Муносиб жуфти ҳалол танлашда Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.


 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дийни учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Оқила, зукко, фаҳм-фаросатли ва дину диёнатли аёл оилда фарзанд тарбияси муҳим ўрин тутишини ҳис қилади, эрининг мол-мулкини кўз қорачиғидай асрайди, эрининг борида ҳам, йўғида ҳам ҳурматини жойига қўяди, хонадонини ораста тутади, кийим-кечакларни ювганда, таом ҳамд турли хил егуликлар тайёлашда тақвога ўта маҳкам амал қилади.
Ривоят қилинишича, бир аёлнинг эри кундузида юлдузларни кўрадиган даражга етишган экан. Эр ўзидан мағрурланиб, “Эй хотин кундузи юлдуз кўрадиган эринг бора фахрланмайсанми?” дерди. Шунда аёли, “Дадаси, сизни кундузи юлдуз кўришингизда мени ҳам ҳиссам жуда катта” деб қўярди одоб билан. Шунда эр, “Йўқ, мен ўзи шундай зуккоман”, деди.
Аёли доимгидай одатини (тақвоси) тарк қила бошлабди, қилаётган ишларини ихлоссиз қилар, ҳатто “бисмиллаҳ”ни айтмай қўйди. Бу аснода эрида ҳам ажиб ишлар рўй бериб, кундузи юлдуз кўрадиган одам бора-бора куппа-кундуз куни қоқиниб, йиқиладиган бўлиб қолди. Унинг зукколиги, кўзининг ўткирлигидан асар ҳам қолмади. Охир-оқибат эр қилган иши, айтган сўзидан пушаймон бўлиб, аёлидан кечирим сўраб, аввалги гўзал одатига қайтишни сўради. Аёли ҳам бу орада яна тақвога олдингидай маҳкам амал қила бошлади. Эр яна кундузи юлдуз кўрадиган бўлди.
Қиссадан ҳисса шуки, оилада аёлнинг покиза, солиҳа ва яхшиликка ошно бўлиши, нафақат ўзи балки бутун оиласининг хайру баракотига сабаб бўлади. Ана шундай гўзал хулқ соҳибаси бўлмиш аёлга ноил бўлган ҳар бир эркак унинг қадрига етмоғи, уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуларини жойига қўймоғи лозим бўлади.

Отабек домла Ҳусанов,
Олтинкўл туман “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.