Бу дунё – синовли дунё. Аллоҳ таоло бандаларни турли йўллар билан синаб имтиҳон қилади. Қайси бир банда имтиҳон пайтида Аллоҳ таолони унутмаса, шариат аҳкомларига амал қилса, ютуқ ану ўшаникидир.
Аллоҳ таоло бандаларини синаб, имтиҳон қилиши ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар беради:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ * أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ *
Яъни: “Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара. 155-157)
Дунёни ташвишга солиб, бутун инсониятнинг тинчини бузган тождор вирус ҳам бир синовдир. Бундай пайтда мўмин киши ортиқча ваҳима қилиб юбориши ҳам, бепарволик билан лоқайдлик қилиши ҳам тўғри эмас. Балки ақлу-заковат билан иш қилиш керак.
Дунё кўрсаткичларига қараганда Республикамиздаги ҳолат анчагина меъёрда, ҳатто анчагина яхши ҳам. Бироқ бу дегани биздан масъулиятни олмаслиги керак, балки, борига барҳам бериш учун бор имкониятларни қўллаш керак.
Аввало Аллоҳ таолодан сўраб, тазарруъ қилиш, дуолар қилиш, кейин эса ҳар ким ўз вазифасини адо қилиши тўғри бўлади.
Тақдирдан қочиб қутула олмаймиз, бунга имон келтирганмиз. Лекин тадорик қилиш ҳам бизнинг вазифамиз. Ахир, ажалим етмаган бўлса ўлмайман, деб ўзимизни поезднинг тагига ташласак, ғирт аҳмоқлик қилган бўламиз-ку!
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
“Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу муҳожир ва ансорлардан иборат катта саҳобалар жамоаси билан Мадинадан Шомга сафар қилди. Шомга яқин “Сурғ” қишлоғида уларнинг йўлига ўша даврдаги Шом амири Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзининг мулозимлари билан пешвоз чиқди ва халифа Умар розияллоҳу анҳуга Шомда катта ўлат тарқагани ҳақида хабар берди.
Бу хабарни эшитгач Халифа менга:
“Дастлабки муҳожирларни менинг хузуримга чорла” – деди.
Мен уларни чақириб келдим. Ҳазрати Умар уларга Шомда вабо тарқаганини айтиб, шаҳарга кириш ё кирмай қайтиб кетиш масаласида кенгашди. Улардан ҳар хил фикр чиқди. Баъзилари: “Биз йўлга мақсадсиз чиқмаганмиз, шундай экан ишни битирмагунча орқага қайтмаймиз. Шаҳарга кирамиз” деди. Бошқалари эса: “Эй Умар, сен битта ўзинг эмассан. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг саҳобалари ва яна бошқа бир қанча одамлар бор. Уларнинг ҳаётини хавфга қўйишингдан маъно йўқ. Биз шаҳарга кирмасдан қайтиб кетишни маслаҳат берамиз” – дейишди”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кейин ансорлар, Фатҳ муҳожирлари билан ҳам маслаҳатлашиб, ортга қайтишга буюрди.
Худди шу пайт шомликлар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу халифа Умарга:
“Аллоҳнинг тақдиридан қочмоқчимисан?!” – деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
“Қани энди шу гапни сендан бошқаси айтганида эди”, – деди.
Умар Абу Убайданинг унга мухолиф қарашда бўлишини истамаган эди. Кейин унга:
“Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз! Эй Абу Убайда, тасаввур қил: Сенинг бир сурув туяларинг бор ва уларни бир водийга ҳайдаб бординг. Водийнинг икки тарафи бўлиб, бир тарафи ҳосилдор ўтлоқ иккинчи тарафи эса қуриб қақшаган ер. Шунда сен туяларингни қуриб қақшаган ерда боқсанг Аллоҳнинг тақдири-ю, унумдор ўтлоқда боқсанг Аллоҳнинг тақдиридан ташқари бўладими?!” – деди.
Худди шу пайт Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу келиб қолди. У четроққа ўз ҳожати учун кетган бўлиб, бу можаролардан хабарсиз эди. Келиб ҳолатни билди ва шундай деди:
“Тўхтанглар! Менда бу муаммога ечим бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот шундай дегандилар: “Бирор жойда вабо борлигини эшитсанглар ҳаргиз у ерга борманглар! Агар сизлар бор жойга вабо келса, ундан асло қочиб чиқиб кетманглар!”.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг бу ривоятини эшитган Халифа Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва одамларни орқасига қайтариб Мадинага йўл олдилар. (Имом Бухорий, Муслим, Моликлар ривояти. Ибн Ҳажар Асқалоний. “Базл ул-маъун фи фазлит-таъун”)
Шундай улуғ саҳобийлар ҳам бундай пайтда оқилона иш тутдилар. Улар бизлар учун ибрат манбасидир. Биз ҳам бугунги кун талабларига амал қилайлик, шоядки, пандемия тезроқ кўтарилса.
Турсунали Норбўтаев,
Асака туманидаги “Мирзо Шариф”
жоме масжиди мутаваллиси