Яратганга беадад шукроналаримиз бўлсинки, истиқлол шарофати ила жаннатмакон диёримизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Юртимиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади.
Афсуски, Аллоҳ берган ушбу неъматлардан фойдаланиб туриб, ношукрчилик қилаётган, душманларимиз ноғорасига ўйнаётган, яшаб-ўсган юртига тош отадиган шахслар ҳам ораларимизда йўқ эмас.
Ҳозирги кунда инсонларни туғилиб-ўсган ватанига нисбатан хиёнат қилишга ва мусулмонларни ўртасида ихтилоф ва бўлинишга тарғиб қилаётган бузғунчи оқимлар жуда кўп.
Ана шундай оқимлардан бири Сохта салафийчилар ҳақида сизларга тушунча бериб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Сохта салафийлик ислом динидаги аҳком ва фатволарни ҳар-бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва мусулмон мамлакатларида тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар-бир замон ва маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан буён Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.
Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз (а.с.) замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар яъни “аввал яшаб ўтганлар” деган маъно тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеъин ва табаа тобеъин, яъни илк мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафийлар” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Сохта салафийлик оқими шаклланишининг тарихий илдизлари аслида илк ислом давридаги ижтимоий-маънавий муҳит билан боғлиқдир. Хусусан, 8-аср охири ва 9-аср бошларида “Қуръоннинг яратилганлиги” ҳақидаги ғояни байроқ қилиб олган мўътазила оқими вужудга келган эди. Бундай фикрларга қарши кескин кураш ўз навбатида “салаф солиҳ”лар анъанасига қайтиш ҳақидаги ғояларнинг кун тартибига қўйилишига олиб келди ҳамда сохта салафийлик ҳаракати шаклланишига замин яратди. Бироқ ҳали бу даврда ушбу ҳаракат назарий асосга эга эмас эди.
Сохта салафийликнинг зарур ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий асосларга эга бўлиши суриялик Ибн Таймия (1263-1328) фаолияти билан боғлиқ. У умри давомида ўзининг агрессив қарашлари сабабли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326-йилларда) қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган. Мазкур шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этадилар.
Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннага асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди. Унинг “давлатни шариат асосида бошқармаётган ҳукмдорга қарши жиҳод эълон қилиш мумкин” деган сохта қарашлари, бу борада эълон қилган “фатво”лари Ислом ғоялари билан ниқобланган радикал сиёсий оқимнинг шаклланишига замин яратди.
Сохта салафийларнинг динимиз асосларини бузишда изчил эканликларини алоҳида қайд этиш лозим. Ибн Таймия томонидан ўйлаб топилган тавҳиднинг иккига бўлиниши ҳақидаги қарашлар ислом асосларини бузишда илк қадам бўлган эди, дейиш мумкин. Яъни “Рабб (Парвардигор) – Яратувчи (“тавҳид-рубубият”), Илоҳ (Худо) эса мусулмонларнинг ибодат қилиши ва сиғиниши лозим бўлган Зот (“тавҳид-улуҳият”) деган тамойилда ўз аксини топган бундай ёндашувдан Парвардигор бошқа, Худо бошқа зот экани ҳақида хулоса келиб чиқади.
Қайд этилган мулоҳазалар “Тавҳид-улуҳият” тамойили энг аввало, ислом шариати жоиз деб билган Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳамда саҳобалар ва азиз-авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш каби амалларини бажарадиганларни куфр ва ширкда айблайди.
Ўзларини асл ислом тарафдорлари деб биладиган сохта салафийлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини бузиш билан кифояланиб қолмай, ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қабрларини вайрон қилишга ҳам уриниб кўришган эди. Қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади, деган даъволар остида бундай ҳаракатларни содир этган сохта салафийлар кейинчалик ушбу масалада янада чуқурлашиб кетдилар. Уларнинг “Қабристонга бориш куфр. Бу куфр эса бутпарастларнинг куфридан ҳам қўрқинчлироқ”,-деган қарашларни илгари сургани бунга мисол бўла олади.
Сохта салафийларнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналарини кофирликда айблашларида ҳам яққол кўринади. Уларга кўра Расулуллоҳ(с.а.в.) нинг ота-онаси гўёки мусулмон ҳолатда вафот этмаган. Уларнинг бундай ғайриисломий ёндашуви “нубувват”, яъни (пайғамбарлик) Мухаммад Пайғамбарнинг ўзида, унинг сўзи ва амалида намоён бўлган, деган хулосага олиб келади. У зотнинг танаси, яъни жисмидан эса фойда йўқ. Чунки бу тана унинг мушрик ота-онасининг бир бўлагидир. Пайғамбар ўлди, унинг жасадидан фойда йўқ. Шу боисдан унинг қабри зиёратидан ва тавассул қилишдан маъно йўқ ҳамда ўтганларни ҳаққига қуръон ўқиб бағишлаш, мумкин эмас деган сохта қарашларга асосланишади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салом бериш ва У зотни қабрларини зиёрат қилиш бахт ва саодатдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари ҳадиси шарифларида вафотларидан кейин қабрларини зиёрат қилувчи умматларга шундай дея марҳамат қилганлар: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан” (Имом Абу Довуд ва Байҳақийлар ривояти). Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа ҳадисда: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, -дедилар” (Қози Иёз ривояти).
Ваҳоланки, барча диний манбаларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аждодлари ҳурматга сазовор ва юксак фазилатга эга инсонлар бўлганлиги қайд этилган. Ҳадисларда ҳам у зотнинг насл-насаби Исмоил (а.с.)га бориб тақалиши хусусида маълумотлар бор. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алйҳининг “Фиқҳул акбар” номли китобида таъкидланганидек: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ота-оналари ислом фитрати, яъни исломий табиатда вафот этганлар”.
Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийишликни ҳам имонсизлик деб ҳисоблашади.
Секуляризм (дунёвийлик) ва давлатнинг демократик тамойилларини қоралаш, инкор қилиш ҳамда давлат тўнтаришини амалга ошириш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш сохта салафийларнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Ҳозирги кунда ҳам сохта салафийлар томонидан эътироф этилган мазҳабларнинг тан олинмаётгани, бадмазҳабликни ёқлаб, мазҳабсизликни ёқлаши уларнинг: “Мазҳаблар турли ихтилофларга замин яратиб, мусулмонларнинг бирлигини бузмоқда”,-деган сохта даъволари ҳам уларнинг асл моҳиятини яққол намоён этади. Зеро, бундай иддаолари билан улар диний бирлик ва ақидавий якдилликка ҳам раҳна солмоқда.
Сохта салафийлар ўз ғояларини ёйишда яширин “ҳужралар” тизими фаолиятини кучайтириш, унда, асосан, ёшларни диний илмларни ўқитиш ва уларга “халифалик”, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғояларини бузиб талқин қилган ҳолда сингдириш орқали янги “жамоат”ларни тузишга асосий эътиборини қаратишмоқда.
Бугунги кунда ушбу бузғунчи оқимлар ҳалқаро террорчи ташкилотлар билан узвий алоқада экани ва уларнинг фаолияти “ал-Қоида” томонидан молиялаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ўтган йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бир қатор террорчиликларнинг амалга оширилгани ҳар-бир фуқарода ҳушёрликни, огоҳликни оширишни талаб этмоқда.
Хонобод шаҳар бош имоми: М.Рахимов