Д Е Ҳ Қ О Н Ч И Л И К Ф А З И Л А Т Л И А М А Л Д И Р

884

Ҳар куни умр дафтаримизнинг янги бир саҳифаси очилгани каби, атроф оламнинг сурати ҳам ҳар куни янгиланади, Бу янгиланиш инсонни изланишга, тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами инсонга ато қилинган улуғ неъматдир. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, Ватанимиз тупроғи серунум. Суви чучук, боғлари серҳосил. Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати билан инсонни ер юзидаги ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсаларни ҳал этди. Деҳқончилик бизга аждодларимиздан мерос. Ҳақ таоло ҳаёт асоси бўлган сувни осмондан нозил қилди ва у орқали ҳамма жонзот ва наботатга ҳаёт берди. Парвардигор инсонларга бу дунёда турли неъматларни берган. Инсон ушбу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим. «Пок юртнинг наботати Роббининг изми ила чиқадир» («Аъроф» сураси, 58 оят).
Деҳқончилик ва зироат фазилатли амал ҳисобланади. Инсон ўз ризқига бефарқ бўлиши мумкин эмас. Ҳозир баҳор фасли. Она диёримизда яшовчи инсонлар ҳаётининг равонлигини таъминловчи асосий мезонларидан бири деҳқончилик, зироатдир. Ҳозир мамлакатимизнинг қайси жойига борманг, ҳамма кўчат экиш, ободонлаштириш билан банд. Деҳқонлар ўзларининг ҳалолпок, машаққатли меҳнатлари билан юртимиз бойлигига бойлик қўшадилар. Халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларини дастурхонларимизга етказиб берадилар. Айтиш жоизки, деҳқондан барча манфаат олади. Шу ўринда, юртбошимизнинг қуйидати сўзлари катта эътиборга лойиқ: «Халқимизнинг ризқу рўзи, аввало, далаларимизда заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилган маҳсулотлар, озиқ – овқат ва нозунеъматлар билан ўлчанади» Халқимизда «Хамал кирди амал кирди» деган нақл бор. Табиийки, деҳқончилик қилиш учун ойларни яхши билишлик зарур. Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Маълумки, Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Экин экиш, ерга уруғ қадаш, умуман, зироат ишлари бошланадиган кун. Ариқлар қазиш, янги ерларни ўзлаштириш, боғуроғлар барпо қилиш кўриладиган кун ҳисобланади. Бу кунларда Аллоҳнинг изми билан осмон дан раҳмат сувлари ёғилади. Бу сувлар табаррук ҳисобланади. Оби раҳмат ёмғиридан бир томчиси Садафдор (Ракушка) оғзига тушса ундан нур пайдо бўлади, оғзига икки томчи олса, ундан кичик марварид пайдо бўлади. Деҳқончилик бунёдкорлик, эзгулик, яшариш каби умумбашъарий ғояларни ифода этади. Истиқлол туфайли юксалиб бораётган юртимизга беҳисоб ризқу рўз инъом этувчи деҳқонларимизнинг ишларига омад ёр, деҳқончиликлари файзу барокатли бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Санатбек Турсунов

Андижон туман

“Усмони Зиннурайн”

жоме масжиди имом-хатиби