин домла ПАРПИЕВ,

Асака тумани бош имом-хатиби.