Эркак кишининг зиммасида рўзғор тебратиш бор экан оила аъзоларини ҳалол ризқ билан таъминлаш зарур. Ҳолбуки ҳаромдан ўсган фарзанддан яхшилик чиқиши қийин. Ўша ейилган ҳаром луқмалар бир кун бало бўлиши ҳаётда тез-тез учраб туради. Фақат бунга ибрат назари билан боқиш керак.
Шунинг учун улуғ инсонлар ҳалол луқмага қаттиқ эътибор берганлар. Саҳобалар ҳам бировнинг ҳақидан ҳазар қилиб, пешона терлари билан тирикчилик қилганлар. Уларнинг ҳаётларида бизларга ибратлар кўпдир. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ҳам пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдек зотнинг куёви бўлса ҳам пешона тери тўкиб тирикчилик қилган.
Инчунун у зот саҳар тонгда бола-чақасига егулик топиш учун иш истаб чиқди. Лой қориш учун қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келди. Ишни маъқул кўриб, бир пақир сувга бир донадан хурмога келишиб, ишга рози бўлди.
Натижада йигирма дона хурмога яраша ишлади. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.
- Бу – хурмо. Лайф арқонда қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, эвазига топган хизмат ҳақим, – деди ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини силаб уқалаб қўйдилар. Сўнг юзини сийпалаб туриб:
- Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – дедилар ва яна: – Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.
Ҳа, меҳнат билан топилган ризқни ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам табаррук қилишликка муносиб кўрганлар.
Дунёда ҳалол касблар кўп. Уларнинг ичида энг шарафлиси деҳқончиликдир. Чунки деҳқон олий сифатлар соҳибидир. Унинг имони мустаҳкам, қалби Аллоҳга боғланган ва таваккули кучли бўлади. Уруғни ерга экиб, қолганини Аллоҳга топширади.
Мўтадил обҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога тинмай дуо қилади. Фафқат деҳқонгина ниҳол мўжизасига гувоҳ бўлади.
وَمِنْ آيَاتِهِ يُرِيكُمُ الْبَرْقَ خَوْفاً وَطَمَعاً وَيُنَزِّلُ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَيُحْيِي بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ
Яъни: “Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатади ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир”. (Рум. 24)
Аллоҳ таоло осмондан ёғдирган сувлари баракотидан уруғни қандай ундириб, ўстирётганига гувоҳ бўлади. Шунинг учун, Раббининг қудратини қалбидан ҳис қилади.
وَعِندَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لاَ يَعْلَمُهَا إِلاَّ هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِن وَرَقَةٍ إِلاَّ يَعْلَمُهَا وَلاَ حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الأَرْضِ وَلاَ رَطْبٍ وَلاَ يَابِسٍ إِلاَّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
Яъни: “Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир”. (Анъом. 59)
Деҳқон буларнинг барчасига шоҳид бўлганидан имонининг қуввати ортиб бораверади, албатта агар тафаккурда бўлса.
فَاقْصُصِ الْقَصَصَ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
Яъни: “Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар”. (Аъроф. 176)
Агар деҳқон тафаккур қилса кўплаб ажойиботларнинг шоҳиди бўлиб, Аллоҳга кўпроқ қурбат ҳосил қилаверади, иншооллоҳ.
Улуғбек Сатторов
Марҳамат тумани
“Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби