Пайғамбаримиз даврларида Қуръони карим вақти-вақти билан нозил бўлар эди. Қуръон илмлари ҳам хали пайдо бўлмаган эди. Ўша даврда саҳобалар маънолари тушунарсиз (муташобиҳ) оятлар борасида у зотга кўплаб саволлар берар эдилар. Бунинг натижасида турли хил ихтилофлар келиб чиқар эди. Жалолиддин ас-Суютий «Савн ал-мантиқ» асарида таъкидлашича, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) шундай деган: «Ихтилофлар авж ола бошлагач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қалбларга шак-шубҳа тушишига сабаб бўлаётган муташобиҳ оятлар ҳақида баҳс юритишни кескин таъқиқлаб қўйганлар». Ибн Аббос яна таъкидлашича, «Биринчи бўлиб бу суннатга хилоф иш тутган Абдуллоҳ ибн Сабиғдир. У Мадинага келганда муташобиҳ оятлар ҳақида баҳс юрита бошлади. Халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) уни ўз ҳузурларига чақириб исмини сўрадилар. Сўнг уни хурмонинг қуриган шоҳи билан боши қонагунча саваладилар. Сабиғ турган жойида тик тураверди.

Чунки у муташобиҳ оятлар ҳақида баҳс юритишни тарк этишга бир неча бор ваъда берган эди. Абдуллоҳ ибн Сабиғ шундай деди: “Агар мени ўлдиришни хоҳласангиз чиройли ўлим билан ўлдиринг”. Бироқ, Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) уни қўйиб юбордилар ва Абу Мусо ал-Ашъарийга у билан ҳеч бир мусулмон бирга ўтирмаслигини тайинладилар». Демак, пайғамбаримиз даврлариданоқ айрим ақидавий ихтилофлар сабабли калом илмига мойиллик пайдо бўла бошлаган эди.

Лекин калом илми араб халифалигида VIII асрда пайдо бўлган. Калом илми турли ақидавий масалаларда ўзаро тортишув ва низолар натижасида юзага келган турли оқимларнинг (хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар,  муржиийлар) ўзаро олиб борган баҳс-мунозаралари ва ғайридинлардан маздаизм ва насронийларнинг ҳам юқоридаги оқимлар билан бўлган тортишувлари натижасида шаклланиб ривожланган. Калом илми билан машғул бўлган диний уламолар “мутакаллим” деб аталган. Мутакаллимлар ақидавий масалаларни ечишда нақлий далиллар билан бир қаторда ўз тафаккурлари, яъни ақл-идрокларига ҳам суяниб иш тутганлар. Нақлий далилларни келтирганда ҳам Қуръонни шарҳлар эканлар уни ўзгача тарзда тафсир қилганлар. Мутакаллимларнинг Қуръонни бундай шаклда шарҳлашларини баъзи уламолар тафсирнинг «ат-Тафсир бир-раъй» туридан ҳисоблаб, уни тафсир деб атаса бўлади, деган фикрга келганлар. Аммо аксарият салаф уламолари Қуръонни бу шаклдаги шарҳини тафсир деб аташ нотўғри, балки уни «таъвил» деб аташ керак деган фикрни билдирганлар. Калом илмига оид масалаларни биз дастлаб ал-Жаъд ибн Дирҳам (125-743 й.)нинг ижодида учратишимиз мумкин. Ал-Жаъд биринчилардан бўлиб Қуръоннинг вақти-вақти билан яратилган (махлуқ) деган концепция, ҳамда инсонда ирода эркинлиги каби масалаларни илгари сурган. Унинг фикр-мулоҳазаларини шогирди Жаҳм ибн Саффон ас-Самарқандий (в.745 й.) давом эттирган. Жаҳм ибн Саффон ас-Самарқандий кейинчалик «жаҳмия» оқимига асос солган.

ТИИ МСБ талабаси Саитхонов Саидамирхон